Санкт-Петербургда рейд пайтида ушланган 100 га яқин мигрант ҳарбий комиссариат рўйхатига олинди
Санкт-Петербургда полиция Софийская сабзавот базасида ўтказилган икки кунлик рейддан сўнг, Россия фуқаролига эга 100 нафарга яқин мигрантни ҳарбий комиссариатга олиб бориб, ҳарбий ҳисобга қўйган.
Полиция Россия паспортига эга мигрантларни текшириш ва ҳарбий комиссариатларга олиб боришни миграция рейдлари доирасидаги “янги тадбир” деб атаган.
“Рейднинг асосий мақсади нуқтаи назаридан фуқароларнинг ушбу тоифаси оператив қизиқиш уйғотмайди. Аммо полиция фурсатдан фойдаланиб, фуқаролик нафақат ҳуқуқ, балки мажбуриятлар ҳам беришини, хусусан ҳарбий хизмат конституциявий мажбурият эканлигини россияликларга яна бир карра англатмоқчи бўлган”, дейилади Россия ИИВнинг Петербург ва Ленинград вилояти бошқармаси хабарида.
Инсон ҳуқуқлари кенгаши раиси Валерий Фадеев “Россиянинг янги фуқаролари нафақат ҳуқуқлар, балки мажбуриятларга ҳам эга”лигини, жумладан “Ватанни ҳимоя қилиш” уларнинг бурчи эканини таъкидлади. У мигрантларга Россия паспорти берилгани ҳамон уларни ҳарбий ҳисобга қўйишни таклиф қилди.
Полиция маълумотига кўра, полиция ходимлари қарийб 400 нафар чет эл фуқаросини аниқлаган, улардан 55 нафари миграция қонунчилигини бузган ҳолда Россия ҳудудида бўлган. Бир мигрантнинг ҳужжатлари қалбаки бўлиб чиққан, унга нисбатан РФ ЖКнинг 327-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Бир неча кун олдин Санкт-Петербургда яшовчилар ҳарбий комиссариатга келиш талаб қилинган СМС-хабарномалар олишаётгани тўғрисида маълум қилишган эди.
Чебоксари ва Новочебоксарскда ҳам яқинда Россия фуқаролигига ўтган, лекин ҳарбий ҳисобга кирмаган эркаклар ҳибсга олингани айтилмоқда. Улар мажбуран ҳарбий комиссариатларга олиб борилган. Ушланганлар ҳарбий ҳисобда туриш мажбуриятини бажармагани учун (РФ МҲтКнинг 21.5-моддаси) 500 дан 3 минг рублгача жаримага тортилиши мумкин.
Москвага яна дрон ҳужуми
Жума куни эрта тонгда Украина дронлари Москва марказидаги бинога ҳужум қилди. Портлаш овози бутун Москва Сити бизнес ҳудудида эшитилди. Тармоқларда аппарат урилган жойнинг тутун қоплагани акс этган кўплаб видео ва фототасвирлар пайдо бўлди.
Экспоцентр яқинидаги кўчаларга хавфсизлик ходимлари ва махсус транспорт воситалари жалб қилинган.
Гувоҳлар «кучли портлаш» бўлганини айтмоқда.
Бухородан учган самолёт фавқулодда ҳолат сабаб Москва аэропортига қўна олмади
Москва мэри Сергей Собянин Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари дронни уриб туширгани ва дрон қолдиқлари Экспомарказга тушганини хабар берди
Экспоцентр Кремлдан 5 километр масофада жойлашган ва асосан йирик кўргазмалар учун мўлжалланган катта ҳудуд ҳисобланади. Россия Мудофаа вазирлиги дрон ҳужумида Украинани айблади.
Киев эса ҳозирча вазиятга изоҳ бергани йўқ.
"Ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилди. Учиш ва қўнишлар қолдирилди. Айрим рейслар бошқа аэропортларга кўчирилди", - дея авиация хизматлари вакилининг сўзларидан иқтибос келтирган ТАСС агентлиги.
"Qanot Sharq" авиакомпаниясига қарашли учоқ Бухородан Москванинг Внуково аэропортига қўниши керак бўлган, бироқ аэропортга яқин ҳудудда номаълум дронлар ҳаракати аниқлангач, аэропортга кўнишга рухсат ололмаган. Натижада учоқ Санкт-Петербургдаги захира аэропортига қўнишга мажбур бўлган.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса туфайли ёпилган Москва аэропортлари яна очилган.
Охирги пайтда Россия пойтахти марказида бир нечта украин ҳарбий камикадзе дронлари портлагани хабар қилинган эди.
Ўзбекистонда украин болалари лагери ташкил этилди
Ўзбекистонга Харков, Херсон, Николаев, Запороже, Суми, Хмелницкий, Лвов ва Киевдан 45 нафар украиналик болалар етиб келди. Улар Бўстонлиқ вилоятида реабилитация курсидан ўтади.
Бу ҳақда ўзининг фейсбук саҳифасида Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко маълум қилди.
“Миллий анъаналар асосидаги қабул маросими таъсирли ва самимий тарзда ўтди. Украина элчихонасининг болаларга психологик мувозанатни тиклаш, Украина шаҳарларига ҳар куни амалга оширилаётган ҳаво тревогалари ва ракета ҳужумларини унутишга ёрдам бериш ҳақидаги мурожаатига меҳр билан жавоб берган Ўзбекистон бизнес ва жамоат ташкилотлари вакилларига катта раҳмат”, деб ёзди элчи.
45 нафар украиналик бола ва 5 нафар тарбиячи 12 кун давомида Анор лагерида дам олади.
Ўзбекистондаги Украина эчихонасида Озодлик сўровига украиналик болаларни Ўзбекистонда реабилитация қилиш элчилик ташаббуси эканини билдиришди.
Элчилик эълон қилган фотосуратларда болалар “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” авиакомпанияси учоғида Тошкентга етиб келгани акс этган. Шунингдек маълум бўлишича, Ўзбекистонга келган болалар орасида Россияга қарши урушда украин фронтида ҳалок бўлган аскарлар фарзандлари бор
Элчи Микола Дорошенко Тошкентга махсус учиб келган украиналик тадбиркор Владимир Дармороз украин болаларига ўз совғаларини олиб келганини ҳам маълум қилди.
Таъкидлаш керакки, Украинадаги болаларни оммавий равишда ўғирлашда, ўз ҳудудларига олиб чиқишда ва уларга босим ўтказишда айбланган Россия президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловани ҳибсга олиш тўғрисида Гаагадаги Халқаро жиноий судининг 2023 йил 17 мартдаги қарори билан ҳибсга олиш ордери берилган.