Зеленский Запорожье атом электр станциясида “хавф” сақланиб қолаётганини айтди
Владимир Зеленский тунги видеомурожаатида Украина разведкасига таянган ҳолда Россия АЭСни портлатишга “техник жиҳатдан тайёрлигини” таъкидлади:
"Жиддий таҳдид мавжуд. Россия техник жиҳатдан станцияни портлатишга тайёр. Бу эса радиоактив ҳалокатга олиб келиши мумкин".
Украина ҳарбий разведкаси аввалроқ Россия қўшинлари заводни миналаштирганини маълум қилган эди.
Зеленский Испания бош вазири Педро Санчес билан Киевда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида бу ҳақида гапирди.
Зеленский Запорожье АЭСдаги вазиятга халқаро жамоатчилик эътиборини кучайтиришга ҳамда Россиянинг “Росатом” давлат ядро ширкатига қарши санкциялар жорий этишга чақирди.
Санчес Испания Украинани қўллаб қувватлашини билдириш учун Киевга ташриф буюрганини билдирди:
“Испания Украинани қайта тиклашга 55 миллион евро ажратаётганини эълон қилишдан хурсандман. Шундан 51 миллион евро Жаҳон банки орқали йўналтирилиб, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб қувватлашга қаратилади."
Киев ва Москва бир-бирини Запорожье АЭСни ўққа тутганликда айблаб келади.
Испания бош вазири Санчес Украина президенти Зеленский билан учрашди
Испания бош вазири Педро Санчес Киевгага келди ва Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашди
"Ушбу оғир даврда Украинага ташрифингиз аҳамиятли. Дўстларимиз билан мулоқот ва бу каби ташрифлар Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириш учун ғоят муҳимдир", деди Зеленский.
Киев Санчес Украинага Лотин Америкасида “таъсир ўтказиш”га ёрдам беришига умид қилмоқда. Лотин Америкасининг бир қанча давлатлари Украинадаги урушда Россияга хайрихоҳлик намойиш қилмоқда.
“Ҳозир Испания, Европа ва айниқса, Украина учун жуда муҳим давр. Мен бу ерга келганимдан жуда хурсандман. Бир йилдан кўпроқ вақт ўтди, жаноб Зеленский сиз менинг дўстимсиз, деб айта оламан", деди Испания Бош вазири Педро Санчес.
Санчеснинг айтишича, унинг Украинага ташрифидан мақсад Украинани қўллаб-қувватлашини билдириш.
Киевга ҳужум қилган Шаҳид дронларининг барчаси уриб туширилди
2-июлга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Киевга Шаҳид камикадзе дронлари билан ҳужум қилди. Украина расмийларининг таъкидлашича, барча дронлар ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган.
Бу ҳақда Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти хабар берди. Бу сўнгги 12 кун ичида Эрон дронлари билан Киевга қилинган биринчи ҳужумдир.
Бошқарма раҳбари Сергей Попконинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари барча дронларни аниқлаб йўқ қилган.
Кейинроқ Киев вилояти маъмурияти раҳбари Руслан Кравченко дронларнинг тунги ҳужуми натижасида ҳеч қандай объектга зарар етмаганини маълум қилди.
«Бироқ иккита туманда 3 та хусусий уй вайронага айланган. Улардан бири ёниб кетди, пол ва деворлар шикастланган. Ёнғин ўчирилди. Яна иккита уйда – том, фасад, деразалар шикастланган”, - дея Кравченко сўзларидан иқтибос келтирган Россия ҳарбий-ҳаво кучлари хизмати.
Шунингдек, бир нафар фуқаро оёғидан жароҳат олгани ҳақида хабар берилган.
Россия ва Украина бир-бирининг нишонларига ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди
Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков Россия қўшинлари ўтган 24 соат ичида Украина армиясининг Лиман ва Донецк йўналишидаги ҳужумларини тўхтатиб Украина қўшинларига ҳужум қилганини билдирди.
Конашенков Россия кучлари Украина ҳарбий техникаларини ёқилғи билан таъминлайдиган Запорожье яқинидаги ёқилғи омборларига ҳужум қилганини тасдиқлади.
Ўз навбатида Украина Қуролли кучлари Бош штаби Бахмут, Маринка ва бошқа ҳудудларда Украина ва Россия қўшинлари ўртасида бир нечта жанглар бўлганини маълум қилди.
Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа қўмондонлик пунктлари ва бошқа нишонларга бир қатор зарба берди, дея хабар берди Бош штаб.
Шунингдек ҳисоботга кўра, Украинанинг ракета-артиллерия бўлинмалари Россия қўмондонлик пунктлари, шахсий таркиби ва ўқ-дори омборлари ҳамда артиллерия бўлинмаларига зарба берган.
Зеленский Одессада Украина денгиз флоти кунини нишонлади
Украина президенти Владимир Зеленский Одессада ҳарбий-денгиз кучлари байрами муносабати билан бир гуруҳ ҳарбийларни орденлар билан тақдирлади ва уларга Украина сувларини муносиб ҳимоя қилаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Зеленский ҳарбий денгиз кучларни Россиянинг "Москва" флагмани чўктиргани ва Змиинйи оролини озод қилганини эътироф этди.
“Россия флагманининг чўктирилгани Кремльнинг юзига тортилган шундай қаттиқ тарсаки бўлдики, улар ҳалигача бу йўқотишнинг бор тафсилотларини ошкор қилишдан қўрқишади”, деди Владимир Зеленский.
Зеленский ярадор офицерлар даволанаётган ҳарбий госпиталга ҳам ташриф буюриб, уларни кўкрак нишонлари билан тақдирлади.