Линклар

Шошилинч хабар
14 март 2026, Тошкент вақти: 21:25

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

19:20 2.2.2023

Лавров: Биз Украина можароси тугашини истаймиз, шу билан бирга Ғарбга ҳам жавоб берамиз

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Кремл назорати остидаги Россия -24 телеканалига берган интервьюсида Россия кучлари Киевга узоқ масофага мўлжалланган Ғарб қуроллари етказиб берилишига жавобан Украина кучларини Россия чегараларидан узоқлаштиришга ҳаракат қилишини айтди.

Лавров барча Украинадаги можарога барҳам беришни исташини, бироқ Ғарбнинг Киевни дастаклаётгани Россиянинг можарога ёндашишувида муҳим роль ўйнашини таъкидлади.

«Модомики, биз Украина артиллерияларини бизнинг ҳудудларимизга таҳдид сола олмайдиган масофага қайтаришга интилаётган эканмиз, Киевга қанча кўп узоқ масофага мўлжалланган қуроллар етказиб берилса, бизга таҳдид солмаслиги учун уларни шунчалик узоқроққа чекинтиришимиз керак бўлади», - деди Лавров.

Лавров АҚШни «Шимолий оқим»қувуридаги портлашларга алоқадорликда ҳам айблади:

“Ўтган йил давомида содир бўлган воқеалар ҳамда аниқлаганларимиз ҳақида ҳисобот тайёрлаяпмиз. Бу фақатгина АҚШнинг ҳарбий биологик дастурлари борасидагина эмас. Улар бунга алоқалари йўқлигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Қолаверса, ҳисобот АҚШнинг Шимолий Оқим қувурларидаги портлашларга бевосита алоқадорлиги билан ҳам чекланиб қолмайди. (АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари) Виктория Нуланд хоним аллақачон буни тан олган). АҚШ ҳукмронликка эришиш учун йўлида қилган кўплаб найрангларни келтириб ўтишимиз мумкин."

Лавров ўз даъволарига ҳеч қандай далил келтирмади.

Владимир Путин аввалроқ Британияни газ қувурларини портлатишда айблаган, Лондон эса буни рад этган эди.

19:55 1.2.2023

Александр Невзоров сиртдан 8 йилга ҳукм қилинди

Москванинг Басманний тумани суди журналист Александр Невзоровни Россия армияси ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатишга (Россия ЖКнинг 207.3-моддаси 2-қисми “д” банди) доир иш бўйича 8 йилга сиртдан озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда “Настояшчее время” хабар бермоқда.

Мазкур жиноят иши Невзоров Россия ҳарбийлари 2022 йилнинг мартида, Мариуполь қамали чоғида шаҳар туғруқхонасини қасддан ўққа тутгани, натижада камида бир ҳомиладор аёл қурбон бўлгани ҳақида гапирганидан сўнг қўзғатилган эди.

Туғруқхонага зарба берилганини воқеа жойида бўлган мустақил журналистлар, қолаверса муассаса шифокорлари ва беморлар ҳам тасдиқлашди, бироқ Россия расмийлари зарба гўё Украина ҳарбийларининг позицияларига йўлланганини иддао қилишмоқда.

Шунингдек, тергов талқинича, журналист ўтган йилнинг март ойидан май ойига қадар ўз телеграм-каналида, ютуб-каналида ва инстаграмда Россия ҳарбийларининг Мариуполь ва Бучадаги жиноятларига доир ёлғон маълумотлар аралашган матн ва роликларни қасддан тарқатган.

Сиртдан чиқарилган ҳукм Невзоров Россияга қайтган тақдирда дарҳол ҳибс қилиниб, қамоққа жўнатилишини билдиради. Жазо муддати у қўлга олинган ёки Россияга экстрадиция қилинган кундан бошлаб ҳисобланади. Шунингдек, суд айблов томони илтимосига биноан, Невзоровга тўрт йил давомида интернетда хабар ва видеолар эълон қилишни тақиқлади.

Ҳукм ўқилишидан бир кун аввал прокурор Невзоровга 9 йиллик қамоқ жазосини сўраганди.

Невзоров Украина босқин бошланганидан сўнг чет элга чиқиб кетган. Россия ИИВ ўтган йилнинг 4 майида уни қидирувга берган, 6 май куни эса Басманний суди уни сиртдан қамоққа олган.

