Линклар

Шошилинч хабар
23 май 2022, Тошкент вақти: 06:27

Пентагон: "Москва" крейсери Украинанинг ракета зарбаларидан кейин сувга чўккан


"Москва" крейсери.

Россия Қора денгиз флотининг флагмани “Москва” ракета крейсери 14 апрель куни Украинанинг иккита ракетаси билан урилганидан кейин чўкиб кетган.

Бу ҳақда жума куни анонимлик шарти билан АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали мулозими маълум қилди.

АҚШ вакилининг сўзларига кўра, гап "Нептун" кемага қарши ракеталаридан берилган зарбалар ҳақида кетмоқда.

Ракета ҳужуми ва кейинчалик кема чўкиши оқибатида экипаж аъзолари орасида йўқотишлар бўлган, бироқ Пентагон мулозими ҳозирча қанча денгизчи ҳалок бўлганини аниқ билмайди.

Украина томони 13 апрель оқшомида "Москва"га ракета ҳужуми ва кема бортида ёнғин рўй бергани ҳақида хабар берди.

14 апрелга ўтар кечаси Россия Мудофаа вазирлиги ёнғин фактини тан олди. Шу куни тушдан кейин Пентагон ҳам, Россия томони ҳам крейсер сувда бўлганини маълум қилди.

Аммо бир неча соат ўтгач, Россия Мудофаа вазирлиги бўронли ҳавода портга олиб кетилаётганда крейсер чўкиб кетганини маълум қилди.

Россия ёнғин сабаблари ҳақида маълумот бермади.

Россия Мудофаа вазирлиги бир неча юз кишидан иборат экипаж аъзолари - бошқа кемаларга эвакуация қилинганини даъво қилмоқда.

“ТАСС” шанба куни манбаларга таяниб, “Москва” денгизчилари Севастополга етказилгани ҳақида хабар берганди.

Бироқ, буни қўллаб-қувватлайдиган фотосуратлар ёки видеолар мавжуд эмас.

Шанба куни Россия босиб қолган Севастополь шаҳрида "Москва" крейсери билан видолашув маросими бўлди.

XS
SM
MD
LG