Москвада мигрантлар Украинага қарши урушда қатнашиш учун шартнома тузишга чақирилмоқда
Москвада мигрантлар Украина билан урушда иштирок этиш учун шартнома имзолашга чақирилмоқда. Бу ҳақда Sota хабар берган. Нашр обуначилари “Вихино” метро бекатида тарқатилаётган варақаларни таҳририятга юборишган.
Хабарда айтилишича, варақа тарқатган одамлар “атай мигрантларни излашган ва уларнинг қайси мамлакат фуқароси эканини суриштиришган”. Таҳририят эълон қилган варақада Коллектис хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзо мамлакатларнинг 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган фуқароларига Россия армиясига хизматга кириш таклиф қилинади. Номзодларга камида 9 синф маълумотига эга бўлиш ва рус тилини билиш талаби қўйилган.
Варақада Россия армиясида хизмат қилишнинг “КХШТ доирасида Украина нацистларига қарши бирга курашиш”, “қимматли ҳарбий тажриба орттириш”, “Россия қаҳрамони бўлиш имконияти”, “маънан ўзаро яқин Россия халқларининг ришталарини тиклаш”, шунингдек “Буюк Россиянинг ҳамда биродар республикалар халқларининг уйғонишида бевосита иштирок этиш” каби афзалликлари борлиги айтилади.
Урушни ёқламайдиганлар ва Украинани қўллаб-қувватловчилар, шунингдек Россия армиясини “обрўсизлантирувчи” ролик ва постларни тарқатадиганлар номзод бўла олмайди.
Аввалроқ Россия қурилиш ширкатлари тожикистонлик мигрантларга Мариуполь шаҳридаги қурилишларда ишлаб, пул топишни таклиф қилган эди. Аммо у ерга ишга борган мигрантлар ваъда қилинган маошнинг ярми тўланаётганидан шикоят қилишди.
Шунингдек, Россия Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларидан Украина урушида фойдаланаётганига доир маълумотлар бор.
КХШТ Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан ташкил топган. Sota қайд этишича, Россия Украинага қарши уруш очилишига ташкилотнинг дахли йўқ.
Александр Лукашенко Россия армиясининг Беларус ҳудуди орқали Украинага бостириб киришига рухсат берган, қолаверса, мамлакат ҳудуди Украина шаҳарларига зарба бериш учун ҳам қўлланмоқда. Шу боисдан Беларусга ва унинг ҳукуматига қарши халқаро санкциялар жорий этилган.
Россия Белгород осмонида ҲАРМ ракеталари уриб туширилганини билдирди
Россия мудофаа вазирлиги Украина билан чегарадош Белгород вилоятида АҚШда ишлаб чиқарилган тўртта ҲАРМ ракеталари уриб туширилганини маълум қилди.
“Ўтган 24 соат ичида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Луганск Халқ Республикасининг Милуватка, Плошчанка, Нижния Дуванка, Донецк Халқ Республикасининг Волноваха, Николаевка, Запорожье вилоятидаги Приютне ҳамда Херсон вилоятидаги Кайри аҳоли пунктлари ҳудудида Украинага тегишли саккизта дронларни уриб туширди. Шунингдек, Белгород вилояти ҳаво ҳудудида АҚШда ишлаб чиқарилган тўртта ҲАРМ антирадар ракеталари уриб туширилди”, дедиРоссия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков.
Вилоят губернатори Украина қўшинларининг ўққа тутиши оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ва бир неча киши яралангани ҳақида хабар қилди.
Киев аҳолиси душанба куни портлаш садолари билан уйғонди
Россия бугун эрта тонгдан ўнлаб “камикадзе” дронлари билан Киевдаги энергия иншоотларига ҳужум қилди. Бу бир ҳафта ичидаги Москванинг Киевга амалга оширган учинчи ҳаво ҳужуми бўлди.
“Ташқарини фақат ошхона деразасидан кузатаман. Ҳеч қаерга чиқмаяпман. Юмшоқ қилиб айтганда лаънати “катсаплар” (руслар), йўқ бўлсин дейман”, дейди шаҳар турғуни Ирина.
Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ёрдамида 35 та дрондан 30 тасини уриб туширганини маълум қилди. Россия октябрь ойидан бери Украина элeктр тармоғини нишонга олиб келади.
"Путин ўлади. Уларнинг ҳаммаси ўлади. Биз улардан узоқроқ яшаймиз. Ҳамма нарсани қайта тиклаймиз, узоқ ва фаровон яшаймиз", дейди шаҳар турғуни Владимир.
"Камикадзе" дронлари бир марталик фойдаланиладиган арзон учувчисиз қурилмалар бўлиб, улар тезликда нишон томон пасайиб, нишон билан тўқнашувдан олдин портлайди.
Киев расмийларига кўра, 23 та дрондан 18 таси уриб туширилган.
Украина ҳарбийлари дронлар Азов денгизининг шарқий соҳилидан учирилгани ва Эронда ишлаб чиқарилган Шаҳед дронлари эканини таъкидлади.
Бахмутда жанглар давом этмоқда
Дрондан олинган тасвирларда Украинанинг Бахмут шаҳрида жанглар кетаётганини кўриш мумкин
Олинган видеода вайрон бўлган бинолар ва портлашлар акс этган. Видеода Россия "артиллерия ва миномётлар билан фуқаролик инфратузилмасини вайрон қилаётгани” айтилган.
Рейтерс видеонинг жойлашувини тасдиқлашга муваффақ бўлди. Бироқ, видео тасвирга олинган санани мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Бахмут сўнгги ҳафталарда яна шиддатли жанглар марказига айланди.
Ҳарбий экспертларнинг таъкидлашича, шаҳар иккала томон учун ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлмасада, сўнгги кунларда Россия армияси, жумладан, Вагнер гуруҳи жангчилари шаҳарни бомбардимон қилишни кучайтирган.
Бахмут шаҳрида кучли портлашлар содир бўлаётган бир пайтда одамлар озиқ-овқат ва кийим-кечак сотиб олиш учун кўчага чиқишга мажбур.
“Нархлар осмон. Нафақамиз ҳеч нарсага етмайди. Ҳозир уйимга ҳеч нима қилмаганми ёки йўқ билмайман. Ҳар кун шунақа доимий қўрқув билан ўтади, - дейди Галина исмли украиналик аёл.
Маҳаллий ёнғин хизмати маълумотларига кўра, Россия бир хил позицияларни қайта-қайта нишонга олаётганлиги боис, ёнғинларни бартараф этиш тобора қийинлашмоқда.
“Бу ерда қолган одамлар кўп эмас. Шунинг учун ёнғинлар сони камайганди. Аммо Россиянинг бомбардимонлари натижасида яна ёнғинлар кўпайди”, — деди Бахмут ўт ўчириш хизмати бошлиғининг ўринбосари.
Bилоят губернатори маълумотларига кўра, Бахмутда 12 мингдан камроқ аҳоли қолган.