Рус қўшинлари Херсон марказини ўққа тутди, қурбонлар ва ярадорлар бор
Россия қўшинлари Херсон марказига артиллерия зарбаси берди, камида олти киши ҳалок бўлгани маълум, деди Херсон мудофаа комендатураси раҳбари Дмитрий Плетенчук Суспилна нашрига.
“Суспилна”нинг ёзишича, снарядлар ўша пайтда одамлар бўлган шаҳар марказидаги жамоат транспорти бекатига келиб тушган. Ҳалок бўлганлар ва яраланганларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум.
Шаҳар ўққа тутилганини Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудин ҳам тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, шаҳарда камида 20 та портлаш овози эшитилган. Тахминларга кўра, отишма Град ялпи ўт очиш тизимларидан амалга оширилган.
Украина президенти Владимир Зеленский Херсоннинг ўққа тутилиши чоғида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва “дунё Россиянинг тажовузкорлиги ва шафқатсизлиги чегара билмаслигини бир дақиқага ҳам унутишга ҳаққи йўқ”, деди.
Пригожин Сергей Шойгуни «давлатга хиёнат»да айблади
«Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати асосчиси Евгений Пригожин Россия мудофаа вазири ва бош штаб бошлиғини Вагнер жангчиларини ўқ-дорилардан маҳрум қилиб, гуруҳни йўқ қилишга уринишда айблади. Пригожиннинг таъбирича бу ҳаракатлар ватанга хиёнат билан баробар.
Бизнесмен Евгений Пригожинга тегишли Вагнер ширкати Донецк вилоятининг Бахмут шаҳрини эгаллаш учун бир неча ойдан бери курашиб келмоқда.
«Буни тўғридан-тўғри қаршилик дейиш мумкин. Бу Вагнерни йўқ қилишга уринишдан бошқа нарса эмас. Вагнер ҳар куни юзлаб жангчиларини йўқотиб, Бахмут учун курашаётган пайтда буни давлатга хиёнат билан тенглаштириш мумкин», дея Пригожин ўзининг Телеграм каналида пост қолдирди
Бу Пригожин икки кун ичида эълон қилган иккинчи шундай шикоят. Душанба куни у исми ошкор этмаган ҳолда баъзи амалдорлар унга нисбатан шахсий адовати туфайли Вагнерни таъминотдан узганидан шикоят қилган эди.
«Бош штаб бошлиғи ва мудофаа вазири Вагнерни ўқ-дори таъминоти ҳамда ҳаво транспорти ёрдамидан узишга буйруқ берган», — деди Пригожин.
Пригожин анчадан бери юқори мартабали рус қўмондонларини лаёқатсизликда айблаб, танқид қилиб келади.
Унга кўра, мудофаа вазирлиги Бахмут атрофидаги Вагнернинг муваффақиятларини ўзиники қилиб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги Пригожиннинг сўзларига изоҳ бермади.
АҚШ президенти Байден Полшага келди
21-феврал, сешанба куни Варшавада АҚШ (АҚШ) президенти Жо Байденни полшалик ҳамкасби Анжей Дуда кутиб олди.
Икки лидер Украинани жамоавий қўллаб-қувватлашни муҳокама қилиш учун учрашди. Байден Варшавага АҚШ ва бошқа жойлардан ҳарбий ва гуманитар ёрдам олиб келишда кўмаклашгани учун Дудага миннатдорчилик билдирди.
Дуданинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчисининг сўзларига кўра, президентлар Полша хавфсизлиги, шунингдек, ҳудуддаги трансатлантик ҳарбий иттифоққа ресурслар ажратиш масаласини ҳам муҳокама қилишни режалаштиришган.
Байден Варшавага 20-феврал душанба куни кечки пайт Киевда Владимир Зеленский билан учрашганидан сўнг етиб келди.
Байденнинг Полшага ташрифининг бошқа тафсилотлари билан кейинги дастуримизда танштирамиз.
Салливан: Байденнинг Полшадаги нутқи Путиннинг нутқига жавоб бўлмайди
АҚШ президенти Жо Байденнинг 21-феврал куни Варшавада қиладиган нутқи Россия президенти Владимир Путиннинг бугунги нутқига тўғридан-тўғри жавоб бўлмайди.
Путин бу йиғилишда бошқа масалалар қатори Россиянинг стратегик ядровий қуролларни чеклаш бўйича келишувдаги иштирокини тўхтатганини эълон қилган эди. Бу ҳақда Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди, дея хабар беради Франс Пресс агентлиги.
Унинг сўзларига кўра, Байден Украинадаги уруш тафсилотларига тўхталиб ўтирмайди, аксинча, демократик давлатлар ва авторитар режимлар ўртасидаги қарама-қаршилик ҳақида кенгроқ тасаввур беради, жумладан, “асосий тамойилларни йўқ қилишга интилаётган тажовузкорларни қоралайди”.
Аввалроқ АҚШ расмийлари Байден нутқида рус халқига мурожаат бўлишини маълум қилганди.
Путиннинг баёноти ҳақида гапирар экан, Салливан Россия президентининг Ғарбни Россияга қарши тажовузда айблашини “абсурд” деб атади. “Ҳеч ким Россияга ҳужум қилмаган”, деди Оқ уй маслаҳатчиси.
Унинг сўзларига кўра, Путиннинг ўзи урушни танлаган, агар Россия президенти уни тўхтатиш ва қўшинларни олиб чиқишга қарор қилса, уруш тугаши мумкин.
Жо Байден урушнинг бир йиллиги арафасида Киевга олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан борди ва АҚШ Украинани қўллаб-қувватлашига яна бир бор ишонтирди.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг алянс Москванинг СТАРТ шартномасидаги иштирокини тўхтатиш қароридан афсусда эканини айтди.
Шунингдек, у Путиннинг нутқи Россия томонининг кескинлашуви ва урушни давом эттиришга тайёрлигидан далолат эканини қўшимча қилди.