Линклар

Шошилинч хабар
08 март 2026, Тошкент вақти: 04:23

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

19:20 5.9.2023

Путин Рамзан Қодировнинг яна бир қизини орден билан сийлади

Путин Рамзан Қодировнинг 24 ёшли қизини “кўп йиллик самарали ижодий фаолияти учун” медали билан тақдирлади. У бу лавозимда ишлаганига икки йилдан ошмаган.

Чеченистон раҳбарининг тўнғич қизи Ойшат Қодирова 2 даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Владимир Путин томонидан имзоланган тегишли фармонда ёш мутахассис "миллий маданият ва санъатни ривожлантиришдаги хизматлари, кўп йиллик самарали ижодий фаолияти учун" мукофотига сазовор бўлгани айтилади. Айтганча, ойшат 2021 йил октябр ойидан бери Чеченистон маданият вазири.

Рамзан Қодировнинг яқинлари доимий равишда давлат мукофотлари билан тақдирланадилар.

Ўтган ойда Қодировнинг яна бир қизи 20 ёшли Хутмат Қодирова “тиббиёт ривожига қўшган улкан ҳиссаси” учун бобоси Ахмат Қодиров шарафига таъсис этилган Чеченистоннинг олий ордени билан тақдирланганди. У лавозимда ишлаганига энди уч ой бўлган.

Рамзан Қодировнинг халқаро санкцияларга тушган онаси Аймани эса ўтган август ойида шахсан Путин томонидан “фаол жамоатчилик фаолияти учун “Шараф” ордени билан тақдирлаган эди. Рамзан Қодиров эса АҚШдан онасидан “уйда ўтиргани ва ҳеч нарсага аралашмагани сабабли” санкцияларни бекор қилишни талаб қилиб келади.

19:23 5.9.2023

"Генерал Армагеддон" кўриниш бериб қолди

«Вагнер»нинг июль ойидаги исёнидан кейин узоқ вақт кўринмай қолган генерал Сергей Суровикин oммага кўриниш берди.

«Генерал Сергей Суровикин очиққа чиқди. Тирик, соғлом ва уйида оиласи билан. Сурат бугун олинган», - деб ёзди Ксения Собчак суратга изоҳ бериб. Озодлик суратнинг ҳақиқийлигини тасдиқлай олмади.

Турли оммавий ахборот воситалари Суровикиннинг Вагнер кўтарган қуролли исёндан сўнг, исёнга алоқадорликда айбланиб, тергов қилинаётгани ҳақида хабар берган эди.

РИА агентлиги ўтган ойда Суровикин Россия ҳаво-космик кучлари раҳбари лавозимидан четлаштирилгани ва унинг ўринбосари Виктор Афзалов вақтинчалик раҳбарликка тайинлангани ҳақида хабар берди.

Россиянинг Суриядаги фуқаролар урушига ҳарбий аралашуви пайтида «Генерал Армагеддон» лақабини олган Суровикин, Валерий Герасимов Бош штаб бошлиғи бўлгунга қадар Москванинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига қисқа муддат раҳбарлик қилди.

19:25 5.9.2023

Мигрантлар военкоматларга олиб бориляпти

Россиянинг турли минтақаларида эса меҳнат муҳожирларига қилинаётган облавалар ва рейдлар давом этмоқда. Россия полициясини айниқса ҳарбий чақириқ ёшидаги ва Россия ватандошлигини олган мигрантлар қизиқтираётгани айтилмоқда.

Тармоқларда тарқалган мана бу видео муаллифи рейд Воронеж шаҳридаги мигрантлар гавжум бўлган жойлардан бирида олингани ва жиноятчиларга ўхшаб шаҳар ўртасидан ўтказилган марказий осиёликлар маҳаллий ҳарбий комиссариатга олиб борилаётгани айтилади.

19:29 5.9.2023

Ким Владивостокка поездда келиши кутилмоқда

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин артиллерия тизимлари, қанотли ракеталар ва дронлар учун двигателлар, ядровий баллистик ракеталар учун ракеталар ишлаб чиқарадиган асосий қурол-яроғ заводларини уч кунлик сафари давомида кўздан кечирди.

Жанубий Корея ўсиб бораётган Шимолий Корея таҳдидига қарши туриш учун шу ой охирида режалаштирилган АҚШ билан қўшма ҳарбий машқларнинг навбатдаги раундига ҳозирлик кўрмоқда.

Душанба куни New York Times газетаси у шу ойда Россияга бориб, Путин билан яна учрашиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.

Газетанинг ёзишича, Ким Москвага Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаш учун қурол-яроғ етказиб бериш имкониятини муҳокама қилади. АҚШ ва унинг иттифоқдошлари ўз манбаларига таяниб, Ким яна Пхеняндан поездда, худди учоқларда учишдан қўрққан отаси Ким Чен Ир каби саёҳат қилиши ва Владивостокда кутиб олинишини хабар берди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG