FT: АҚШ F-16 учоқлари Украинага берилишини ёки реэкспорт қилинишини истисно этмайди
The Guardian: Эрон Россияга узоққа учадиган зарбдор дронлар берган
Ноябрь ойида Эрон Россияга Украинада қўллаш учун камида 18 та олисга учар ракета отувчи дронларни яширинча етказиб берган
Бу ҳақда The Guardian дронлар олди-сотдиси, уларнинг имкониятлари ва ишлаб чиқариш билан хусусиятларидан хабардор Эрондаги манбаларига таянган ҳолда хабар берган.
Газета суҳбатдошига кўра, Россия қарийб 200 километр масофага уча оладиган ва ҳар бир қаноти остида биттадан ракета ташийдиган Mohajer-6 дронларидан олтита ҳамда Shahed 191 ва 129 русумли дронлардан 12 та олган.
Кейинги икки дрон кучайтирилган двигателларга эга бўлиб, бомбаларни нишонга ташлагач, базага қайтиб кела олади.
Дронларнинг катта қисми Россияга Каспий денгизи орқали катерда яширинча жўнатилган бўлса, қолганини Эроннинг давлат авиаширкати етказиб берган.
Шунингдек, газета манбаси Эрон фойдаланишни ташкил қилишда кўмаклашиш учун Москвага 54 нафар мутахассис йўллаганини билдирган.
Хабар қилинишича, дронлар ноябрь ойида Россия делегацияси ташрифидан сўнг етказиб берилган – ушбу ташрифдан бир неча кун олдин эса Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Эрон Россияга дронлар берганини илк бор тан олган эди.
Россиянинг янги ҳужумлари туфайли Донецк вилояти аҳолиси озиқ-овқат, электр ва сув таъминотисиз кун кечирмоқда
Донецк шимолида жойлашган Святоирск шаҳри ўтган йилнинг сентябр ойида Украинанинг қарши ҳужумлари натижасида озод қилинди.
«Ҳеч ким чақирмаган бўлсада, руслар бу ерга келишди. Ҳозир эса буни натижасини кўриб турибсиз, ҳамма уйлар вайрон бўлган. Бу нега керак? Билмадим. Бу нарсалар 21 асрда содир бўлмаслиги керак эди. Қўшниларим ҳалок бўлди», дейди шаҳар турғуни Валерий.
Шаҳарда қолган кам сонли аҳоли кўнгиллилар олиб келадиган озиқ-овқат билан кун кечирмоқда.
80 ёшли Тамара Евдокимова Россия кучлари уни «қийноққа солганини» билдирди.
«Улар мени қийноққа солишди. Беш ойдан бери эшитмайман. Жарроҳ бўлиб ишлаганман. Руслар тишимни суғуриб олишди Нима ҳам қила олардим?»
У АП журналистига ҳовлисидаги рус армияси танкининг қолдиқларини кўрсатди.
"Нима қилишни ҳам билмайман. Тинчлик бўлишини хохлайман. Иккинчи жаҳон уруши даврида туғилганман. Нега энди бошқа бир уруш даврида ўлишим керак?”
Зеленский: "Россиядан янги терактлар кутиш мумкин"
Украина президенти Владимир Зеленский Россия ҳужумлари натижасида вайрон бўлган энергетика тизимларини тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни олқишлар экан, буни энергетика соҳасида ғалаба сифатида эътироф этишга ҳали эрта эканлигини таъкидлади.
«Ўтган ҳафтада содир бўлган йирик ракета ҳужумларидан сўнг, дам олиш кунларини узилишларсиз ўтказаётганимизнинг ўзи энергетикларимизнинг профессионаллигини кўрсатади», деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида:
«Бир нарсани тушунишимиз керак: бу энергетика соҳасида ҳали ҳал қилувчи ғалаба дегани эмас. Россиядан янги терактлар кутиш мумкин. Агар яна ҳужум амалга оширилса ёки истеъмолда ўсиш кузатилса, янги чекловлар бўлиши мумкин».
Зеленский янги ҳафтада ҳам режалаштирилган узилишлар бўлишини маълум қилди.
Россия сўнгги ойларда Украина энергетика тизимини муттасил бомбардимон қилиб келмоқда. Натижада миллионлаб украиналиклар электр, иситиш ва сув таъминотисиз қолди.