Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси фуқароларни огоҳлантирди
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларни жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш ҳақида огоҳлантирди. Элчихона ўзбекитонликларни" тасдиқланмаган маълумотларга берилмаслик" ва расмийларнинг кўрсатмаларига амал қилиш"га чақирган.
"Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида амалда бўлган жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишга, Россия ва Украинанинг чегарадош ҳудудларига саёҳат қилмасликка, одамлар гавжум жойларга ташриф буюрмасликка чақиради.
Ахборот майдонида тарқатилаётган тасдиқланмаган маълумотларга берилмаслик ва мамлакат расмий вакилларининг кўрсатмаларига амал қилишни сўраймиз.
Сизга қулайлик яратиш мақсадида мамлакатимизнинг Россиядаги барча дипломатик ваколатхоналари тўлиқ иш режимида ишлайди.
Зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонасининг ягона Call-марказига зудлик билан мурожаат қилишларини сўраймиз: +7-499 230-00-76, +7-499 238-36-20", дейилади баёнотда.
Халқаро ҳамжамият Россиядаги вазиятни яқиндан кузатмоқда
Европа Иттифоқи Россиядаги вазиятни кузатиб турибди ва юз бераётган воқеаларни мамлакатнинг ички иши, деб ҳисоблайди. Еврокомиссия вакили “Вагнер” ХҲШ асосчиси Евгений Пригожиннинг исёнга чақириқлари юзасидан изоҳида шундай баёнот берди.
Ўз навбатида, Польша президенти Анжей Дуда мамлакат ҳукумати раҳбари ва миллий мудофаа вазирлиги билан Россиядаги вазият хусусида маслаҳатлашганини билдирди. Дудага кўра, Россиядаги вазият узлуксиз кузатиб турилибди.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Пригожин билан боғлиқ воқеаларни сўнгги вақтларда Россия давлати дуч келган энг катта муаммо, деб атади.
Оқ уй Хавфсизлик кенгаши вакили “Америка овози” радиоси билан суҳбатда Вашингтон вазиятни кузатаётганини айтди. “Биз иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан маслаҳатлашамиз”, деди Адам Ҳож.
Россияда бўлаётган воқеаларга диққат-эътиборини Германия ва Франция вакиллари ҳам билдиришди. Елисей саройи Париж ҳануз Украинани қўллаб-қувватлашда собитлигини қўшимча қилди.
Киев эса “Россияда воқеалар энди бошланмоқда”, дея баёнот берди. “Элита ўртасидаги тарқоқлик кундек равшан бўлди. Улар ўзларини гўё ҳамма иш жойидадек тута олишмайди”, деб ёзди “Твиттер”да Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк.
Пригожиннинг исёни: Сўнгги вазият
"Настояшчее время" телеканали Россиядаги қуролли қўзғолонни жонли эфирда ёритмоқда.
Путин Мирзиёев билан телефонда гаплашди
Президент Путин 24 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Беларус раҳбари Александр Лукашенко ҳамда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевлар билан телефон мулоқоти ўтказган. Кремль тарқатган хабарда Путин "суҳбатдошларига мамлакатдаги вазият ҳақида ахборот бергани" айтилади. Хабарда телефон сўзлашуви қайси томоннинг ташаббуси билан ўтказилгани айтилмаган.
Тошкент вақти билан соат 15.48 ҳолатига Ўзбекистон президентининг расмий вебсайти ва ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаларида Путин билан сўзлашув ҳақида хабар пайдо бўлгани йўқ.
Аввалроқ Қозоғистон президенти Тоқаев Путин билан сўзлашув чоғида Россиядаги воқеалар бу мамлакатнинг "ички иши" эканини уғулагани хабар қилинганди.
Қозоғистон ва Беларус Россия етакчилигидаги ҳарбий блок - КХШТ аъзоси ҳисобланади. Ташкилот низомига мувофиқ аъзо давлатга ташқаридан тажовуз бўлгани тақдирда ташкилот ҳарбий мудохала қилиши мумкин.
Ҳозиргача КХШТ Россиядаги вазият юзасидан бирон баёнот бергани йўқ.