Невзоров 2012 йилги президент сайловида Владимир Путиннинг вакили бўлган эди, бироқ ҳозирги кунда у Қрим Украинага қайтарилишини ва Донбасс тўлиқ озод этилишини талаб қилиб келади. 2022 йилнинг апрелида Россия Адлия вазирлиги Невзоровни “хорижий агент-ОАВлар” рўйхатига киритган.

19:53 1.2.2023

Уруш бўлишига қарамай Марказий Осиёликлар энг кўп Россия фуқаролигини олди

Украинага қарши урушга жўнатишлари хавфи мавжудлигига қарамай 2022 йилда рекорд миқдордаги Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари Россия фуқаролигига кирди.

Бундан ташқари, Россияга меҳнат миграцияси оқими пандемиядан олдинги даражага қайтди. “Настояшчее время” телеканали журналистлари миграцияга доир очиқ маълумотларни таҳлил қилиб, қуйидаги хулосага келишди:

Сўнгги йилда Россия паспортини энг кўп Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари олганлар. Бу чет элликларнинг Россия фуқаролигига кириши тартиб-таомилларининг соддалаштирилгани, шунингдек Украинага қарши давом этаётган уруш билан боғлиқ.

Россия ҳукумати марказий осиёлик мигрантларни қуролли кучларга жалб этиш режасини яширмайди. Сафарбарликнинг биринчи тўлқини бошланганидан кейиноқ Марказий Осиё мамлакатларида одамлар Россияга ишлагани кетган қариндошлари йўқолиб қолгани ҳақида маълум қила бошлашди.

Марказий осиёликлар сафарбарлик хавфига қарамай Россияга ишга келишда давом этишмоқда, чунки ўз ватанларида иш топишлари ҳануз қийин. Россия кам малакали ишчи кучи учун ҳамон имкониятлар манбаи бўлиб қолмоқда.

Мигрантларнинг Россияга қайтиши ва россияликларнинг сафарбарлик туфайли мамлакатни оммавий тарк этиши Марказий Осиё мамлакатларига пул ўтказмалари ҳажми ошишига олиб келди. 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга Россиядан келган пул миқдори 2021 йилнинг шу даврига қиёсан салкам 58 фоизга ошди. Россиядан Қирғизистонга пул ўтказмалари эса 15 фоизга кўпайди.

19:40 1.2.2023

Франция Украинага 12 та Цезар гаубицаси ҳам юборади

Франция Украинага қўшимча 12 та Цезар гаубицасини жўнатади, дея маълум қилди Франция мудофаа вазири Себастян Лекорну:

«Бизнинг ёрдам жамғармамиз Украинага қўшимча 12 та Цезар гаубицаларини ажратганини эълон қиламан».

Украинага қирувчи самолётлар етказиб бериш ҳақидаги саволга у «ҳеч қандай табулар йўқ», дея жавоб қилди.

Лекорну Франциянинг Украинага қурол етказиб бериш борасидаги позициясини яна бир бор таъкидлаб, ёрдам Франциянинг ўз мудофаа салоҳиятини заифлаштирмаслиги кераклиги ҳамда Украина бу қуроллардан фақат ўзини ҳимоя қилиш учун фойдаланиши лозимлигини таъкидлади.

Ўтган ҳафата Украина мудофаа вазири Олексий Резниковнинг маслаҳатчиси Украина Ғарбдан Ф-16 ёки Франциянинг Мираж 2000 тўртинчи авлод қирувчи самолётларини олмоқчилигини ҳам билдирган эди.

Украина мудофаа вазири Франция шу ойда Киевга АМХ-10 RC зирҳли енгил жанговар танкларини бериш тўғрисида қарор қилганини билдирди.

Украина мудофаа вазири Олексий Резников Парижда Франция мудофаа вазири Себастян Лекорну билан музокарадан сўнг бу ҳақда маълум қилди:

«Франция АМХ-10 RC танкларини етказиб беришини эълон қилди. Бу борада Франция ҳамкор давлатлар орасида етакчилигини кўрсатмоқда. Буни кўриш биз учун муҳим»

Франция мудофаа вазири Себастян Лекорну украиналик учувчиларни қирувчи самолётларни бошқаришга ўргатиш муҳокама қилингани, аммо ҳали якуний қарор қабул қилинмаганини билдирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG