Украина православ патриархи Киевдаги Лавра мажмуасида Рождество маросимини ўтказди
Украина православ черкови патриархи Эпифаний I 7 январь куни тарихий Киев черковида Рождество маросимини ўтказди.
Эпифаний I йиғилганларни Россия ҳарбийларининг Украинада содир этган ҳарбий жиноятларни қоралашга чақирди ва Украина урушда ғалаба қозонишини тилаб дуо қилди:
"Бизга қайғу-ҳасрат келтирган душманни мағлуб этишимизда, Украина ерларидан чет эл босқинчиларини қувиб чиқаришда ўзинг қўлла. Ҳақиқат ғалаба қилиб, Яратган адолат ва тинчликни қайтарсин."
Илгари Москва Патриархияси сифатида маълум бўлган Украина православ черкови ижара шартнома муддати тугагани сабабли Успенский черковидан кўчишга мажбур бўлган.
Россия Украинани Рождество сулҳини бузганликда айблади
Россия мудофаа вазирлиги Украина сулҳ таклифини рад этганига қарамай, бир томонлама ўт очишни тўхтатиш режимини ярим тунгача сақлаб қолишини маълум қилди.
“Россия қўшинларининг бирлашган гуруҳи 6 январь куни соат 12:00дан буён махсус ҳарбий операция ўтказилаётган ҳудудда ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилмоқда. Бироқ Киев сўнгги 24 соат ичида тинч аҳоли яшайдиган ҳудудлар ва Россия позицияларини артиллериядан ўққа тутишда давом этди”, деди Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков.
Конашенков рус қўшинлари Украина кучларининг ҳужумидан кейингина жавобан артиллериядан ўт очганини билдирди.
Украина Москванинг сулҳ таклифини рус қўшинлари қайта қуролланиб олиши учун мўлжалланган ҳийла дея рад этди ва босиб олинган ҳудудларни озод қилиш учун жанг қилишда давом этишини маълум қилди.
Путиннинг буйруғига қарамай Бахмутга ўқ узилди
Россия Рождество байрами муносабати билан сулҳ эълон қилганига қарамай, шанба куни Бахмут кўчаларида портлаш овозлари эшитилди.
"Ўт очишни тўхтатиш қандай бўлаётганини биласизми? Путин ўт очишни тўхтатди деса, аслида бунинг акси бўлади: Ҳозир ҳечқанақа ўт очишни тўхтатиш режими йўқ. Кеча руслар бизни ўққа тутди. Кечаси бироз тинчроқ ўтди. Бу одатга айланган. Бир куни ўққа тутишса, эртаси куни тинчиб қолишади. Отишмалар қачон бўлишини айтиб бўлмайди, куннинг исталган вақтида авж олиши мумкин", дейди кўнгилли Васил Лиесин.
Украина таклифни рад этганига қарамай, кремль Россия армияси шанба куни Владимир Путин томонидан эълон қилинган 36 соатлик оташкесин режимига амал қилганини, таъкидлади.
Москванинг баёнотида айтилишича, рус қўшинлари Украина кучларининг ҳужумидан кейингина, артиллериядан ўт очган.
Зеленский: Москванинг баёнотларига ишониб бўлмайди
Украина президенти Владимир Зеленский Бахмутга снарядлар тушганини айтиб, Россиянинг ўт очишни тўхтатиш борасидаги чақириғини “кўзбўямачилик” деб атади:
“Дунё Москванинг баёнотларига ишониб бўлмаслигини яна бир бор кўрди. Улар сулҳ ҳақида нималардир деб туриб амалда эса Бахмут ва Украинанинг бошқа позицияларига снарядлар ёғдиришди. Фақат рус босқинчиларини Украина заминидан қувиб чиқариб, Россияни Украина ва Европага босим ўтказиш имкониятидан маҳрум қилибгина ўт очишни тўхтатишга эришиш, хавфсизлик ва тинчликни тиклаш мумкин”.
Рейтерс агентлиги Бахмутга ракета снарядлари тушганини тасдиқлади, бироқ ҳужум манбаини аниқлай олмади.
Жума куни Владмир Путин Рождество муносабати билан ўт очишни 36 соатга тўхтатишга топшириқ берди.
Православ христианлар Рождествони 7 январда нишонлашади.