Киевда яна бир ҳарбий дафн қилинди
Киевдаги Авлиё Владимир черковида Бахмутдаги жанглардан бирида ҳалок бўлган украин аскари 38 яшар Владимир Ежовнинг дафн маросими бўлиб ўтди.
“У ҳар доим бошқалар ҳақида қайғурарди. Қийин вазиятларда ҳам ўз бўлинмаси хавфсизлигини таъминлаш ҳақида ўйларди", деди Андрей исмли украин ҳарбийси.
Марҳум аскарнинг қариндошлари, қуролдош дўстлари ва йиғилганлар Владимир Ежовни гуллар билан сўнгги йўлга кузатди.
Марҳумнинг икки фарзанди етим қолган.
Олигарх Алишер Усмоновнинг 50 млн долларлик мулк ҳибсга олинган
Украинада Россия президенти Путинга яқин кўрилган асли ўзбекистонлик олигарх Алишер Усмоновга тегишли тақрибан 50 млн долларлик мулк ҳибсга олинган.
Бу ҳақда хабар қилган Украина Хавфсизлик хизматига кўра, мамлакатнинг денгиз портлари ҳудудида экспортга чиқариладиган 160 тонна рудаси бўлган яширин омборлар топилган.
Расмий хабарда бу юкларни россияликлар томонидан маҳаллий металлургия ва ҳарбий-саноат комплекси эҳтиёжлари йўлида ишлатилиши учун қонунга зид равишда Россияга олиб чиқиб кетиш режалангани қайд қилинган.
Украина Хавфсизлик хизматига кўра, бу юк Кремлдаги ҳарбий-сиёсий раҳбариятга яқин бўлган асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов ширкатига тегишли экани аниқланган.
Ҳозирча Алишер Усмонов томони бу хабарни бирор кўринишда изоҳламади.
Путин Украинага уруш бошлаганидан бери Алишер Усмонов бир неча марта санкцияга тушди, унинг уруш сабаб юзлаб миллион доллар зарар кўргани айтилади.
Икки пенсионер ҳарбий комиссариатга ўт қўйди
Москвада эр-хотин пенсионерлар ҳарбий комиссариат биносини ёқиб юборишга уринишди.
“Подъем” телеграм-канали хабарига кўра, Москва вилоятининг Подольск шаҳрида 70 ёшли эркак военкомат биноси олдига бир канистра бензин билан келиб, латтани бензинда намлаб, уни ойнага ёпиштириб, ёқиб юборган. Унинг 76 ёшли рафиқаси эса ҳодисани видеотасвирга олиб турган.
Пенсионерлар воқеа жойида қўлга олинган, ўт ўчирилган, ҳодиса чоғида эса ҳеч ким жабрланган эмас.
Украина уруши бошланганидан бери Россиянинг турли шаҳарларида ҳарбий комиссариат ва маъмурият биноларига ҳужумлар сони кўпайган.
Россия Қуролли кучлари Бош штаби военкоматларга ўт қўйиш ҳодисалари террор хуружи сифатида баҳоланиши ва бу ишда айбдор деб топилганлар 15 йилгача қамалиши мумкинлиги ҳақида баёнот ҳам тарқатган.
Зеленский: Украинада 9000000 одам электрсиз ўтирибди
Владимир Зеленский ҳозирда Украина бўйлаб қарийб тўққиз миллион одам электр таъминотисиз кун кечираётганини билдирди:
"Кўпроқ одамларни энергия билан таъминлаш учун Рождество кунида ҳам ишлаган энергия корхоналари ва барча таъмирлаш бригадаларига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Албатта, энергия танқислиги сақланиб қолмоқда. Бугун кечқурунги ҳолатга кўра, Украина бўйлаб тўққиз миллионга яқин одам элeктр энергиясиз яшамоқда"
Россия октябр ойидан бери Украинанинг энергетика инфратузилмасига дрон ва ракеталар билан зарба бериб келмоқда. Москва бунга Киевнинг жанговар қобилиятини пасайтириш эканлигини рўкач қилмоқда. Украина эса ҳужумлардан ҳарбий мақсад эмас, аксинча, қишда тинч аҳолини совуқда қолдириш кўзланганини ва бу шубҳасиз уруш жинояти эканлигини айтиб келади.
Расмийларга кўра, ҳозирда Украинанинг беш вилояти ва пойтахт Киевда энергетика бўйича фавқулодда чекловлар жорий этилган.