"Янги йил тунида Россиянинг 45та дрони уриб туширилган"
Украина президенти Владимир Зеленский Янги йил тунида Россия армиясига тегишли 45 та Шаҳед дронлари уриб туширилганини билдирди:
"Қадрли ватандошлар барчангизга сиҳат саломатлик тилайман. Янги йил, янги кун, янги сарҳисоб. Йилнинг биринчи кечасида 45 та "Шаҳед" дронлари уриб туширилди. Ҳарбий ҳаво кучларимиз химатчиларига раҳмат айтаман. Улар ўттиз учта дронларни уриб туширган бўлса, яна 12 та дронни қуруқликдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа хизмати бартараф этди. Улардан миннатдормиз. Рус террорчилари янги йилни ачинарли аҳволда қарши олди. Бизнинг ҳимоячиларимиз янги йилнинг илк кунидан ажойиб ҳаракат қилиб, ўзларини кўрсатишди"
Россия томони эса 2022 йилнинг сўнгги кунида Украинадаги дрон ишлаб чиқариш обьектларини йўқ қилганини маълум қилди.
"Россия Қуролли кучлари Украина ҳарбий-саноат обьектларига юқори аниқликдаги қуроллар билан зарба берди", деди Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков.
Озодлик уруш шароитида томонлар тақдим қилаётган маълумотларни тезкор текшириш имконига эга эмас.
Урушнинг янги йилдаги илк қурбонлари
Ўтган тунда Орехов шаҳри Россия қўшинлари томонидан ўққа тутилиши натижасида бир киши ўлиб, уч киши яраланди, дея маълум қилди Запорожье вилояти маъмурияти раҳбари Александр Старух.
Хмельницкий вилоятида эса Россия ҳужумлари натижасида жабрланган 22 ёшли қиз вафот этди, бу ҳақда вилоят маъмурияти раҳбари Сергей Гамалий маълум қилмоқда.
Озодлик уруш шароитида ҳужум ва қурбонларга доир маълумотларни тезкор текшириш имконига эга эмас.
Киевда янги йил: Салютлар ўрнига сиреналар
Россия қўшинлари 31 декабр ҳам, 1 январ ҳам Украинага ҳужумларини тўхтатмади.
Бутун дунё Янги йилни салютлар билан қаршилаган бўлса, украиналиклар ҳаво тревогалари ва портлаш овозлари билан байрамни нишонлашга мажбур қолишди.
Янги йил кечаси Киев ҳам ўққа тутилди. Россия отган ракеталар ва дронлар шаҳар осмонини ларзага келтирди.
«Биз чап қирғоқда эдик. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими қандай ишлашини ўз кўзимиз билан кўрдик. Портлашлар содир бўлди. Ракеталарнинг овозини аллақачон таниб олганмиз. Улар учаётган қандай товуш чиқаришини биламиз. Донлар товушини ҳам биламиз - улар мопедга ўхшайди... Қўлимиздан келганча чидаяпмиз», деди Киевда яшовчи Александр Дугин.
Зеленский: Бизга танаффус керак
Владимир Зеленскийнинг Янги йил табриги уруш бошланганидан бери бўлаётган унинг кундалик тунги мурожаатларидан бири каби бўлди.
"Ўтган бу йил юракларимизни яралади. Кўп кўз ёш тўкдик. Кўп илтижолар қилдик. 311 кун. Аслида ўтган ҳар бир дақиқамиз ҳақида айтадиганларимиз бор. Аммо, кўп гапириш керак эмас. Бизга тушунтиришлар, безаклар керак эмас. Эшитиш учун бизга тинчлик керак. Тушуниш учун бизга танаффус керак", деди Зеленский.