С.Лавров: Россия газининг Хитойга экспорти Қозоғистон ва Туркманистонга муаммо туғдирмайди
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 1 сентябр куни Россия газининг Хитойга экспорти Қозоғистон ва Туркманистон учун муаммо туғдирмаслигини айтди. Унингча Хитойда газга талаб жуда юқори.
“Албатта, бизнинг Хитойга газ экспорт қилиш тизимимиз бор. Биз ҳеч кимга муаммо яратмаяпмиз, чунки Хитойнинг эҳтиёжлари ҳаммага фойда келтирадиган даражада, ҳам Қозоғистон, ҳам Туркманистонга ёки бошқа давлатларга. Россия ва Марказий Осиё ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида тўлиқ якдиллик мавжуд бўлиб, жуда истиқболли ва узоқ муддатли бир қатор аниқ лойиҳалар бор. Улар иқтисодиётларимиз барқарорлигини таъминлайди”, деди вазир Лавров.
Аввалроқ, шу йилнинг 12 август куни Туркманистон Россиянинг Қозоғистон ва Ўзбекистон билан “газ иттифоқи” тузиш ва уни Хитойга етказиб бериш режалари Ашхобод манфаатларига тегиб кетаётганини маълум қилган эди. Қозоғистон ҳам Россиядан “уч томонлама газ иттифоқи”ни яратиш бўйича расмий таклиф олмаганини маълум қилганди.
Ўтган йили Ғарб Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Болтиқ денгизи остидаги “Шимолий оқим” газ қувуридаги сабабсиз портлашларга қарши иқтисодий санкциялар билан жавоб берганидан сўнг “Газпром”нинг асосан Европага табиий газ экспорти деярли икки баробарга қисқарди.
Иқтисодиёти асосан хом ашё сотишга боғланиб қолган Россия нефт экспортини Европадан Осиё ва бошқа минтақаларга йўналтирди. Хитойга газни Сибир қуввати қувури орқали етказиб беради. Бу йўналиш бўйича экспорт ўтган йили 15 миллиард куб метрга етган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 22 миллиард куб метрга етиши режалаштирилган.
Рамзан Қодиров АҚШдан онаси Аймани Қодировага нисбатан санкцияларни бекор қилишни талаб қилди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг Телеграм-каналида АҚШдан унинг онаси Аймани Қодировага нисбатан санкцияларни бекор қилишни талаб қилган постини эълон қилди.
Унинг сўзларига кўра, унинг онаси хайрия ишлари билан шуғулланади, шунинг учун Америка расмийларининг бу қарорини ахлоқий меъёрларга қасддан эътиборсизлик сифатида қараш мумкин.
“Менга тезда жавоб беринглар. Бўлинглар, санкцияларни тезда олиб ташланглар! Акс ҳолда онамга санкциялар киритганингларни сизларга кечирмайман. Мен бунинг учун ҳар нарсага тайёрман!”
Рамзан Қодиров онаси фақат уйда ўтириши ва ҳеч қандай ҳужжатларни имзоламаслиги, Аймани Қодирова унинг онаси бўлгани учунгина санкцияларга киритилганини иддао қилди. Ўтган йилнинг сентябр ойида Россия президенти Владимир Путин Аймани Қодировани “актив жамоатчилик фаолияти учун” “Шараф” ордени билан тақдирлаган эди. Кузатувчилар Рамзаннинг барча қариндошлари ва дўстлари Чеченистон республикаси бошқарув тизимида катта лавозимларни эгаллаб келишига эътибор қаратиб келади.
24 август куни АҚШнинг янги санкциялари Чеченистон раҳбарининг онаси Аймани Қодировага нисбатан жорий қилингани маълум бўлди.
Аймани Қодирова 2004 йилда ташкил этилган Ахмат Қодиров номидаги жамоат фонди президенти. Унинг асосий вазифаси республика аҳолисига ёрдам беришдир, бироқ Украинада уруш бошланганидан бери фонд фаолияти сезиларли даражада кенгайди. Ҳозирда Чеченистон расмийлари учоқлар, бронетранспортёрлар ва ҳарбий техника сотиб олиш, шунингдек, босиб олинган Украина ҳудудларида украин маҳсулотларни ушбу жамғарма номидан хайрия сифатида тарқатмоқда.
Илгари Ахмат Қодиров номидаги фонд бир неча бор журналистик суриштирувлар нишонига айланган. Молиялаштириш ва ҳисобот беришда шаффофлик йўқлиги сабабли Ахмат Қодиров фонди Чеченистон раҳбарининг “муқобил хазинаси” деб аталади.
Бундан бир кун аввал эса Қодиров Россия президенти Владимир Путинга тирик қолгани учун икки карра миннатдор экани ва унинг ҳар қандай буйруғини бажаришга тайёрлигини маълум қилди.
Россия расмийлари Қрим кўпригига ҳужум қилган учинчи денгиз дрони йўқ қилинганини даъво қилди
Россия Мудофаа вазирлиги иддаосича, Қрим кўпригига ҳужум қилиш учун юборилган учинчи Украина экипажсиз қайиқ денгизда йўқ қилинган.
Баёнотга кўра, денгиз дрони соат 02: 20 атрофида урилган. Қолган иккитаси, Россия ҳарбий бошқармаси маълумотларига кўра, Москва вақти билан 02: 10 ва 23: 15 атрофида йўқ қилинган.
Украина ҳозирча вазиятга изоҳ бермади. Қрим кўпригида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўсиб қўйилган.
Украина июл ойида кўприкка уюштирилган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олганди.
Россия Дмитрий Муратовни “хорижий агентлар” реестрига киритди
Россия Адлия вазирлиги “Новая газета” бош муҳаррири, Тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори Дмитрий Муратовни “хорижий агентлар” реестрига киритди.
Муратов 2021 йилда “демократия ва тинчликнинг зарурий шарти бўлган сўз эркинлигини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун” тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган.
Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, журналист хорижий агентлар томонидан материалларни яратиш ва тарқатишда иштирок этган ва Россия сиёсатига салбий муносабатни шакллантиришга қаратилган фикрларни билдириш учун “хорижий платформалардан фойдаланган”.
Дмитрий Муратов "хорижий агентлар" реестрига киришга муносабат билдирди. Журналистнинг сўзларига кўра, у агентлик қароридан ажабланмаган.