Севастополда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳаракатга келган
Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги Севастополда эрталаб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳаракатга келган. Севастополда маҳаллий вақт билан эрталаб соат 10 ларда жуда кучли портлаш овози эшитилди.
Телеграм каналларида Тизими ПВО тизими ракеталарининг учирилиши акс этган видеолар тарқалди. Ҳозирча нима бўлганлиги ҳақида бошқа маълумот йўқ.
Сўнгги ойларда Россияга бўлаётган ҳаводан ҳужумлар жиддий тус олмоқда. Дронлар чегарадан 500 чақирим узоқликдаги нишонларга бориб уриляпти.
Тўрт кун аввал Россия жанубидаги Энгельс ҳарбий базасига Украина дронлари ҳужуми оқибатида 3 киши ҳалок бўлгани хабар қилинди. Россия томони иддаосича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими дронни уриб туширган, бироқ қолдиқларининг қулаши қурбонларга сабаб бўлган.
Украина Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги матбуот котиби Юрий Игнат ўшанда:
“Бу Россиянинг босқинчилиги оқибати. Агар руслар уруш жабҳа ортида ҳеч кимга таъсир қилмайди деб ўйлаган бўлсалар, улар адашади”, - деганди.
Одессада рус императори Екатерина ҳайкали қулатилди
Украинанинг Одесса шаҳридан рус императори Екатеринанинг ҳайкали олиб ташланди.
Екатерина Одессага асос солган шахс сифатида машҳур. Унинг ёдгорлиги 1900 йилда шаҳар марказида ўрнатилган, аммо 1920 йилда совет режими томонидан олиб ташланган. Шаҳар кенгаши уни 2007 йилда қайта тиклаган.
Украина уруш бошланганидан бери мамлакатдаги рус мутафаккирлари, Россия давлатчилиги етакчиларининг ҳайкалларини бузиб ташламоқда. Бу орқали жамоат жойларидан совет даври қолдиқлари ва рус таъсирини йўқ қилишга ҳаракат қилмоқда.
БЕЛТА: Белорус ҳудудига Украина ракетаси тушди
Бугун Беларус расмийлари мамлакат ҳудудига Украинадан ракета учиб келганини билдирди.
Бу ҳақда хабар қилган Беларуснинг БЕЛТА давлат ахборот агентлиги бошқа тафсилотларни очиқламади.
Россиянинг ТАСС агентлиги эса Беларус Мудофаа вазирлигига таяниб, ракета Брест вилоятининг Иваново аҳоли масканига тушгани ҳақида ёзди.
Украина томони ҳозирча воқеани изоҳлаганича йўқ.
БЕЛТА хабарида кучишлатар идоралар икки асосий тахминни кўриб чиқаётгани ёзилган:Биринчиси, яқинда Польшада бўлгани каби, ракета нотўғри тарафга учган. Иккинчиси, ракета Беларус ҳарбийлари томонидан уриб туширилган.
Польшанинг Украина чегарасидан етти километр ичкарида жойлашган Пшеводув қишлоғига ракета ноябрь ойида тушган эди. Воқеа бўйича суриштирув ҳали якунлангани йўқ, бироқ Польша президенти Анжей Дудага кўра, мавжуд далиллар ракета қасддан мамлакат ҳудудига отилганини кўрсатмаяпти. У юз берган воқеани “бахтсиз тасодиф” деб атаган.
Киевга ҳужум: Уч киши яраланди
29 декабрь куни эрталаб Украинанинг бир қатор ҳудудлари, жумладан, пойтахт Киев яна Россиянинг ракета ҳужумларига учради.
Мамлакат бўйлаб тревога сиреналари кун давомида тинмади.
Киев вилоят маъмуриятига кўра, ҳужумлар оқибатида уч киши жароҳатланиб, касалхонага ётқизилган. Ярадорлардан бири, 14 яшар қиз экани хабар қилинди.
Киев расмийлари ҳисоб- китобича, пайшанба куни Россия Украинага 120дан зиёд раката отган.
Украина Россиянинг бир қанча ракеталари уриб туширилганини билдирди.
Киев вилояти маъмуриятининг маълум қилишича, уриб туширилган Россия ракетаси парчалари Дарницкий туманидаги хусусий бинога ва бино ёнидаги машинага зарар етказган.
Россия октябрь ойидан бери мунтазам Украина энергия инфратузилмасини нишонга олиб келмоқда. Бу эса Украинада элeктр энергиясининг танқислигига сабаб бўлмоқда.