Линклар

Шошилинч хабар
30 июн 2022, Тошкент вақти: 05:45

Украина ҳукумат сайтлари йирик киберҳужумга учради


Украинанинг ҳукуматга оид интернет-ресурслари 23 февраль куни оқшом вақти ялпи киберҳужумга учради. Москва вақти билан кечки соат 6 да Олий Рада, Вазирлар маҳкамаси, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги сайтлари очилмаётган эди. Мамлакат расмийлари бу хусусда изоҳ беришганича йўқ.

Аввалроқ Ғарбнинг бир неча мамлакати разведка маълумотларига кўра, Россия армиясининг Украина ҳудудига кенг кўламда бостириб кириши айнан мамлакат ҳукумати сайтларига қарши ялпи киберҳужумлар билан бошланиши хабар қилинган эди.

Тажовузнинг эҳтимолий саналаридан бири ўлароқ кўрсатилган 15 февраль куни ҳукуматга қарашли бир неча сайт, жумладан Украина Мудофаа вазири сайти, шунингдек Украинадаги қатор муҳим банкларнинг интернет-ресурслари киберҳужумларга йўлиққан эди. Хусусан, Мудофаа вазирлиги сайти кун бўйи очилмади.

23 февраль, чоршанба куни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши Олий Рададан зудлик билан Донецк ва Луганск вилоятларидан ташқари бутун мамлакат ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этишни илтимос қилди. Шунингдек, мамлакатда захирадаги ҳарбийларни хизматга чақириш бошланди.

Ўз навбатида Украина Хавфсизлик хизмати Россия қўшинларининг Харьков вилояти билан чегара яқинида ҳаракат қилаётгани ва манёврлар ўтказаётгани қайд этилганини билдирди. Махсус хизмат маълумотига кўра, Россия ушбу ҳудудда ҳарбий кучларини оширмоқда.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларни Россияга сафар қилишдан тийилишга, Россияда бўлиб турганларга эса унинг ҳудудини дарҳол тарк этишга чақирди.

Украина ҳукумати Россия Донбасснинг бўлгинчилар назоратидаги ҳудудларига қўшин киритишга қарор қилиши, шунингдек Москва томонидан “ДХР” ва “ЛХР”нинг мустақил давлатлар ўлароқ тан олиниши манзарасида юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларни кўришга мажбур бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG