“Роскосмос” собиқ раҳбари Рогозин Донбассда яраланди
“Роскосмос”нинг собиқ раҳбари, ҳозир Донбассда бўлиб турган ва Украинага қарши урушда иштирок этаётган Дмитрий Рогозин, 21 декабрь куни оқшом, Донецк шаҳри ўққа тутилиши натижасида жароҳатланиб, касалхонага ётқизилди.
Бу ҳақда Рогозиннинг ёрдамчисига ҳавола берган ҳолда ТАСС агентлиги хабар қилди.
“Донецк чеккасидаги меҳмонхона ўққа тутилди. Дмитрий Рогозин бошлиқ ҳарбий маслаҳатчилар сўнгги ойларда ўша ерда яшаб турган эди. Дмитрий Олегович яғринидан яраланди. Ҳозир касалхонада. Ҳаётига ҳеч нима таҳдид солаётгани йўқ”, деган у.
Рогозиннинг ўзи ҳам кейинроқ телеграм-каналида воқеа “тор доирада ва тинч вазиятда ўтказилаётган иш бўйича учрашув” чоғида рўй берганини маълум қилди.
“Биз сўнгги ойларда шу ерда яшаб турган эдик, 8 йил давомида душман бу ерни бир марта ҳам ўққа тутмаганди. Кимдир хабар қилган шекилли, соат 19.45 ларда аниқ нишонга урадиган бир неча снарядлар учиб келди. 120 ва 155 мм калибрли снарядлар.
Қаердан отилганини ва ким отганини тергов аниқлайди. Мен яраландим, ўнг курагимдан тепароққа 3х4 ўлчамли темир парчаси кириб қолди. Жарроҳлар амалиёт қилиб олиб ташлашади. Менга яқин бир неча киши ҳам жароҳатланган”, деб ёзди Рогозин.
Россия Мудофаа вазирлиги: Тинч аҳоли ўлими ҳақида маълумот йўқ
Россия Мудофаа вазирлиги, ҳарбий амалиёт бошланганидан бери ҳалок бўлган Украина тинч аҳолисига доир маълумотлар йўқлигини билдирди.
Вазирлик Россия армияси ҳақида фейк хабарлар тарқатишда айбланаётган журналист Андрей Новашовнинг ҳимоячиси адвокат Марина Янкинанинг сўровига шундай жавоб берган.
21 декабрь куни суд мажлисида Новашовнинг ҳимоячиси ишни прокуратурага қайтаришни талаб қилган эди. Адвокат Янкина ўз ҳимоясидаги журналист Новашов Россия армиясининг Мариуполга ҳужумлари тинч аҳоли, жумладан болалар ўлимига олиб келгани ҳақидаги хабарини “қасддан ёлғон маълумот тарқатиш” деб топганига эътибор қаратди, деб ёзади Сибирь.Реалии.
Ҳимоячи фикрига кўра, Новашовнинг “ВКонтакте” тармоғидаги хабарларини “қасддан ёлғон маълумот тарқатиш” деб ҳисоблаш мумкин эмас, чунки ушбу маълумотларга раддия бериб бўлмайди, чунки Россия томони Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида қанча тинч аҳоли қурбон бўлгани хусусида расмий ахборот берган эмас.
“Менга Путин ёки Мудофаа вазирлиги нуқтаи назарига зид ахборотни тарқатиш, деган моддани қўйишлари мумкин холос Аммо Жиноят кодексида бунақа модда йўқ”, деган журналист Андрей Новашов.
Байден: Украина дунёни руҳлантирмоқда
Вашингтонга сафар қилган Украина президенти Владимир Зеленский Оқ уйда АҚШ президенти Жо Байден билан учрашди. Байден Зеленскийни АҚШ президенти қароргоҳига киришда кутиб олди.
Овал кабинетдаги учрашув аввалида Байден “Америка халқи Украинани ғурур билан дастаклаши" ва унинг “адолатли дунёга интилишига шерик экани”ни таъкидлади. Қўшма Штатлар президенти Россиянинг Украина фуқаро иншоотларига ракета зарбаларини қоралади. Байденга кўра, Россия “қишдан қурол сифатида фойдаланмоқда”.
Зеленский Оқ уйга таклиф этилишини «катта фахр» деб атади ва АҚШ президенти, Конгресс ҳамда америкаликларга Украинага ёрдам учун миннатдорчилик билдирди.
Лавров: Европа Иттифоқи “Шимолий оқим” қувуридаги портлашлар юзасидан адолатли тергов олиб бормаяпти
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров cентябр ойида “Шимолий оқим” газ қувурларини ишдан чиқарган портлашлар юзасидан Европа тегишли текширув ўтказмаяпти, деди
"Шимолий оқим” даги портлашлар бўйича Европа Иттифоқидан ҳеч ким холис текширув ўтказмаяпти. Россия шимолий қувурлар орқали газ етказишни тўхтатди. Бундай шароитда биз Қора денгиздаги қувурлар орқали газ сотиб олишни хоҳлаган томонга газ етказиб берамиз.”, деди Лавров.
Россия Британияни қувурларга зарар етказишда айблади. Лондон бу даъволарни рад этди. Швеция ва Даниялик терговчилар бу қасддан қилинган қўпорувчилик эканлигини билдирди, бироқ айбдор номига ойдинлик киритмади.