Анна Маляр: Россия фронтнинг жанубий ва шарқий секторларига янги захираларни тўпламоқда
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби ўз ҳисоботида ўтган 24 соат давомида фронтнинг турли йўналишларида 30 га яқин жанговар тўқнашувлар содир бўлгани ҳақида маълум қилди.
Унда билдирилишича украин ҳарбийлари Россия армияси шахсий таркиби ва ва техникаларига бир неча бор зарба берган. Шунингдек, Бош штаб Россия назорати остидаги ҳудудларга ҳамда Россиянинг артиллерия позициялари ва радар станцияларига ҳужум уюштирганини ҳам қўшимча қилди.
Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг айтишича, Россия армияси ҳозирда фронтнинг жанубий ва шарқий секторларига янги захираларни кўчирмоқда ва булар асосан профессионал аскарлардир.
АҚШ Украинага яна 200 млн доллар ажратади
АҚШ ҳукумати Украинага 200 млн долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети тақдим этилиши ҳақида маълум қилишга тайёрланмоқда. Ушбу маблағ шу пайтгача Украинага берилган қурол-аслаҳа ва ҳарбий анжомлар қийматини ҳисоблашдаги бухгалтерия хатолари натижасида юзага келган йирик сумманинг (6,2 млрд доллар) бир қисмидир.
Ҳарбий ёрдам пакети Patriot ҲҲМ тизимлари учун ракеталар, HIMARS тизимлари учун GMLRS ракеталари, Javelin танкка қарши комплекслари, миналардан тозалаш жиҳозлари ва бошқа қурол-аслаҳаларни ўз ичига олади.
“Гаме4Украине” - Шевченко ва Зинченконинг хайрия футбол ўйини
Афсонавий украиналик футболчи Андрей Шевченко ва Лондоннинг “Арсенал” клуби ҳимоячиси Александр Зинченко шанба оқшомида Лондоннинг “Стемфорд Бридж” стадионида бўлиб ўтган “Гаме4Украине” хайрия футбол ўйинида кўк ва сариқ жамоаларни бошқарди.
Ўйин бошланишидан олдин қўшиқчи Жамала Украина мадҳиясини куйлади, сўнгра Украина президенти Владимир Зеленский футболчилар ва томошабинларга мурожаат қилди. Шундан сўнг футболчилар ва томошабинлар Россия босқини натижасида ҳалок бўлганлар хотирасини бир дақиқалик сукут билан ёдга олдилар.
"Стемфорд Бридж" Лондоннинг "Челси" клубининг стадиони бўлиб, унда Шевченко бир неча йил ўйнаган.
Зинченко ва Шевченко, Украина ва “Динамо Киев”нинг собиқ ҳужумчиси Марк Нобл, Кларенс Зеедорф, Сергей Ребров, Жерар Пике, Патрик Виейра, Петр Чех ва Жанфранко Зола.
Учрашув дуранг билан якунланди: 2:2. Ўйинда йиғилган пул Украинадаги уруш натижасида вайрон бўлган мактаб ва болалар боғчаларини тиклашга сарфланади.
Пропаганда Россия тарих дарсликларида
Москвада янги тарих дарслиги тақдимот қилинди. Унда “Махсус ҳарбий амалиёт сабаблари” ва “ультрамиллатчи” Украина ҳақида боблар бор.
10 ва 11 синфларга мўлжалланган янги тарих дарслигини Россия маориф вазири Сергей Кравцов ҳамда собиқ маданият вазири Владимир Мединский тақдимот қилди.
Қўлланмада “Россия бугун. Махсус ҳарбий амалиёт” номли алоҳида боб мавжуд. Унда, хусусан, АҚШ “охирги украин қолгунича жанг қилишга қатъий жазм қилган”и уқтирилади. Шунингдек, дарсликда Украина “ультрамиллатчи давлат” деб аталиб, унда “ҳар қандай ўзгача фикрни шафқатсизларча таъқиб қилиши, мухолифат тақиқлангани, русларга оид ҳамма нарсага душман назари билан қаралиши”дан баҳс этилади.