Украина дрони Россиянинг Курск шаҳридаги темир йўл вокзалига зарба берди
Беш киши ойна синиқларидан енгил жароҳатланган. Вилоят маъмурияти портлашга Украина дрони сабаб бўлганини иддао қилди.
Курск вилояти губернатори Роман Старовойт дрон козал биносига урилиб, томда ёнғин пайдо бўлганини тасдиқлади. Воқеа жойида қутқарув хизматлари ишламоқда, жабрланганларга ёрдам кўрсатиляпти.
Россия Мудофаа вазирлиги муҳтамалан Москва шаҳрига йўл олган учоқ типидаги яна бир дрон Москва вилоятида уриб туширилганини маълум қилди. Жабрланганлар ва вайронагарчилик йўқ.
Курск вилояти, Россиянинг Украинага чегарадош бошқа ҳудудлари сингари сўнгги пайтларда тез-тез артиллерия ва дронлар ҳужумига йўлиқмоқда. Киев бу ҳужумларга изоҳ бермайди.
Москва вилоятида дрон ҳалокатга учради
Россия Мудофаа вазирлиги уни электрон уруш ускуналари ёрдамида пойтахт ғарбига қулатишга муваффақ бўлганини даъво қилмоқда. Бу Москва вақти билан соат 6:50 да Москвадан 65 км узоқликда жойлашган Покровское қишлоғи устида содир бўлди.
"Украинанинг учувчисиз аппарати Москва вилояти ҳудудида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан навбатчилик пайтида аниқланди ва электрон воситалар ёрдамида бостирилди", дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.
Бошқарма маълумотларига кўра, жабрланганлар йўқ.
Бунгача Мск1 нашри Москва узра самолётлар ҳаракати тўхтатилганини маълум қилди. Фавқулодда ҳолат вазиятида рейслар Нижний Новгород ва Санкт-Петербург аэродромларига жўнатилди.
“Внуково” аэропортида яна “чекловлар жорий этилди”, айрим рейслар бошқа аэропортларга йўналтирилди, деб хабар беради “РИА Новости”. Домодедово аэропорти, шунингдек, рейсларнинг жўнаш ва келишини чеклади.
Яна бир дрон Истра туманида уриб туширилди
Мудофаа вазирлиги соат 08:16 да Москва вилоятининг Истра туманида яна бир дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди.
Рус пропагандачиси Маргарита Симонян дрон у яшаётган маҳалланинг қўшни кўчасига қулагани акс этган фотосуратни эълон қилди.
Россия биринчи ТУ-22М стратегик бомбардимончисини йўқотди
Россия Мудофаа вазирлиги 19 август куни эрталаб соат 10 ларда Украина дрони Новгород вилоятидаги ҳарбий аэродромга ҳужум қилганини даъво қилди. Вазирлик хабарномасига кўра, коптер турига мансуб дрон билан амалга оширилган “террорчилик ҳужуми натижасида аэродром ҳудудидаги учоқлар тураргоҳида ёнғин чиққан ва у зудлик билан бартараф этилган”.
Вазирлик битта учоқ шикастланганини тан олди. Шу тариқа украинлар илк бор стратегик бомбардимончи учоқни портлатгани расман тасдиқланди.
Новгород вилоятининг Сольци шаҳарчасидаги ҳарбий аэродромда 40-сонли денгиз авиация полки ҳамда Ту-22М стратегик бомбаловчи учоқлари жойлашган. Украинанинг Monitor телеграм-канали Солци авиабазасида камида иккита Ту-22м3 учоғи сафдан чиқарилганини маълум қилмоқда. Хабарда айтилишича, аэродромда жами 10 стратегик бомбалаш учоқлари бўлган, ҳужумдан сўнг улардан айримлари Кола яриморолидаги “Оленья” базасига кўчирилган.