NYT: Қарши ҳужумнинг янги босқичи бошланди
Украина Қуролли Кучлари Қримга қуруқликдаги "коридорни" бузиб, Украина артиллерияси зарба бериш зонасида бўладиган даражада олдинга силжишга ҳаракат қилмоқда.
Бу ҳақда New York Times Пентагондани манбасига таяниб хабар бермоқда. Нашр журналистлари фикрича, Украина қўшинлари асосий ҳужумни Запороже йўналишига йўналтирган. Қарши ҳужумни секинлаштираётган омиллар қаторида ҳарбий экспертлар фронт бўйлаб русларнинг зич миналаштирган майдонлари, авиация ва артиллерия зарбалари ошгани кўрилмоқда.
Ўз навбатида, Financial Times ҳарбийларга таяниб ёзишича, ҳужумнинг биринчи босқичидаги муваффақиятсизликлар Украинани тактикани ўзгартиришга, жумладан, танклар ва бронетранспортёрлардан камроқ фойдаланишга мажбур қилган. Энди Украина Қуролли Кучлари Россиянинг мудофаа позицияларини артиллериядан ўққа тутишга эътибор қаратди.
Украина Қуролли Кучларининг ҳужумларнинг кучайгани ҳақидаги маълумот Россия Мудофаа вазирлиги томонидан ҳам тан олинди. Россия тарафининг таъкидлашича, барча ҳужумлар қайтарилган, россиялик ҳарбий блогерлар эса армия Старомайорскийдан эҳтимолий чекиниши ҳақида хабар беришмоқда. Украина ҚКнинг янги амалиёти бир ҳафтадан уч ҳафтагача давом этиши мумкинлиги айтилмоқда.
2014 йилда Қримни аннексия қилган Россия яриморолни Қора денгиз флоти базаси ва Украинага жанубдан ҳужум плацдарми сифатида фойдаланмоқда. Қримни эса Россия билан фақат Қрим кўприги ва Азов денгизи бўйлаб босиб олинган ҳудуддан ўтган йўлак боғлаб турибди.
Украина хавфсизлик хизмати ўтган йилги Қрим кўпригидаги портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олди
"Кўплаб махсус операциялар амалга оширилди. Уларнинг баъзилари ҳақида ғалабадан кейин очиқ ва баланд овозда гапирамиз, қолганларини эса очиқлай олмаймиз. Ўтган йилнинг 8 октябрида бизнинг операциямиз натижасида Қрим кўприги вайрон бўлди”, деди Васил Малюк, Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари.
Ўтган йилнинг 8 октябрида 19 км узунликдаги Қрим кўприги юк машинаси портлаши оқибатида вайрон бўлган эди.
Россия президенти Владимир Путин мазкур портлашни "ўта муҳим фуқаролик инфратузилмасини йўқ қилишга қаратилган террорчилик ҳаракати" деб атаган.
27 июл куни кечқурун Россия армияси Украинага 43 ракета билан ҳужум қилди
27 июл куни кечқурун Россия армияси Украинага йирик ракета ҳужумини амалга оширди: ҳужумда учта Калибр ракетаси, 36 Х-русумли ракеталар ва 4та Кинжал ракетаси иштирок этган. Украина ҳаво мудофааси 36 та ракетани уриб туширишга муваффақ бўлганини хабар қилди, Киевда кучли портлаш қайд этилди. Ҳужумга Хмелницкий вилоятидаги ҳарбий аэродром учради: у ердан украинлар Қримдаги нишонларга "Сторм Шадоw" ракеталарини учирган.
Одесса вилоятидаги порт инфратузилмасига рус ракетаси урилди, бир киши ҳалок бўлди. Вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Олег Киперга кўра, “Калибр” ракеталари Қора денгиздаги сув ости кемасидан учирилган.
Зеленский Днепрга ташриф буюрди
27 июл куни президент Владимир Зеленский жанг майдонидаги вазият, қўшинлар таъминоти ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш чораларини муҳокама қилиш учун Украина жануби-шарқидаги Днепр шаҳрига ташриф буюрди.
Зеленский ҳукумат қўшинларни ўқ-дорилар билан таъминлашга катта эътибор қаратаётганини айтди. У маҳаллий касалхонага ҳам ташриф буюрди.
“Сизларни Тиббиёт ходимлари куни билан табриклайман. Ўғил-қизларимизнинг ҳаётини сақлаб қолаётганингиз, бутун вақтингизни, ҳаётингиз ва соғлигингизни жангчиларимизни даволашга сарфлаётганингиз учун ташаккур билдираман”, деди Украина президенти.
Зеленский, шунингдек, яқинда 50 ёшни қаршилаган ВСУ бош қўмондони генерал Валерий Залужнийни пистолет билан тақдирлади.
Минтақа пойтахти Днепр шаҳрида урушдан олдин 1 миллионга яқин аҳоли яшаган, 2022 йил 24 февралда Россиянинг кенг кўламли босқинидан кейин шаҳар Украина учун логистика ва гуманитар марказига айланди.