Зеленский: Россиянинг ягона умиди Украинани энергиядан маҳрум қилиб, бўйсундириш
Россия Украинага ҳаводан зарба беришда давом этяпти. Россиянинг ягона умиди Украинани энергиядан маҳрум қилиб, устунликка эришиш, деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида:
"Россия ўзининг бу террор тактикасидан воз кечмаган. Оммавий ракета зарбалари берилмаëтганининг сабаби шунчаки душман янги ҳужумларга тайёргарлик кўрмоқда. Ҳаво ҳужумлари исталган вақтда бўлиши мумкин. Россия ҳали ҳам Украинани электр энергиясиядан маҳрум қилиб, устунликка эришмоқчи. Бу террорчиларнинг охирги умиди”.
Кеча Украина бош штаби Россия армияси ракеталар, артиллерия ҳамда дронлар ёрдамида Украина шарқи ва жанубидаги нишонларга зарба берганини хабар берди.
Владимир Зеленский G7 йиғилишида онлайн чиқиш қилди. Зеленский Россия босқинига қарши замонавий танклар, артиллерия ва узоқ масофали ракеталар зарурлигини таъкидлади. Катта “еттилик гуруҳи” “Украинанинг мазкур шошилинч талабларини қондиришга” ваъда берди.
Зеленский, шунингдек, G7 етакчиларидан Украинадаги жорий энергия тақчиллиги даврида Киевга қўшимча 2 миллиард куб метр табиий газ етказиб беришни сўради. Россиянинг Украина энергия иншоотларига навбатдаги зарбаларидан сўнг миллионлаб одамлар совуқда элeктрсиз қолмоқда.
Донецкнинг Россия босиб олган ҳудудлари раҳбарининг билдиришича, ҳозирда минтақанинг 50 фоизи Москва назорати остида
Донецк Халқ Республикаси деб аталган ҳудуд Украинанинг тўрт вилоятидан бири бўлиб, Москва сентябрь ойида бу ҳудудни “сохта” референдум орқали Россияга қўшиб олган эди.
"Донецк Халқ Республикаси ҳудудининг 50% дан ортиқ қисми озод қилинди", деди Донецкнинг Россия томонидан тайинланган раҳбари Денис Пушилин:
"Агар озод қилинган аҳоли ҳудудларига тўхталадиган бўлсак, рақамлар анча катта. Озод қилинган ҳудудлар аҳолиси озод қилинмаган ҳудудларникидан анча кўп. Бироқ бизнинг асосий мақсадимиз Донецк Халқ Республикасининг конституциявий чегараларига кирувчи бутун ҳудудини озод қилиш. Бизнинг қўшинларимиз буни имкон қадар тезроқ амалга ошириш учун қўлидан келганча ҳаракат қилмоқда”.
Рейтерс Денис Пушилин келтирган маълумотни мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Минтақада шиддатли жанглар давом этар экан, Донецкнинг Россия ва Украина назоратидаги қисмлари аниқ эмас.
Россия мудофаа вазирлиги Донецкади Украина позицияларига ҳужум натижасида 30 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилар экан, босқичма-босқич олға силжиётганини даъво қилди.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби Россия Бахмут ва Авдиевкани қўлга киритиш учун саъй-ҳаракатларни давом эттираётганини маълум қилди.
Жозеп Боррелл бу ҳафта Россияга нисбатан янги санкциялар кутилаётганини билдирди
Европа Иттифоқи давлатлари ҳали Россияга қарши санкцияларнинг тўққизинчи пакети бўйича келишиб олгани йўқ, деди Eвропа Иттифоқнинг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррел.
“Вазирлар ўртасида ҳали келишув бўлмади. Бироқ бу ҳафтада келишувга эришилади деб умид қиламан”, деди Жозеп Боррел.
Жозеп Боррел, EИ ташқи сиёсат бўйича раҳбари:
"Биз Украинага қарши тажовузни кучайтиргани учун Россияга тўққизинчи санкциялар пакети киритишни муҳокама қилдик. Аммо бу ҳақда кейинроқ батафсил маълумот берамиз. Путин украин халқини бўйсундиришга уринаётгани аниқ. У миллионлаб украиналикларни атайлаб сув, элэктр ва иссиқликдан маҳрум қилиш орқали бунга эришмоқчи. Миллионлаб одамларни қиш қаҳратонида совуқ ва зулматга дучор қилиш ҳарбий жиноят. Бу уруш жинояти”.
Боррел аввалги киритилган “санкциялар иш бераётганини таъкидлаб, бизнинг санкцияларимиз туфайли Путин Украинада ўз мақсадига эриша олмади” дея қўшимча қилди.
Жозеп Боррелл шунингдек, Эрон халқини қўллаб-қувватлашини яна бир бор билдирган ҳолда, "ўлим жазосини намойишчиларни бостириш қуроли сифатида қўллаш “қабул қилиб бўлмайдиган” деб атади.
Россиялик тарихчи: Россиянинг қулаши ягона бенефициари Украина эмас, Хитой бўлади
Россиялик тарихчи, Европа фалсафаси тарихи, дин тарихи ва Россиянинг қиёсий тарихи бўйича мутахассис Андрей Зубов, дунё ҳамжамиятини Россия парчаланишини кутмасликка чақирди.
“Россиянинг қулаши бутун дунёга ташвиш келтиради: бунинг ягона бенефициари Украина эмас, Хитой бўлади”, дейди у.
Путиннинг мунаққиди ўлароқ танилган Зубов ҳозирда Чехиянинг Брно шаҳрида яшайди ва Масарик номидаги университетда дарс беради.
“Энг яхши вариант бу – урушни ҳозироқ тугатиш. Агарда Ҳитлер урушни, дейлик, 1943 йил бошларида тугатганида иқтидорда қолиш имкони бўларди. Лекин у 1945 йилда пешонасидан ўқ еб, урушни тугатди. Қайсарлик оқибати. Путиннинг қайсарлиги ҳам наинки ўзига, бутун дунёга жуда қимматга тушади.
Биринчи вариант - мен бунга урушнинг илк кунларидан бошлаб умид қилгандим - Путин Украинада мағлубиятга учраши билан Россия элитаси унинг омадсизлиги ва Россияни оғир аҳволга солганига ишонч ҳосил қилиб, ундан қутулиш пайига тушади, деб ўйловдим. Бироқ бунақа бўлиб чиқмади.
Иккинчи вариант. Ташқи дунёдаги ҳаётга ўрганган Россия элитаси узил-кесил ҳокимиятдан четлатилади – у ҳозирдаёқ анчагина чеккага чиқиб қолган, – ва КГБнинг ўрта бўғини иқтидорга келади. Бу одамларнинг чет элда катта бойликлари йўқ, бунга кўп қизиқишмайди ҳам. КГБнинг бу элитаси Путиннинг йўқ бўлишини истайди ва Ғарбга келишув таклиф қилади, аммо бошқа шартларда.
Иккала вариант ҳам назарий жиҳатдан бўлиши мумкин. Аммо иккинчи вариант жуда даҳшатли. Чунки ушбу тоифа ядровий қуролни ва ички вазият устидан назоратни қолиб, аҳолининг энг фаол қисмини хорижга қувиб юборгач жуда тажовузкор бўлади. Ва ўзини бир оз тиклаб олганидан сўнг Шимолий Корея каби ён-атрофидаги мамлакатларга даҳшат солишга киришади”, дейди Андрей Зубов.