Херсон ўққа тутилиши оқибатида 8 ёшли бола нобуд бўлди
Бу ҳақда Озодликнинг украин хизмати Херсон шаҳри мудофаа кучлари матбуот хизмати бошлиғи Дмитрий Плетенчукка таянган ҳолда хабар берди.
Мулозим аввалроқ шаҳар ўққа тутилганида уч нафар тинч фуқаро – икки аёл ва бир эркак ўлганини билдирган эди.
Чоршанба куни Россия армияси Херсоннинг турар-жой даҳаларига ва вилоят маъмурияти биносига яна бир карра ҳужум қилди.
Артиллерия зарбалари Россия қўшинлари шаҳардан чиқиб кетганидан бери тўхтагани йўқ.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби 14 декабрдаги хабарномасида Россия қўшинлари Бахмут ва Авдеевка йўналишларида ҳужум ҳаракатларини олиб бориш учун куч тўплашда давом этаётганини билдирди.
Телеграм-каналлар Россиянинг Бахмут остонасидаги марралари миномётлардан ўққа тутилгани акс этган видеоларни ёйинлади,
Озодлик эса бу жойлар Planet.com’нинг 14 декабрь куни сунъий йўлдошдан олинган тасвирларида қандай кўринишини намойиш этади.
Чехия Украинага олтита вагонда генератор ва иситиш мосламалари юборди
Кеча Прага темир йўл вокзалидан генератор ва иситгичлар ортилган олти вагондан иборат поезд йўлга чиқди. Жўнатма украиналикларга қаттиқ қишдан ўтиб олишлари учун кўмак сифатида юборилди
626 та дизель иситгич ва 18 та генератор Киев ва Николаевга жўнатилади, деди Прага мери Зденек Хриб.
"Киев Прага учун биродар шаҳар. Николаев шаҳри эса Россия армиясининг бомбардимонларидан вайрон бўлган. Шу сабабли биз Украинага ёрдам жўнатяпмиз", - деди Хриб.
Россия октябр ойидан бери Украинанинг энергетика ва иситиш тизимларига узоқ масофали ракеталар ва дронлар билан зарба бериб келяпти. Москва бундан мақсад Киевнинг ҳарбий салоҳиятини пасайтириш ва уни музокарага ундаш эканлигини иддао қилган.
Европа парламенти ноябрь ойи охирида “Умид генераторлари” кампаниясига старт берди. Европарламент Европанинг энг йирик шаҳарларини Украинадаги шифохоналар, мактаблар, сув таъминоти обектлари узлуксиз ишлашини таъминлаш учун генераторлар ва трансформаторлар ҳадя қилишга чақирди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украинага етказилган Ғарб қуроллари қонуний нишон эканлигини билдирди
Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Ғарб томонидан Украинага етказиб берилган барча ҳарбий техникалар Россия учун қонуний нишон дея таъкидлади.
“Ғарб томонидан Украинага етказиб берилаётган барча қуроллар Россия кучлари учун қонуний нишон сифатида йўқ қилиниши ёки тортиб олинишини эслатиб ўтмоқчимиз”, деди Захарова.
Вашингтон Украинага Патриот ракетага қарши мудофаа тизимини юборади. Бу борадаги тегишли қарор шу ҳафтада эълон қилиниши мумкин, дея маълум қилди АҚШ расмийси Рейтерс агентлигига.
Патриот АҚШнинг самолётларга, қанотли ракеталарга ва баллистик ракеталарга қарши энг илғор мудофаа тизимларидан бири ҳисобланади.
Мазкур ҳарбий техника радар ва бошқа ёрдамчи воситалар билан билан ҳам жиҳозланган.
Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Патриот тизимлари етказиб берилишини провокацион деб атаб, олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Украиналиклар Донецкни миналардан тозаламоқда
Украиналик сапёрлар гуруҳи Донецк вилоятидаги ҳудудни портламаган гранаталар, танкка қарши минглаб миналардан тозалади.
“Биздаги маълумотларга кўра, бу ерда 2000 дан ортиқ мина бор”, деди Олександр исмли сапёр:
“Бундай турдаги миналар Град, Ураган каби снарядлар билан қўлланмоқда. Миналар тебраниш детектори эга. Уни жойидан қўзгъатиш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам уларни зарарсизлантириш қийин. Биз бундай минани аниқлаганимизда, уни жойида йўқ қиламиз”.
Баъзи миналарни зарарсизлантиришнинг имкони бўлмагани боис, масофадан туриб портлатилди.
Миналар ва портламай қолган снарядлар ягона хавф эмас. Мина бўйича мутахассислар ёниб кетган ҳарбий техника ва ҳатто қолган жасадларга ҳам портловчи моддалар ўрнатилган бўлиши мумкинлигини билдирди.
Украина Экология ва табиий ресурслар вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатни мина ва портловчи моддалардан буткул тозалаш учун камида ўн йил керак бўлади.