Украина аскари дрон ёрдамида рус дронини уриб туширди
Украина жануби-шарқидаги Угледар яқинида украин аскари ўз дрони билан Россия дронини қандай уриб туширганини сўзлаб берди.
Ўзини Данило деб таништирган ҳарбий хизматчи Угледар яқинида дрон ёрдамида доимий разведкани амалга оширади.
«21-асрда разведка мана шундай амалга оширилмоқда. 2014 йилдаги каби разведка гуруҳини душман олдига юбориш шарт эмас. Разведка учун энди шунчаки дронни ишга туширамиз, унинг оператори ҳам хавфсиз бўлади», деди Данило.
Данилонинг бўлинмаси дрон жанг майдонида рус дронини қулатгани акс этган видео билан бўлишди.
Рейтерс агентлиги кадрлар ҳаққонийлиги ва унинг санасини аниқлай олмади.
Баҳорда Угледар фронт чизиғида вазият қандай тус олиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Данило ҳар икки томонда ҳам кўпроқ дронларни қўлланиши мумкинлигини айтди:
«Баҳорда об-ҳаво яхши бўлади. Бу дронлар учун каттароқ ҳудудни кузатишга имкон беради. Шундай экан, баҳорда дронлардан фойдаланиш ортади».
Украина ва Россия кучлари уруш давомида разведка ва душман нишонларига зарба беришда дронлардан кенг фойдаланиб келмоқда.
Россия мудофаа вазири Украинадаги рус ҳарбий қўмондонлари билан учрашди
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу кеча Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов ва унинг ўринбосари генерал Сергей Суровикин билан учрашди.
Учрашувда қўшинларни қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ўқ-дорилар билан таъминлаш масалалари, шунингдек, захира бўлинмаларининг жанговар тайёргарлиги масаласи муҳокама қилинди, дейилади Россия Мудофаа вазирлиги берган баёнотда.
«Биз сиздан мамлакатимиз учун жуда зарур бўлган янги ғалабалар ва янги ютуқларни кутамиз», деди Шойгу.
Сергей Шойгу Украинада жойлашган Россия қўшинлари базасига камдан-кам ташриф буюради. У мазкур ташриф мобайнида ҳарбий хизматчиларни медаллар билан тақдирлади, юқори лавозимли қўмондонлар билан учрашди.
Трамп «Россия ва Украина ўртасидаги қирғинбарот урушни» тугатиши мумкинлигини айтди
Кеча Вашингтонда Республикачилар партиясининг йиллик йиғилишида мурожаат қилган Трамп ўзини «Учинчи жаҳон уруши»ни олдини оладиган ягона номзод деб атади:
«Мен бугун шу ердаман ва бу миссияни қила оладиган ягона номзодман. Учинчи жаҳон урушини жуда осонлик билан олдини оламан. Дунё яна бир жаҳон урушига қараб кетяпти. Агар тезроқ ўзгаришлар қилинмаса, биз Учинчи жаҳон урушини кўрамиз».
Трампга кўра, унинг Путин билан муносабатлари яхши ва Россия президенти унга қулоқ солади. «Бу учун бир кундан кўп вақт кетмайди», деди Трамп.
Трампнинг мазкур мурожаатини унинг тарафдорларидан бошқалар ҳам қўллайдими ёки йўқ бу савол остида.
Сўровномалар шуни кўрсатдики, республикачилардан кўпчилик сайловда ғалаба қозониш учун Флорида губернатори Рон ДеСантис каби номзод бўлиши керак деб ҳисобламоқда.
Қўшма Штатлар янги ёрдам пакетида Украинага ҲИМАРС ва Брадлей пиёда жанговар машиналари учун 400 миллион долларга ўқ-дори беради
АҚШ Давлат департаменти Украинага 400 миллион долларлик янги, 33-ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди. Бу ҳақда агентлик сайтида хабар берилди.
Ушбу пакетга бир нечта ҲИМАРС ракета тизимлари ва Брадлей пиёдалар жанговар машиналари учун ўқ-дорилар, шунингдек М777 гаубицалари учун снарядлар ва танкка кўприк қурадиган техникалар киради.
"Россиянинг ўзи бугун ўз урушини тўхтатиши мумкин. Россия буни қилмагунча ва қанча вақт керак бўлса, биз Украина музокаралар столида энг кучли позицияда бўлиши учун унинг қуролли кучларини кучайтирамиз", - деди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.
Умуман олганда, Россиянинг кенг кўламли тажовузи бошланганидан бери Қўшма Штатлар Украина Қуролли кучларига 32,2 миллиард долларлик қурол-яроғ берган.
Аввалроқ Россия босқинининг бир йиллиги арафасида Украина пойтахтига ташриф буюрган АҚШ президенти Жо Байден “жуда муҳим техника”, жумладан, артиллерия ўқ-дорилари, танкка қарши тизимлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг етказиб берилишини маълум қилганди.