Мушкулликларга қарамай Киевда юрак операциялари давом этмоқда
Киевдаги кардио жарроҳлик институти Украинадаги энг машҳур юрак-қон томир касалликларини даволаш марказларидан бири.
Институтда электр таъминотидаги узилишларга қарамай, ҳаётни сақлаб қолиш операцияларини ўтказиш давом этяпти.
Бир нечта дизел генератори ўрнатилди, асосий тиббий хизматларни кафолатлаш учун қудуқ қазилди.
Видеода шифокорлар Россиянинг ракета ҳужуми натижасида электр токи ўчганидан кейин шошилинч операция ўтказаётгани акс этган.
«Иш шароитлари мураккаб. Биз ҳар доим ток ўчишига тайёр бўлишимиз керак. Операция хоналари, реанимация бўлимлари ва бошқа бўлимлар учун бир нечта генератор сотиб олдик», дейди Киев кардиожарроҳлик институти раҳбари Борис Тодуров.
Муассаса эҳтимолий барча вазиятга тайёр. Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан бери институт барча турдаги қийинчиликларга, фавқулодда ҳолатларга тайёрланди.
«Биз мустақил қудуқ қазиб ўзимизни сув билан таъминладик. Маҳаллий иситиш тизимига ўтдик. Ҳозир автоном сув ости кемаси каби ишлаяпмиз. Бинода бизга зарурий ҳамма нарса бор. Қон ва плазмалар, дори-дармон ва озиқ-овқат захираси ҳам мавжуд. Ҳаво ҳужумлари пайтида беморлар, шифокорлар ва ҳамширалар яшириниши учун ерости бошпанамиз бор», дейди Борис Тодуров.
Генераторларнинг ишлашини таъминлаш ҳам осон эмас. Тодуровнинг айтишича, ҳар бир генератор учун кунига бир тоннадан ортиқ дизель ёнилғиси керак бўлади.
«Электр тўлиқ ўчганда дизель генераторидан фойдаланамиз. Бу 50 киловаттлик генератор операция,интенсив терапия хоналарини, қудуқ ҳамда канализация тизимини қувват билан таъминлашга етади», дейди генераторлар ишлашига масъул Никола.
Шифокорлар баъзи беморлар доимий парваришга муҳтожлигини айтади. Қийинчиликларга қарамай, Киев кардиожарроҳлик институти 2022 йилда рекорд миқдордаги жарроҳлик амалиёти ўтказган.
Полша Украинага Леопард танкларини беришни режалаштирмоқда
Полша президенти халқаро коалиция таркибида Украинага Леопард танкларини юборишни режалаштираётганини маълум қилди.
Киев анча вақтдан бери Леопард каби оғир ҳарбий техникар етказиб беришни сўраб келаётган эди. Бу Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлашида сезиларли қадам бўлади.
"Биз бу ёрдам халқаро коалиция доирасида бўлишини истаймиз. Ушбу халқаро коалициянинг бир қисми сифатида Леопард танкларини етказиб беришга қарор қилдик. Умид қиламанки, бу кампания Леопард танклари билан бирга бошқа кўплаб танкларни етказиб бериш билан давом этади. Украинага етказиладиган ҳарбий техникалар Украина мудофаасини мустаҳкамлайди", деди Полша президенти Анджей Дуда.
Президент Владимир Зеленский июлдаги саммитда НАТОни Украинага эшиклари очиқлигини ваъда қилиш билан чекланмасликка чақириб, Киев ҳарбий альянсга қўшилиш учун “кучли амалий қадамлар”га муҳтожлигини айтган эди.
Бироқ, Германия ҳукумати вакили Украинага “Леопард” жанговар танкларини жўнатаётганидан хабардор эмаслигини билдирди.
Германияда ишлаб чиқариладиган Леопард танкларини учинчи давлатга қайта экспорт қилиш учун Берлин ҳукуматининг розилигини талаб қилинади.
Соледар яқинида украин ҳарбийлари немис гаубицалари билан русларни ўққа тутди
Украина ҳарбийлари кеча Соледар яқинида Россия позицияларини PzH 2000 немис гаубицасидан ўққа тутди.
Баъзи техник камчиликларга қарамай, ҳарбий хизматчилар PzH 2000 ишлашидан мамнун.
"Правда" лақабли ҳарбий хизматчининг айтишича, улар ўзига бириктирилган гаубицадан икки ой ичида 1300 дан ортиқ снаряд отган.
“Автоматик режим ишлаганда, ўт очиш тезлиги ақл бовар қилмас даражада. Тезлик ҳам аниқлик даражаси ҳам юқори. Агар ҳаммасини тўғри бажарсангиз, у жуда аниқ нишонга олади ", дейди украин ҳарбийси.
Россия Украинадаги уруш тизгинини қўлга олиш учун ҳарбий етакчиларни алмаштирмоқда
Россия жанг майдонидаги муваффақиятсизликлардан сўнг Украинадаги урушга масъул раҳбариятини алмаштирмоқда.
Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Бош штаб раҳбари Валерий Герасимов Сергей Суровикин ўрнига Украинадаги қўшинларнинг олий қўмондони лавозимига тайинланди.
Эндиликда Герасимов Россиянинг Украинадаги “махсус ҳарбий операцияси” бевосита жавобгар бўлади. Ўзининг шафқатсизлиги билан "Генерал Армагеддон" лақабини олган генерал Сергей Суровикин бир неча ой бош қўмондон лавозимида ишлади.
Мудофаа вазирлиги эълон қилган баёнотида, ўзгартиришлар ҳарбий бўлинмалар ўртасидаги алоқаларни яхшилаш ҳамда қўмондонлик тузилмасининг “сифат ва самарадорлигини” ошириш мақсадида қилинганини билдирди.
Тайинловлар Соледар учун шиддатли жанглар кетаётган бир пайтда амалга оширилди.
Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий ташкилоти Соледар шаҳрини эгаллаганини даъво қилмоқда.
"Террорчи давлат ва унинг тарғибот машинаси Соледар шаҳрининг босқинчилар томонидан деярли бутунлай вайрон қилинган бир қисмини Россиянинг қандайдир ғалабаси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқд", дея юқоридаги даъволарни инкор этди Зеленский.
У шунингдек, "жанглар давом этаётганини" айтиб, Украина мудофаани кучайтиришини қўшимча қилди.
Украина Давлат чегара хизмати Соледарда ҳужум остида қолган рус аскарларининг видеосини тақдим қилди.
Рейтерс агентлиги видео жойлашувини тасдиқлади, бироқ санасини мустақил равишда тасдиқлай олмади.