Маск Украина ҳужумига тўсқинлик қилганми?
Space X эгаси, америкалик тадбиркор Илон Маскнинг айтишича, у Украина армиясининг Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ҳудудида Старлинкка уланишини чекламаган, чунки у дастлаб бу минтақада фаоллаштирилмаган.
Маск Украина расмийлари унга Старлинк Интернет тизимини "Севастополгача" фаоллаштириш учун фавқулодда сўров юборганини тасдиқлади, аммо у буни рад этганини тасдиқлади:
"Шубҳасиз, (украинларнинг) мақсади Россия флотининг кўп қисмини лангарда чўктириш эди. Агар мен уларнинг илтимосига рози бўлганимда, Space X йирик уруш ва можаронинг авж олишида иштирок этган бўларди"
Бир кун аввал CНН телеканали Маск ўтган йили Украина Севастополдаги Россия Қора денгиз флотига ер усти дронлари билан ҳужум қилишининг олдини олиш мақсадида ўз компанияси томонидан аннексия қилинган Қрим ҳудудидаги Украина ҳарбийларига тақдим этилган Старлинк сунъий йўлдош алоқаларини ўчиришга яширинча буйруқ бергани ҳақида хабар берган эди. Бу ҳақда ёзувчи Уолтер Айзексоннинг Қўшма Штатларда 12 сентябрда нашрдан чиқиши кутилаётган Маск ҳақидаги биографик китобида келтирилган.
Маскнинг таржимаи ҳоли муаллифига кўра, тадбиркор ўз компанияси муҳандисларига алоқани ўчириб қўйишни буюрган, чунки у Россия ҳарбийлари Қора денгиз флотига бўлган йирик ҳужумга ядровий зарба билан жавоб қайтариши мумкинлигидан қўрққан.
Айтилишича, Украина вакиллари миллиардерни қарорини ўзгартиришга ишонтиришга уринган, бироқ у ўз сўзида қолган. "Старлинк одамлар Нетфликс томоша қилишлари, дам олишлари, мактабда Интернетга уланишлари, тинч ишларни қилишлари, дрон ҳужумларини қилмасликлари учун яратилган", дебди Маск китоб муаллифига.
Украина президенти девонининг маслаҳатчиси Михайло Подоляк хабарга изоҳ бериб, аслида у ҳақиқатга асосланганлигини тан олди.
“Украина дронларига Россия ҳарбий (!) флотининг бир қисмини йўқ қилишга рухсат бермаслик орқали... Илон Маск бу флотга Украина шаҳарларини “Калибр” ракеталари билан ўққа тутишга рухсат берди, натижада тинч аҳоли ва болалар ҳалок бўлмоқда”.
"Мен Украинадаман. Севастопол - бу Украина"
Қримнинг Севастопол шаҳрида Россия байроғига оёғини артган мана бу йигити маҳаллий патриотлар ғазабини қўзғатди.
- Чунки Россия Федерацияси менинг юртим Украинага бостириб кирди. Мен эса ҳозир Украинадаман. Севастопол, бутун Қрим каби - бу Украина, дея жавоб қайтаради бу йигит.
Z-блоггерлар исми номаълум қолаётган йигит аллақачон ҳибсга олинганини ёзишмоқда.
Украина АҚШдан АТАCМS ракеталарини олиши мумкин
Қўшма Штатлар Украинага АТАCМS узоқ масофали ракета тизимларини етказиб беради. Бу ҳақда АBC Nеws манбаларга таяниб ёзмоқда.
Нашр суҳбатдошларидан бири ракеталар берилишига “жуда яқин” қолгани, лекин режалар расмий эълондан олдин ўзгариши ҳам мумкинлигини айтган.
Бошқа манбага кўра, ракеталарни етказиб бериш "кўриб чиқилмоқда" ва эҳтимол Американинг Украинага Россия агрессиясини қайтаришда ёрдами бўйича навбатдаги пакетига киритилади. Шу билан бирга, ракеталарни етказиш ойлаб вақт олиши мумкин, деб айтган манба.
Модификацияга қараб, АТАCМS ракеталарининг масофаси 300 километрдан ошиши мумкин. Бу Украинага фронт чизиғидан анча орқада жойлашган, хусусан, аннексия қилинган Қримда жойлашган рус қўшинларига зарба бериш имконини беради. Илгари Вашингтон АТАCМS ракеталарини Украинага топширишдан бош тортган эди, бунга қисман бу можаронинг янада кучайишига олиб келишидан қўрқиш ва қисман бундай тизимларнинг чекланганлиги сабаб бўлган.
2023 йил бошида Британия ва Франция Украинага 250 километр масофадан урадиган "Сторм Шадоу" ракеталарини етказиб беришган. Украина аллақачон улардан Россия томонидан босиб олинган ҳудудларга зарба бериш учун фойдаланган.
Донбассда шиддатли жанглар
Украина Қуролли кучлари Бош штаби сўнгги 24 соат ичида фронтда 30 та янги ҳарбий тўқнашувлар содир бўлганини маълум қилди.
Авдеевский, Марйинский ва Шахтёр йўналишларида Украина қуролли кучлари ҳужум операцияларини ўтказмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, Лиман йўналиши бўйича Украина захираларига артиллерия зарбаси берилганлиги ҳақида хабар беради.
Константиновкадаги корхоналардан бири ҳудудида жойлашган Украина қўшинлари бўлинмаларига ракета ҳужуми ҳақида гап кетмоқда.
“Озодлик” радиоси ҳарбий амалиётлар ҳақидаги маълумотларни мустақил манбалардан тасдиқлай олмайди.