Киевдаги Совет давридан қолган ёдгорлик монументига Украина герби ўрнатилди
Шаҳар мерияси Киевдаги Она ватан рамзий ёдгорлик мажмуасига Украина гербини ўрнатди.
Украина уруш бошланганидан бери Совет давридан қолган ҳайкал ва монументларни демонтаж қилиб келади.
Жангчи аёл акс этган мазкур ёдгорлик мажмуасининг баландлиги 62 метр бўлиб, 1981 йилда Днепр дарёсининг ўнг қирғоғидаги тепалик устида барпо этилган. Жангчи аёл ҳайкали ўнг қўлида 16 метрлик қилич ва чап қўлида саккиз метрлик қалқон тутганча шарққа қараб туради.
"Она ватан ҳайкали қалқонига герб рамзи туширилганини кўриб турибмиз. Бунгача бўлган йўл қанчалик машаққатли бўлганини кўрдик. Ўнлаб, юзлаб одамлар иштирок этди. қарор қабул қилиш қийин бўлди. Бу халқимизнинг иродаси", деди Украина тарихи музейи директори Юрий Савчук.
Шу пайтгача ҳайкалда Совет Иттифоқининг герби бўлган.
Бу ҳаракат Россия Украинага бостириб киргандан бери Украинада давом этаётган декоммунизация кампаниясининг навбатдаги босқичи бўлди.
Украина 22 ҳарбийни рус асирлигидан қайтарди
Украина 22 ҳарбий асирни қайтарди. Бу ҳақда Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак маълум қилди:
"Булар Украина Қуролли Кучлари жангчилари, икки нафари офицер, оддий аскар ва сержантлар. Улар турли йўналишлардаги жангларда қатнашган, озод этилганлар орасида ярадорлар ҳам бор. Аскарларимиздан энг каттаси 54 ёшда, энг кичиги 23 ёшда.”
Россия томони ҳали айирбошлаш ҳақида эълон қилмади.
Аввалроқ Россия ва Украина ўртасида ҳарбий асирлар алмашинуви ҳақида 6 июл куни хабар берилганди. Кейин алмашиш "45 га 45" формуласи бўйича амалга оширилган. Россия томони ҳарбийлардан ташқари, босиб олинган ҳудудлардан Россияга депортация қилинган икки фуқаро ва икки нафар болани Украина томонига топширган эди.
В.Зеленский: АҚШнинг "Патриот" ва Германиянинг "ИРИС-Т" мудофаа тизимлари яхши самара бермоқда
Бу ҳақда Владимир Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида сўзлади.
"Патриот ва ИРИС-Т юқори самарадорликка эга кучли мудофаа тизимлари. Улар яхши самара бермоқда. Биргина шу ҳафтанинг ўзида россиялик террорчилар бизга 65 та турли хилдаги ракеталар, 178 та ҳужум дронлари жумладан, 87 та Шаҳед дронлари билан ҳужум қилди. Биз уларнинг салмоқли қисмини уриб туширишга муваффақ бўлдик. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаасини янада кучайтириш учун нима керак бўлса қиламиз", деди Украина президенти.
Зеленский шунингдек мамлакат бошқарув тизимида «тозалаш» давом этаётганини билдирди. Украина чуқур илдиз отган сиёсий коррупцияга қарши кураш орқали Ғарблик ҳамкорларига Киев Европа стандартларига ўтаётганини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.
Херсон вилояти ўққа тутилди: икки аёл яраланди
Херсон вилоятининг Олговка қишлоғининг ўққа тутилиши натижасида 73 ва 77 ёшли икки аёл яраланган. Снарядлардан бири турар-жой биноси ҳовлисига тушган, деб хабар берди Херсон вилояти ҳарбий бошқармаси.
7 августга ўтар кечаси Россия қўшинлари Херсон шаҳри ва Днепропетровск вилоятининг Синелниковский туманига ракета зарбасини берди. Россия ҳарбийлари Харков вилоятининг Купянский туманидаги Кучеровка қишлоғига артилеррия ҳужумини уюштирган. Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермакнинг сўзларига кўра, икки киши ҳалок бўлган, яна уч киши яраланган.
Днепропетровск вилояти маъмурияти раҳбари Сергей Лисак Россия армияси Синелниковский туманига ракета зарбаси берганини маълум қилди. Ёнғин содир бўлган, қутқарувчилар уни ўчиришган.