Вагнер Бахмутдан бўлинмаларини олиб чиқишни бошлади
Россиянинг “Вагнер” ёлланма гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин Бахмут шаҳридан ўз қўшинларини олиб чиқиб, ўз позицияларини рус қўшинларига ўтказишни бошлади, дея хабар қилди.
"Нима гап йигитлар? 10-15 дақиқада йўлга чиқамиз. 1 июнгача ҳамма бу ердан кетади. Биз дам оламиз, тайёрланамиз, кейин яна янги топшириқ оламиз. Позицияларимизни каравот ва чойшаблари билан армия ҳарбийларга топширяпмиз. Совунни уларга қолдиринг, лекин тиш чўткаларини ўзингиз билан олинг. Эҳтиёт бўлинглар йигитлар! Тиқилинчда қолмайман десангиз, тезроқ ҳаракат қилинг”, деди Пригожин.
Рейтерс агентлиги видеодаги тасвир Бахмутнинг шарқи эканлигини тасдиқлашга муваффақ бўлди.
Пригожин 20 май куни Бахмут қўлга олинганини эълон қилди.
Вагнер раҳбари агар рус армияси Бахмутни бошқара олмаса, Бахмутга яна қайтишга тайёрлигини айтган.
Пригожин, шунингдек, Бахмут учун жангларда 20 мингга яқин одамини йўқотганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганларнинг 10 минг нафари Вагнер жангчиси, қолган 10 минг нафари эса колонияларда ёлланган маҳбуслар.
2023 йилнинг январь ойида АҚШ Молия вазирлиги Украина урушидаги иштироки ҳамда Украина, МАР ва Малида содир этилган кўплаб ҳарбий жиноятларга гумонлар туфайли “Вагнер” ХҲШни трансмиллий жиноят ташкилоти деб эълон қилган.
Буюк Британия, Франция, Литва, Канада парламентлари ҳам “Вагнер” ХҲШни террор ташкилоти деб тан олган.
Украина Мудофаа вазирлиги "Вагнер" Бахмут яқинида қайта гуруҳланганини тасдиқлади
Мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг сўзларига кўра, Бахмут чеккасидаги Вагнер бўлинмалари РФ Қуролли кучларининг мунтазам армия отрядлари билан алмаштирилган. Вагнерчилар ҳали ҳам шаҳарнинг ўзида қолмоқда.
Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмидаги “Самолёт” ҳудудидаги чекка ҳудудларни назорат қилади.
Михаил Подоляк: Украина армияси қарши ҳужумни бошлади
Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк мамлакат қуролли кучларининг қарши ҳужуми бошланганини айтди.
“Қарши ҳужум бир неча кундан бери давом этяпти, 1500 километр чегарада қизғин уруш бўлмоқда, ҳаракатлар аллақачон бошланган”, деди у Италиянинг Rai телеканалига берган интервьюсида.
Мулозимга кўра, Украина Россия ҳудудига зарба бермоқчи эмас, иттифоқчилар берган қуроллар Россия оккупация қилган ҳудудлар, жумладан, Донбасс ва Қримдаги нишонларни йўқ қилиш учун қўлланади.
“Бугун бизнинг ихтиёримизда узоқ масофадаги нишонларни урадиган Storm Shadow ракеталари, Leopard танклари, Франция ва Италия берган ракетага қарши тизимлар бор. F-16 қирувчи учоқлари эса, ниҳоят, ҳаво ҳудудимизни ёпишга имкон беради”, деди Михаил Подоляк.
Унинг фикрича, Украина F-16 қирувчи учоқларини бир йил аввал олганида “уруш аллақачон тугаган бўларди”.
Киев ва Днепрга ракета ҳужумлари
26 май куни пойтахт Киев, Днепр шаҳри ва Украинанинг шарқий вилоятларт ракета ҳужумига тутилди.
Украин расмийлари Россия томонидан учирилган 10 та ракета ва 20 дан ортиқ дронни уриб туширганини маълум қилди.
Россия шу ой бошидан Украинага ракета ва дрон ҳужумларини кучайтирди, Украинанинг кутилаётган қарши ҳужумидан олдин логистика ва инфратузилма объектларига ҳужум қилмоқда.
Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Каспий денгизидан учирилган 10 та ракета, Эронда ишлаб чиқарилган 23 та “Шаҳед” ва иккита разведкачи учувчисиз учоқни уриб туширганини маълум қилди.
Жумага ўтар кечаси олти соат давом этган ҳужумлар давомида жами 17 та ракета ва 31 та дрон учирилган.
Ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Киев расмийларига кўра, савдо мажмуаси, хусусий уйлар ва бир нечта машина шикастланган.
15 ой олдин кенг кўламли босқинни бошлаган Россия ўтган октябр ойидан бери муҳим инфратузилма ва электр иншоотларини йўқ қилишга интилиб, Украинага қарши юзлаб ракета ҳужумларини уюштирди.
Украина манбалари: "Иван Хурс" дрон ҳужумида шикастланган
Россиянинг "Иван Хурс" электрон разведка кемаси Украина ҳарбий-денгиз кучларининг учувчисиз учоқларининг Қора денгиздаги ҳужуми натижасида зарар кўрди, деб даъво қилмоқда "Украйинска правда" "ҳарбий доиралар"даги исми ошкор этилмаган суҳбатдошига таяниб:
У чўкмаган, аммо зарба еган. , корпус ва жиҳозларга жиддий зарар етган. Ҳозир руслар шошиб таъмирламоқда уни". Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашченконинг айтишича, дрон "кеманинг тўғридан-тўғри ёнида портлаган ва унга жиддий зарар етказган".
Ушбу маълумотни мустақил равишда тасдиқлаш имконсиз.