АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди
Қиймати 2,5 миллиард долларга тенг ушбу ёрдам юзлаб бронетранспортёр ва пиёдалар жанговар машиналарини, Украина учун ниҳоятда зарур бўлган ҲҲМ воситалари ва бошқа қуролларни ўз ичига олади, дейилади Пентагон пресс-релизида.
Бу гал Украина NASAMS илғор зенит-ракета комплекслари учун ракеталар, саккизта “Авенжер” зенит-ракета комплекслари, 59 та “Брэдли” пиёдалар жанговар машиналари, 90 та “Страйкер” бронетранспортёрлари (улардан 20 тасига миналарни зарарсизлантирувчи ғалтаклар ўрнатилган), миналардан ва пистирмадан бўладиган ҳужумлардан ҳимояланган 53 та бронетранспортёр ҳамда 350 та тезкор ғилдиракли транспорт воситаларини олади.
Ёрдам пакетига HIMARS ракета тизимлари ва NASAMS ЗРК учун ўқ-дорилар, HARM русумли ракеталар, артиллерия снарядлари ва бошқа қуроллар ҳам киритилган.
Бундан ташқари, Киевга “Клеймор” пиёдаларга қарши миналари, 2000 та танкка қарши ракеталар, 3 миллиондан ортиқ ўқотар қурол патронлари, тунда кўриш ускуналари, эҳтиёт қисмлар ва бошқа жиҳозлар тақдим этилади.
Бироқ янги пакетда танклар назарда тутилмаган.
Дизертир рус аскарлари сони ортмоқда
Россия армияси оддий аскари Дмитрий Перов 31 ёшда эди. 13 январь куни у Украинанинг жанглар бўлаётган ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан тарк этади.
Перов ўзи билан автомат, бешта ўқдон ва бир нечта гранатани олиб кетади. Ҳар ҳолда Воронеж ички ишлар бошқармаси тарқатган билгида шундай дейилган. Россия телеграм-каналлари эса, ўз навбатида, ташқи кузатув камераларидан олинган видеони ёйинлади. Унда Воронеждаги автобус бекатида турган одам Перов экани айтилади.
Қочоқ аскар 17 январь куни уйида, онасининг ёнида бўлгани маълум. Эртасига эса полиция Дмитрий Перовни Липецк вилоятида тутишга ҳаракат қилади. Айтишларича, аскар қаршилик кўрсатгач, “спецназ” жангчилари уни отиб ўлдиришган.
Россия Жиноят кодексида дезертирлик учун модда бор. Унда етти йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган. Қурол билан қочган эса 10 йилгача муддатга қамалади. Сафарбарлик даврида ёки ҳарбий можаро шароитида қочганлар энг кўп – 15 йилгача озодликдан маҳрум қилинадилар.
Урушдан нафақат сафарбар қилинганлар, балки ёлланма аскарлар ҳам қочишмоқда. Январь ойида “Вагнер ХҲШ” жангчиси Андрей Медведев Норвегияга қочиб кетди. Ҳозир у Ослода, чет эл фуқароларини сақлаш марказида.
Украин аскари Бахмут марказидаги учоқ монументи устига давлат байроғини тикди
Донбасс минтақасидаги бу шаҳар учун ҳануз шиддатли жанглар бормоқда. Россия томони бу ҳудудга артиллерия қуроллари ва профессионал жангчиларини жалб қилгани айтилмоқда.
Бахмут – Донбасснинг энг оловли нуқталаридан бири. Украина Қуролли кучлари қўл остидаги ушбу шаҳарга Россия армияси муттасил ҳужум қилмоқда.
Бахмутда қолган кексалар пенсия олиш учун 20 чақирим наридаги Часов Яр шаҳрига бориб келишади.
Аҳоли кўпинча уйларида снарядлардан ҳосил бўлган туйнукларни ямаш ва кўчада турли вақтларда турли жойларда пайдо бўладиган бозорчадан тирикчилик учун ул-бул сотиб олиш билан банд бўлади.
Пулсиз қолганларнинг эса бутун умиди волонтёрлардан. Муттасил ҳужумларга қарамай, Бахмут кўчаларида стихияли равишда бозорчалар пайдо бўлади.
Қозоқ қизи: Босқинчилар Россия Украинадан кейин Қозоғистонга кўз тикади
Қозоғистонлик Мадина Каттер уруш бошланганидан сўнг Берлиндаги ишини ташлаб, Украинага келди ва волонтёрлик билан шуғуллана бошлади.
Бир неча ҳафта ичида 10 кишилик жамоа тузиб, зирҳли нимчалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Улар шу пайтгача 600 дан ортиқ зирҳли нимчалар тайёрлаб, Украина мудофаачиларига текинга беришди.
“Берлинда ҳаётим идеал эди: севган ишим билан шуғулланардим, яхши пул топардим. Аммо Украинада уруш бошлангач, ҳеч нима кўрмагандек яшашда давом эта олмаслигимни тушундим. Украиналик дўстларим бор, уларга қандайдир ёрдам беришим керак эди. Қолаверса, Украина енгилган тақдирда Россия бу билан қаноат қилмаслигини биламан. Босқинчилар Украинадан сўнг албатта Қозоғистонга кўз тикади», дейди Мадина.
Мадина уруш тугаганидан сўнг бошпанасиз қолган украиналиклар учун уйлар қуришни режаламоқда.