"Фақат ғалаба": Подоляк Москванинг музокаралар ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди
Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Россия Украина билан музокараларга тайёрлиги ҳақидаги Москванинг навбатдаги баёнотига муносабат билдирди.
Шанба куни эрталаб Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершинин Россиянинг “Звезда” телеканалига берган интервюсида Москва музокараларга тайёр, лекин ҳеч қандай шартларсиз ва “мавжуд воқелик асосида” эканини айтди.
Михаил Подолякнинг сўзларига кўра, бу баёнот Кремль билан музокаралар ҳақида гап ҳам бўлмаслигидан далолат беради.
“Тинчлик ва музокаралар ҳақидаги мунтазам риторикасида Кремль Украинанинг босиб олинган ҳудудларини тарк этмаслигини ва қилган жиноятлари учун жавоб бермаслигини айтади. Бу музокаралар ҳақида гап бўлмаслигининг яна бир далилидир. Фақат Украинанинг ғалабаси, акс ҳолда Европада уруш тугамайди ва Россия жиноий равишда дунёда ҳукмронлик қилади”, — деб ёзди Подоляк ўзининг Твиттердаги саҳифасида.
Словакия Украинага "МиГ-29" қирувчи учоқлар етказиб бериш бўйича музокаралар бошлаши мумкин
Словакия бош вазири Эдуард Хегер жума куни Киев Словакия ҳукуматига жанговар самолётлар етказиб бериш сўрови билан расман мурожаат қилганидан кейин шундай баёнот берган.
"Украина президенти мендан "МиГ"ларни етказиб беришни сўради. Энди биз Киевдан расмий сўров олдик, музокаралар жараёнини бошлаш мумкин бўлади", - дея эълон қилди Хегер.
Украинага қурол-яроғ етказиб бераётган Ғарб давлатлари ҳозирча Киевга жанговар самолётлар ёки Россиядаги нишонларни ура оладиган узоқ масофали тизимлар етказиб беришдан бош тортган.
9 феврал, пайшанба куни Украина президенти Владимир Зеленский Европанинг бир қанча етакчиларидан Украинага қирувчи самолётлар етказиб беришни бошлашга тайёр эканликларини эшитганини айтди.
Бу Ғарбнинг Украинага ёрдами кўламини кенгайтиришдаги энг муҳим ўзгаришлардан бири бўлади. Музокаралар Словакия ва Украина ўртасида ҳам, Европа Комиссияси иштирокида ҳам ўтказилади. Словакия Украинага қирувчи самолётлар етказиб бериш учун товон пулини сўраши мумкин, деди Хегер. Словакия мудофаа вазири Ярослав Нагининг фикрича, унинг мамлакатига энди "МиГ" қирувчи самолётлари керак эмас. Нагининг сўзларига кўра, "учоқлар масаласи"да ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.
Зеленский ХОҚни Париж Олимпиадасида Россиянинг иштирок этишини тақиқлашга чақирди
Украина президенти Зеленский Халқаро Олимпия қўмитаси раҳбариятини Россияни 2024 йилги Париж Олимпиадасида иштирок этишини тақиқлашга чақирди.
Украина раҳбари Россиянинг ўйинларда иштирок этиши “зўравонлик ва қонунсизлик машрулаштириш” бўлишини айтди. Украина, Польша ва Болтиқбўйи давлатлари дохил 35 давлат Россия ва Беларус спортчиларининг 2024 йилги Олимпиада ўйинларидан четлаштирилиши талаб қилмоқда.
Бу халқаро олимпия қўмитаси Украинадаги қонли можаро туфайли дунёдаги энг йирик спорт мусобақаси парчаланишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда.
Украина россиялик ва беларуслик спортчилар мусобақалашса, ўйинларни бойкот қилиш билан таҳдид қилган. Польша спорт вазири Камил Бортничукнинг айтишича, ҳозирча бойкот муҳокама қилинмаган.
"Ҳозирча бойкот ҳақида гапириш вақти эмас", деди у матбуот анжуманида ва биринчи навбатда ХОҚга босим ўтказишнинг бошқа усуллари борлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, иштирокчиларнинг аксарияти Россия ва Беларус спортчиларини мутлақ четлатиш тарафдори бўлган.
Россия март ойидан кунлик нефт қазиб олишни 500 минг баррелга қисқартирмоқчи
Россия март ойида нефт қазиб олишни кунига 500 минг баррелга қисқартиради. Бу ҳақда Россия бош вазир ўринбосари Александр Новак маълум қилди. Бу қисқартириш ишлаб чиқаришнинг тахминан 5 фоизини ташкил қилади ва Ғарб Россия нефтига нархларни чеклашдан кейин содир бўлди
Унга кўра, Ғарбнинг Украинадаги уруш туфайли қўйган санкциялари маълум даражада таъсир қилган. Декабр ойида G7, Европа Иттифоқи ва Австралия Москвага қарши янги жазо чораларига келишиб олдилар.
Бу чеклов Ғарб томонидан етказиб бериладиган денгиз суғуртасидан фойдаланишни, бир баррел учун 60 доллардан юқори бўлган Россия нефтининг денгизда ташилиши учун молия ва воситачиликни тақиқлайди. Европа Иттифоқи, шунингдек, 5 февралдан бошлаб Россиядан нефт маҳсулотларини сотиб олишни тақиқлади ва нарх чегараларини белгилади.
Энди бўлажак ишлаб чиқариш қисқариши Россия нефт ишлаб чиқаришининг ўтган йилнинг апрел ойидан бери энг катта пасайишини англатади. Ғарб санкциялари биринчи марта қўлланилганидан кейин у деярли 9% қулаб тушди.
Ўшандан бери Россия нефт сотиш учун логистика занжирларини асосан Осё давлатлари ҳисобидан ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда. Январ ойида 25 миллиард доллар дефицитга учраган Москва давлат бюджети учун нефт асосий даромад манбаи ҳисобланади.