“Вагнер” Ростовдан чиқиб кетди
Ростов губеренатори Голубев “Вагнер” ХҲШ вилоятдан чиқиб кетганини маълум қилди.
"Бу фавқулодда вазиятда Ростов областида инсонлар ҳаётини сақлаш бўйича хизмат қилган барчага миннатдорлигимни билдираман”, деди у.
Россиядаги ўзбекистонликлар тақдири
"Вагнер"чиларнинг бир кунлик исёни давомида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчтхонаси ватандошларни жамоат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга чақирди.
Россияда расмий маълумотларга кўра, 2 миллион, норасмий маълумотларга кўра, 4 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор.
Элчихона ўзбекистонликларни жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, Россия ва Украинанинг чегарадош ҳудудларига саёҳат қилмаслик, одамлар гавжум жойларга бормасликка чақирди. Бундан ташқари, маълумотларни расмий давлат манбаларидан олишни тавсия қилди.
“Вагнер” ХҲШнинг Москвага юриши бошланганидан сўнг Ўзбекистон президентининг президент Путин билан мулоқот қилгани хабар қилинди.
Бундан ташқари, Путин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан ҳам телефонда гаплашган. Кремль тарқатган хабарда Путин "суҳбатдошларига мамлакатдаги вазият ҳақида ахборот бергани" айтилади. Хабарда телефон сўзлашуви қайси томоннинг ташаббуси билан ўтказилгани айтилмаган.
Тармоқлар хулосаси
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида кўриниб қолган фаоллар "Вагнер" ХҲШнинг бир кунлик исёни борасида ўз хулосаларини ўртоқлашмоқда.
Муҳрим Аъзамхўжаев бу воқеалар давлатни қандай бошқармаслик бўйича қўлланма, деб ёзди:
"Сўз ва матбуот эркинлигининг бўғилиши, фикрлар хилма-хиллигига тоқатсизлик, сайловларнинг қимматбаҳо ва кулгили томошага айлантирилиши, чекланмаган ҳокимиятнинг бир қўлда тўпланиб қолиши, ҳокимиятлар бўлиниши ва бир-бирини тийиб туриши принципларининг фалаж қилиниши – бари якунда мамлакатнинг шарманда ва пароканда бўлишига олиб борувчи омиллардир. Хулоса қилиш керак. Ва журъатли бўлиш керак".
Иқтисодчи Отабек Бакиров, Россиядан Ўзбекистонга шу кунларда пул юбормай турган маъқул, деб тавсия қилди:
"Душанба тонгга яқин глобал биржалар фаолиятини бошласа, агар Москва биржаси очилса (КТО режими тугатилмаса, очилмаслигиям мумкин), долларнинг рублга реалликка яқин нисобини кўриш мумкин бўлади. Унгача доллар олишни, Ўзбекистонга пул ўтказишни, ҳозирги спекулятив курсда битим ва келишувлар тузишни тўхтатиб турган маъқул".
Яна бир таниқли блогер Нозим Сафарий Путин Пригожин билан келишишга мажбур бўлди, деб ёзди:
"Агар ростдан ҳам Шойгу ва ёрдамчилари ишдан кетса бу Пригожиннинг талаби қондирилганини англатади. Пригожин бошиданоқ мана шу талабни қўйган эди".
АҚШ разведкаси Пригожиннинг режасига доир “сигналлар” олган
АҚШ разведкаси “Вагнер” ХҲШ раҳбари Евгений Пригожин Россия олий ҳарбий раҳбариятига қарши бош кўтаришни режалаган бўлиши мумкинлиги ҳақида юқори мартабали шахсларга маълумот берган.Бу ҳақда исми очиқланмаган манбаларга таянган ҳолда The New York Times, Washington Post ва CNN хабар бермоқда.
Хусусан, Washington Post разведка Пригожиннинг исён кўтариш режасидан июнь ойи ўрталарида воқиф бўлган, деб ёзди.
Олинган хабарлар жиддий баҳоланган – АҚШ таҳлилчилари Владимир Путин ҳокимиятни сақлаб қолишига шубҳа қилишган, шунингдек Россия ядровий арсенали тақдиридан хавотир олишган.
Аммо Пригожин қачон бош кўтариши ва айнан қандай ҳаракат қилиши хусусида разведкада аниқ маълумот бўлмаган, улар исёндан дарак берувчи “сигналлар” олишган, холос.
Манбаларга кўра, 21 ва 22 июнь кунлари разведка вакиллари вазият ҳақида АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали мулозимларига ва Конгресс аъзоларига ҳисобот берганлар.
CNN хабар қилишича, разведкачилар “Вагнер” ўз кучларини Украинанинг босиб олинган ҳудудларида – Россия чегараси яқинида тўплаётгани ҳақида огоҳлантиришган.
Бироқ юз берган воқеалар шиддати АҚШ расмийларини ҳайратга солган.
“Вагнер” ХҲШ асосчиси Пригожин исён бошлаганини 23 июнь, жума оқшомида эълон қилди. Шу билан бирга, у армия олий раҳбариятини кўпдан бери очиқча танқид қилиб келаётган эди.
24 июнь, шанба куни Оқ уй матбуот хизмати баёнот чиқариб, президент Жо Байден ҳамда вице-президент Камала Ҳаррисга Россияда бўлаётган сўнгги воқеалар юзасидан миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар томонидан ахборот берилганини билдирди.
Оқ уйда бўлиб ўтган кенгашда, жумладан, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен, Пентагон раҳбари Ллойд Остин, Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Марк Милли ҳамда МРБ директори Уильям Бёрнслар иштирок этган.
Шунингдек, президент Байден Россиядаги вазиятни Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шольц ҳамда Буюк Британия бош вазири Риши Сунак билан телефон орқали муҳокама қилган.
Улар “Украинани қўллаб-қувватлашдан қайтмасликларини” тасдиқлаганлар, Оқ уй хабарномасида бошқа тафсилотлар йўқ.
Оқ уйдаги кенгаш Пригожин 24 июнь оқшомида Москвага ҳаракатни тўхтатиб, одамларини дала лагерларига қайтаражагини эълон қилишидан олдин ўтказилгани айтилмоқда.