Икки кўнгилли британиялик Украинада ҳалок бўлгани тасдиқланди
Крис Парри ва Эндрю Багшоу Украина шарқида одамларни эвакуация қилиш чоғида ҳалок бўлди, дея хабар берди Паррининг оиласи.
Россиянинг Вагнер гуруҳи аввалроқ Украина шарқида бедарак йўқолгани хабар қилинган бир кишининг жасадини топганини маълум қилган эди.
Украина полициясига кўра, икки кўнгилли 6 январь куни Краматорскдан Соледарга жўнаб кетган ва эртаси куни кечқурун улар билан алоқа узилган. Шундан сўнг, уларнинг бедарак йўқолгани хабар қилинган.
Уларнинг ўлими борасида бошқа тафсилотлар маълум эмас.
Украинага замонавий танк етказиб бериш бўйича аниқ қарорлар керак
Украина президенти Владимир Зеленский Киевнинг Ғарбдаги ҳамкорлари Россияга қарши мудофаани кучайтириш учун замонавий танклар етказиб бериш борасида бир қарорга келиши кераклигини ўзининг 24 январь кунги тунги мурожаатида айтди.
Берлин ва Вашингтон расман тасдиқламаган бўлса-да, бир қанча манбалар Германия Украинага Леопард 2 танкларини жўнатишини ва бошқа мамлакатлар ҳам юборишига рухсат беришини, АҚШ эса Киевга Абрамс танкларини етказиб бериши мумкинлигини маълум қилди.
"Танклар ҳақида жуда кўп гапирилмоқда. Бизга керакли замонавий танклар, уларни етказиш ҳақида кўплаб муҳокамалар, ваъдаларни эшитяпмиз. Бироқ ҳақиқатга тик қараш керак. Масала беш ёки 10-15 та танк билан ҳал бўлиб қолмайди. Эҳтиёжлар анча катта”, деди Владимир Зеленский.
Зеленский Россия янги ҳужумга тайёрланаётганини яна бир бор эслатди. Бу Донбас минтақасида аллақачон кўзга ташланмоқда, деди Зеленский.
Шарқий Бахмут шаҳри атрофида шиддатли жанглар кетмоқда. Россия у ерда қатор муваффақиятларга эришганини даъво қилмоқда.
Кремл: АҚШ етказиб берган танклар Украинада “кулга айланади”
Кремл АҚШнинг Украинага Абрамс жанговар танклари етказиб беришини аҳмоқлик деб атади.
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан суҳбатда Украинага Абрамс танкларини жўнатиш шунчаки пулни беҳуда сарфлаш эканини таъкидлади.
"Мутахассислар бу ғоянинг бемаънилигини яхши тушунишига ишонаман. Режа технологик нуқтаи назардан ҳалокатли. Улар Абрамснинг Украина армиясига келтирадиган нафини ортиқча баҳолашмоқда. Бу танклар ҳам бошқалари каби ёнади", - деди Песков.
АҚШ Украинага Абрамс танкларини юборишга тайёр
Вашингтон ниҳоят бир қанча М1 Абрамс жанговар танкларини Украинага беришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда америкалик расмийлар Рейтерс агентлигига маълум қилди.
Вашингтон узоқ баҳс мунозаралардан кейин Киевга Абрамс танкларини бериш қарорига келди.
Анонимлик шарти билан гапирган АҚШ расмийларининг билдиришича, бу борадаги тегишли қарор бугун эълон қилинади. Бундан хабардор учинчи манбанинг айтишича, АҚШ келгуси ойда 30 га яқин Абрамс танкларини етказиб бериши мумкин.
Расмийларнинг таъкидлашича, Абрамс танклари Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси (USAI) номли жамғарма фондидан сотиб олинади. Бу эса Жо Байден маъмуриятига танкларни АҚШ захирасидан эмас, балки тўғридан-тўғри ҳарбий саноатдан олишга имкон беради.
Жараён ойлар ва ҳатто йилга чўзилиши мумкин.
АҚШ расмийлари шунингдек Абрамс танкларини эксплуатация қилиш, украиналикларни ундан фойдаланишга ўргатиш қийинлигини ҳам билдирди. Уларнинг қўшимча қилишича Абрамс танклари реактив ёнилғи билан ишлайди.
Германия агар Қўшма Штатлар ўз танкларини Украинага юборса, Берлин ҳам Леопард танкларини Киевга юборишини билдирди.