Путин янги гипертовушли қанотли ракета билан жиҳозланган ҳарбий кемани океанга чиқарди
Россия президенти Владимир Путин бугун гипертовушли “Циркон” қанотли ракеталари билан жиҳозланган фрегатини Атлантика океанига кузатди.
"Мен биринчи навбатда ушбу ноёб қурольни (Циркон гипертовушли қанотли ракета) ишлаб чиққан ва ишлаб чиқаришни бошлаган мудофаа саноати мутахассисларига миннатдорлик билдирмоқчиман. Юқорида айтиб ўтганимдек, бу қурольнинг тенг келадигани йўқ. Ишончим комил, бу қудратли қуроль Россияга (ўзини) эҳтимолий ташқи таҳдидлардан ишончли ҳимоя қилиш имконини беради ва давлатимиз миллий манфаатларига хизмат қилади”, деди Россия Президенти Владимир Путин,
Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Горшков ҳарбий кемаси Атлантика, Ҳинд океани ва Ўрта ер денгизи томон йўл олишини билдирди.
Бугун Украина разведкаси раҳбари Кирилл Будановнинг билдиришича, аслида Россия қурол яроғлари кескин камайган ва улар асосан Эрондан арзон Шаҳид дронларини сотиб олишга мажбур бўлмоқда.
Хорижлик жангчилар фронтда Украина томонида туриб курашмоқда
Хорижлик жангчилар Донецк вилоятида, Россия назоратидаги Креминна шаҳри яқинида машғулот ўтказди.
"Карпат Сич баталёни" деб номланган халқаро легион турли миллатга мансуб аскарлардан иборат. Легион испан, инглиз ва украин тилида сўзлашувчи уч гуруҳга бўлинган.
"Сват" исмли қўмондон чет эллик кўнгиллилар Россияга қарши курашда ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини таъкидлади.
“Уларнинг иштирокини ортиқча таърифламайман. Хорижлик жангчилар биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Улар жангга тайёр, жанг қилишни хоҳлашади. Уларнинг 60 фоизи жангларда ўзини жуда яхши кўрсатмоқда”, деди Сват.
Март ойида Украинага келган колумбиялик аскар, 41 ёшли Хуан Пабло Хуртадонинг айтишича, бу ердаги уруш ватанидаги партизанларга қарши курашдаги тажрибасидан тубдан фарқ қилган:
“Бу ердаги уруш Колумбиядаги ички урушлардан бутунлай фарқ қилади. Буни таққослаб бўлмайди. Бу ерда артиллерия кўп, руслар бизни ракеталар, бомбалар билан ўққа тутади. Биз омон қолишга, русларни Украинадан ҳайдаб чиқаришга ҳаракат қиляпмиз”, дейди Хуртадо.
Бир ой олдин келган бразилиялик аскар Геррейро кўплаб жароҳатланганларни кўрганини, аммо охиригача жанг қилишини айтади:
"Қонли жангларда кўплаб дўстларимиз жароҳат олди. Биз уларни тезроқ сафга қайтаришимиз керак. Ғалаба қозонмагунимизча, ҳар бир қарич ерни қайтариб олмагунча қаршилик кўрсатамиз. - деди Геррейро.
Бугун Украина разведкаси раҳбари Кирилл Будановнинг маълум қилишича, Бахмутда рус аксарларининг минглаб мурдаси очиқ далада чириб ётибди. Айрим ҳолларда рус аксарлари мурдаларни тўплаб улардан тўсиқ сифатида фойдаланмоқда.
Зеленский: “Мудофаани кучайтиришимиз керак”
Украина ўз ҳамкорлари билан “мудофаани мустаҳкамлаш” устида ишлаши керак, деди Владимир Зеленский.
"Биз террорчи давлатнинг сафарбарлик ҳаракатларидан аввалроқ Украина учун энг зарур бўлган ишни қилишни бошладик. Айнан ҳозир ҳамкорларимиз билан биргаликда мудофаа салоҳиятимизни кучайтиришимиз лозим. Шубҳа йўқки, Россия раҳбарлари урушдаги вазиятни ўзгартириш, ҳеч бўлмаганда мағлубиятини кечиктириш учун қўлларидаги ҳамма нарсани ишга солади”, деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида.
Зеленскийнинг мурожаати Россия Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига дронлар билан ҳужум қилаётган бир пайтга тўғри келди .
Зеленский аввалроқ Россия Украинани “ҳолдан тойдириш” учун Эрон дронлари ёрдамида узоқ давом этадиган ҳужум кампаниясини режалаштираётганини айтган эди.
Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Зеленскийга Британиянинг узоқ муддатда Украинани қўллаб-қувватлашига ишониши мумкинлигини таъкидлади.
Донецкда фавқулодда хизмат ходимлари ҳамон Макеевка шаҳридаги бинони вайроналардан тозалашда давом этмоқда
Янги йил арафасида Украина кучлари рус қўшинлари жойлашган бинони ракета зарбалари билан вайрон қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги қурбонлар сони 89 нафарга етганини билдирди.
Россияда миллатчилар ва айрим депутатлар эътиборсизлиги учун армия қўмондонларини жазолашни талаб қилди.
Уларнинг айтишича, қўмондонлар Украина ракеталарига нишон бўлиши мумкинлигини билишларига қарамай, аскарларни ўқ-дорилар омборига яқин ҳудудга жойлаштирган.