Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2022, Тошкент вақти: 03:46

Украинадаги уруш мигрантларнинг Россия паспортига ҳавасини сўндирмоқда


Иллюстратив сурат.

Россия Украинага ҳужум қилган 24 февралдан бошлаб Россия фуқаролиги ортиқ тожик меҳнат мигрантлари учун орзу бўлмай қолди. Россияда ишлаётган ёки у ерга бориш истагида юрган мигрантлар ҳам, тожик сиёсатшунослари ҳам шу фикрдалар.

Уруш бошлангунча вазият бунинг тамоман акси эди. Россия Федерацияси ИИВ маълумотига кўра, Тожикистон Россия паспортини олган фуқаролари салмоғи бўйича Украинадан кейин иккинчи ўринда бўлган: ўтган 2021 йилнинг ўзида 103 мингдан зиёд тожикистонлик РФ фуқаролигига ўтган. Сўнгги беш йилда эса 300 мингдан ортиқ киши тожик паспортини Россия паспортига алмаштирган.

Аксар тожикистонликларга Россия фуқаролиги – бюрократик масалаларни ҳал қилиш ва Россияда ишга жойлашиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга пул тўламаслик учун зарур эди. Уларнинг кўпчилиги Россияга доимий яшаш учун кўчиб боришга, айниқса оилаларини олиб кетишга ошиқмасди.

“Настояшчее время” мухбири Душанбе турғунларидан уларда Россия паспорти ёки уни олиш истаги бор ёки йўқлиги, Россия фуқаролиги уларга нимага зарурлиги ҳақида сўради.

Мана душанбеликларнинг жавоблари:

“Патентга, регистрацияга харажат қилмаслик учун”, дангал тан олди саволга тутилган бир эркак.

“Эртага Россияга учиб кетяпман. Ҳужжатларни расмийлаштиришга ўттиз минг рубл сарфлашим керак. Россия фуқароси бўлганимда бунақа чиқимларга ҳожат қолмасди”, дейди яна бири.

“Фуқаролик иш юзасидан зарур – ҳужжатларга пул сарфламаслик учун”, дея олдинги фикрларни такрорлайди учинчи душанбелик.

“Менимча, фуқароликка ўтишга интилишимизнинг асосий сабаби бу бизнинг яхшироқ турмуш шароитига эга бўлиш истагимиз бўлса керак”, дейди сўралган навбатдаги киши.

“Менга эса Россия паспорти керак эмас. Аслида унинг айтарли қиймати йўқ. Россия расмий идоралари хоҳлаган пайтларида сизни фуқароликдан маҳрум этиши мумкин”, дейди яна бири.

Тожикистонлик сиёсий шарҳловчи Абдумалик Қодиров Россия паспортига талабгорлар камайишининг иқтисодий ва сиёсий сабаблари мавжудлигини айтади. Бироқ энг асосий сабаб, унинг фикрича, Россия Украинада бошлаган уруш ва бунинг ортидан Кремлга қарши жорий этилган санкциялардир. Хусусан, санкциялар рубл курсини тушириб юбориб, иқтисодиётда катта муаммоларни вужудга келтирди.

“Ҳозир Россияда ишлаб пул топиш осон эмас. Иш ўринлари камайиб кетди, Россия ҳукумати эса биринчи галда ўз фуқароларини иш билан таъминлашга ҳаракат қилади. Бу битта сабаб. Иккинчиси – Украина билан уруш: фуқароликка потенциал талабгорлар урушга боришдан қўрқишади, албатта. Қолаверса, Жириновский ўлиб кетган бўлса ҳам Сергей Миронов ва унга ўхшаган бошқа сиёсатчилар тожикистонликларни фуқароликка қабул қилмасликка чақириб ётишибди”, изоҳ беради Қодиров.

Россия Давлат Думаси 5 апрелдан эътиборан чет элликлар, жумладан тожикистонликлар учун РФ фуқаролигига ўтиш тартиб-таомилларини соддалаштирди. Аммо, сиёсатшунос Абдумалик Қодиров фикрича, энди бу тожикистонликлар назарида Россия паспорти жобизасини ошира олмайди.

XS
SM
MD
LG