АҚШ Украинага Stryker жанговар машиналарини бериш имконини кўриб чиқмоқда
АҚШ навбатдаги ҳарбий ёрдам пакети доирасида Украинага Stryker русумли пиёдалар жанговар машиналарини бериш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Politico нашри ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилди.
Газета маълумотига кўра, АҚШ маъмурияти Киевга бериладиган қуролларнинг янги партияси ҳақида келаси ҳафта охирида – Украинани мудофаа қилиш бўйича мулоқот гуруҳининг Германияда бўлиб ўтадиган галдаги учрашуви чоғида эълон қилиши мумкин.
Politico манбалари якуний қарор ҳали қабул қилинмагани ва Оқ уй ушбу ҳарбий машиналарни кейинги ёрдам пакети билан Украинага жўнатиши мумкинлигини таъкидлаган.
Ўтган ҳафта, Вашингтон Киевга 50 та Bradley жанговар машиналарини етказиб беришини эълон қилган эди. Politico нашрининг қайд этишича, Stryker Bradley каби бақувват машина бўлмаса-да, шовқинсиз юриши ва кўпроқ аскар таший олиши билан ажралиб туради.
The Wall Street Journal газетаси эса дронларга қарши курашишга мўлжалланган Vampire ракета тизимларидан дастлабки тўрттаси – 2023 йил ўрталарида, қолган ўнтаси эса йил охирига қадар Украинага етказиб берилиши ҳақида ёзди. Пентагон дастлаб Vampire’ларни Киевга август ойида тақдим этмоқчи эди, бироқ ушбу қуролларга доир 40 миллион долларлик шартнома декабрнинг ўрталаридагина имзоланди.
“АҚШ берадиган Bradley жанговар машиналари, Франциянинг енгил танклари ҳамда Германия ваъда қилган Marder’лар асосан қарши ҳужумда фойдаланишга, аниқроғи янги марраларни эгаллашда пиёдаларга ёрдам беришга мўлжалланган. Бу қуролларнинг самарадорлигига ишонамиз, шу пайтгача Ғарбдан М-113 русумли БТРлар олдик – улар, чунончи, Херсон учун жангларда миналар портлашига чидамли эканини кўрсатди. Украинада Ғарб зирҳли техникаси учун таъмирлаш базаси аллақачон ташкил қилинган”, деб ҳисоблайди Олий Раданинг хавфсизлик, мудофаа ва разведка қўмитаси котиби Роман Костенко
ISW: “Вагнер ХҲШ” Бахмут атрофидаги табиий бойликни қўлга киритишга уринаётган бўлиши мумкин
АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) янги ҳисоботида Россия Мудофаа вазирлигининг Макеевкадаги воқеа учун Краматорскда “интиқом операцияси” ўтказилгани ҳақидаги иддаолари россиялик қатор блогерларнинг норозилигига сабаб бўлганига эътибор қаратмоқда.
Ҳисоботда хусусан, улар Макеевкадаги талафотлар айбдорларини жавобгарликка тортиш ўрнига гўё Украина ҚКга зарба берилгани ҳақида “чўпчак тўқигани” учун вазирликни қаттиқ танқид қилишгани тўғрисида ёзилган.
Шунингдек, ISW экспертларига кўра, “Вагнер ХҲШ” эгаси Евгений Пригожин Украинанинг Бахмут атрофидаги табиий бойликларини қўлга киритишга уринаётган бўлиши мумкин, шу боис ҳам унинг жангчилари мазкур ҳудудларни босиб олиш ҳаракатларида иштирок этишмоқда.
5 январь куни Оқ уйнинг исмини сир тутган вакили Пригожин Бахмут ҳудудидаги туз ва гипс конларини ўз назоратига олиб, бойлик орттириш илинжида эканини айтган эди.
Макеевкадаги рус ҳарбий базасига ҳужум учун олинган "қасос"
Украинанинг Краматорск шаҳрига берилган ракета зарбаси баъзи биноларга зарар етди, аммо ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумотлар йўқ, деди Рейтерс суҳбатлашган гувоҳлардан бири.
Россия ҳужумда 600 нафар украиналик аскар ҳалок бўлганини даъво қилиб, бу билан Макеевкадаги рус ҳарбий базасига ҳужумга жавобан “ўч олганини” даъво қилмоқда. Бироқ, Украина томони бундай талофат кўрганини тан олмаётир.
Рейтерс мухбирлари Россия Мудофаа вазирлиги тунги зарбалар вақтида украиналик ҳарбий хизматчилар бўлганини айтган иккита ётоқхонага борди.
Ётоқхоналарда бевосита ракета зарбаси белгилари кўринмади. У ерда аскарлар яшаганлигини кўрсатувчи на жасадлар ва на қон излари йўқ.
Доимгидек бирин-кетин портлашлар содир бўлди. Зарба тўлқинидан деразалар ларзага келди, айтарли бошқа нарса йўқ, дейди маҳаллий аҳоли вакили.
Агар Кремлнинг даъвоси ўз исботини топса, бу Россия босқинидан бери Украина қўшинларининг энг катта йўқотиши бўлади. Ўн бир ойлик уруш давомида ҳеч бир томон ўз йўқотишлари ҳақида аниқ маълумот бермади.
Зеленский: Москва «ҳарбий сукунат»ни бузди
Украина ҳукумати армия, Бахмут ва бошқа шаҳарларда Россиянинг мунтазам ҳужумларини қайтараётгани ҳақида баёнот бермоқда.
Украина кучлари 14 та аҳоли пункти, шу жумладан Бахмутга қилинган ҳужумларни қайтарди, дея қўшимча қилди Украина қуролли кучлари Бош штаби.
Ҳозирча жанг майдонидаги маълумотларни мустақил равишда тезкор текшириш имконсиз қолмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский оқшомги видеомурожаатида Украина кучлари Бахмут шаҳрига бўлаётган ҳужумларни қайтараётгани ва Соледарда вазият “жуда оғир” бўлишига қарамай, армия ўз позицияларини ушлаб турганини маълум қилди.
"Қийинчиликларга қарамай, Бахмутни ушлаб турибмиз. Гарчи шаҳарнинг катта қисми Россия зарбалари натижасида вайрон бўлган бўлса-да, бизнинг аскарларимиз Россиянинг мунтазам ҳужумларини қайтармоқда", деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида:
“Дунё Россиянинг фронтдаги вазият борасидаги яна бир ёлғон баёнотига шоҳид бўлди. Руслар Рождестводан кейин дарҳол Херсонни ёнувчи снарядлар билан ўққа тутди. Краматорск ва Донбаснинг бошқа шаҳарларидаги тинч аҳоли нишонларига қилинган ҳужумлар Москва "ҳарбий сукунат" ҳақида эълон қилган пайтда содир бўлди. Россия расмийлари гўёки қанақадир "сулҳ" ҳақида гапириб туриб, Европа ва бутун дунёга янгидан таҳдид қилмоқда. Россиянинг дипломатия ва сиёсатни манипуляция қилишга уринишлари бундан кейин ҳеч қандай самара бермайди”.