Reuters: АҚШ яқин кунларда Украинага 1,3 млрд долларлик янги ҳарбий ёрдам ажратади
Агентлик суҳбатдошига кўра, ёрдам пакети ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, дронларга қарши кураш тизимлари, камикадзе дронлар ҳамда ўқ-дориларни ўз ичига олади.
АҚШ Киев учун харид қиладиган қуроллар орасида VAMPIRE зенит-ракета комплекслари борлиги айтилмоқда. Reuters манбасига кўра, Украина Австралиянинг DroneShield ширкати ишлаб чиқарган дронларга қарши кураш тизимлари ҳамда АҚШнинг Phoenix Ghost ва Switchblade русумли дронларини ҳам олади.
Хабарда ҳарбий ёрдам пакети таркиби ва қиймати бу ҳақда расман эълон қилингунича ўзгариши мумкинлиги эслатилган.
АҚШ, шунингдек, Украинага қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш учун 250 миллион доллар берди.
Бу ҳақда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги администратори Саманта Пауэр эълон қилди. Мулозима аввалроқ Киевга ташриф буюрган эди. Пауэрс ўз баёнотида Россия ҳукуматининг “ғалла битими”дан чиқиш қарорини қоралаган.
Қайд этилишича, Агентлик Украинага кўмаклашиш учун яна 250 миллион доллар маблағ йиғишни режаламоқда.
Венгрия ТИВ: Венгрия Украинага қурол етказиб берилишига қарши
Венгрия Украинага ҳар қандай қурол етказиб берилишига ва айниқса кассетали бомбалардан фойдаланишга қарши дея баёнот берди мамлакат ташқи ишлар вазири Питер Сийярто. У муросага жанг майдонида эмас, музокаралар столида келиш кераклигини қўшимча қилди.
Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Питер Сийярто БМТ бош қароргоҳида берган интервьюсида Украина инқирози бўйича Венгриянинг ёндашувини баён қилди.
АҚШ июль бошида Украинага 800 миллион АҚШ долларлик кассетали бомбалар беришини эълон қилди. Бу қарор бутун дунё бўйлаб кескин танқидларга сабаб бўлди.
"Умуман олганда, биз бундай қуроллардан фойдаланишга қаршимиз, чунки бу тинч аҳоли ҳаётини хавф остига қўяди. Биз бежизга кассетали бомбаларни тақиқлаш бўйича глобал ташаббусга қўшилмаганмиз. Шу сабабли ҳам АҚШнинг бу борадаги қарорига мутлақо қўшилмаймиз. Мазкур қарор янада кўпроқ азоб-уқубат ва қурбонларлар берилишига олиб келиши мумкин. Умуман олганда, Украинага ҳар қандай қуроль етказиб берилишини ёқламаймиз”, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Питер Сийярто.
Венгрия Европа Иттифоқидаги Россиянинг Украинага босқинини изчиллик билан қоралашдан бош тортиб келаётган кам сонли давлатлардан биридир. Бу давлат Россиянинг нефть ва газига қарамдир.
Венгрия вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда Европа Иттифоқининг Украинага оид қарорларини бир неча марта блоклаб қўйган эди
Kремль ЖАРни Путинни ҳибсга олишнинг оқибати "уруш" бўлиши ҳақида огоҳлантирмаган
Kремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан суҳбатда Путиннинг ҳуқуқларини бузишга уринишнинг оқибати тушунтирилмасдан туриб ҳамма ўзича хулосага келганини айтди.
Жанубий Африка президенти Кирил Рамафоса Путинни ҳибсга олиш уруш эълон қилиш билан баробар бўлишини айтиб, ХЖСдан Владимир Путинни қўлга олмаслик учун рухсат сўраган эди.
“ЖАР Путинни қўлга олиб, топшириш илтимосини бажариш билан боғлиқ жиддий муаммо қаршисида қолди. Россия ўзининг амалдаги президенти қамоққа олиниши уруш эълон қилиш билан тенглигига очиқ ишора қилди”, дейилади Рамапосанинг баёнотида.
Жанубий Африка келаси ой BRICS (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка) саммитига мезбонлик қилади. Ташкилотга аъзо барча давлат раҳбарлари саммитга таклиф қилинган.
Дмитрий Песковнинг баёнотидан бироз ўтиб ЖАР "ўзаро келишувга кўра, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин БРИКС саммитида қатнашмайди", дея эълон қилди.
Путиннинг ўрнига Россия делегациясига ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қилади.
Россия кетма-кет иккинчи кеча Одессага ҳужум қилди
Россия кетма-кет иккинчи кеча Украинанинг Одесса порт шаҳрига йирик ҳаво ҳужумини уюштирди. Украин расмийси ҳужумга ўта кетган шафқатсизлик дея муносабат билдирди.
Рейтерс воқеа жойидан олинган тасвирларни намойиш қилди.
“Биринчи қаватда яшайман, яхшиямки, ўша вақт уйғоқ эдим. Деразада ракета учиб келаётганини кўришим билан дарҳол каравот орқасига яшириндим. Портлаш натижасида барча деразалар синиб кетди. Кейин пастга тушдим, ҳамма жой шовқин ва тутун ичида қолган, одамлар ваҳимада эди, атрофда шиша синиқлари сочилиб ётарди”, дейди одессалик Константин.
Қрим кўпригида содир бўлган портлашга жавобан Россия икки кундирки Одессани бомбардимон қилмоқда. Иккинчи ҳужумга Россия ҳозирча изоҳ бермади.