"Путин Бразилияга келавериши мумкин/мумкин эмас"
Бразилия суд тизими Россия президенти Владимир Путин келаси йили Жанубий Америка давлатида бўлиб ўтадиган G20 саммитида иштирок этса, ҳибсга олиниш-олинмаслигини ҳал қилиши керак, деди президент Луиз Инасиу Лула да Силва душанба, 11-сентябр куни Ню-Деҳлида журналистларга:
Бразилияда ҳибсга олинадими, билмайман. Буни ҳукумат эмас, суд ҳал қилади. "Биз тинчликни яхши кўрамиз ва одамларга яхши муносабатда бўлишни хоҳлаймиз. Шунинг учун мен Путиннинг Бразилияга келиши хавфсиз деб ҳисоблайман
Бразилиянинг Халқаро судга аъзолигини ҳам шубҳа остига олди. Бундан бироз олдинроқ Лула Путиннинг Бразилияга келишида ҳибсга олинишидан кафолатларни берганди.
Лула Ҳиндистон пойтахтида бу йилги саммитда иштирок этди. Март ойида Халқаро жиноий суд Путинни ҳибсга олишга ордер бериб, уни юзлаб болаларни Украинадан ноқонуний депортация қилиш билан боғлиқ ҳарбий жиноятда айблаган эди.
Wall Street Journal: Навалний алмаштирилаётганлар рўйхатида
Россия ва АҚШ маҳкумларни айирбошлаш бўйича музокараларни давом эттирмоқда, музокараларда Россияда қамоққа ҳукм қилинган мухолифатчилар, жумладан Алексей Навальний айирбошлашга номзодлар сифатида кўрилмоқда. Бу ҳақда Ғарб мамлакатларининг исми сир қолишини истаган мулозимларига таянган ҳолда Wall Street Journal нашри хабар бермоқда.
Мақолада айтилишича, Москва чечен айирмачиларининг собиқ дала қўмондони Зелимхон Хангошвилини ўлдиргани учун Германияда судланган ва Россия махсус хизматлари ходими дея тахмин қилинаётган Вадим Красиковнинг озод этилишини қистамоқда. Шунингдек, музокараларда Россияда жосуслик айблови билан суд қилинган АҚШ фуқароси Пол Уилан ҳамда айни айбловга кўра баҳордан бери Москвадаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган Wall Street Journal журналисти Эван Гершковичлар ҳам тилга олинаётгани айтилади.
Бироқ бирмунча мураккаб айирбошлаш схемаси қабул қилиниб, Алексей Навальний каби сиёсий тутқун деб топилган Россия мухолифатчилари ҳам рўйхатга киритилиши эҳтимолдан холи эмас. Яқинда Россия суди Навальнийни 19 йилга махсус тартибли колонияга қаматган эди.
Мақолада урғуланишича, Красиковнинг озод этилишига эришишни шахсан Владимир Путин буюрган. Бу масала билан Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев шуғулланмоқда. АҚШ қамоғида бўлган ва кейинроқ, Россияда судланган баскетболчи Бриттни Грайнерга айирбошланган Виктор Бутдан фарқли равишда Красиков АҚШ юрисдикциясидан ташқарида – Германия қамоқхонасида ўтирибди. Ва бу музокараларда ортиқча қийинчилик туғдириши мумкин.
Красиков 2021 йил декабрда Берлинда ҳукм қилинган эди. Суд у Москванинг буюртмасини бажарганини аниқлади ва Хангошвили ўлдирилишини давлат террорчилик акти деб атади. Журналистик суриштирувларга кўра, Красиков “Вимпел” махсус бўлинмаси ветерани ва ФСБ катта зобити бўлиши мумкин. Аммо Москва Хангошвили ўлимида қўли борлигини инкор этиб келади.
Россиядаги сайловларни кузатиб борувчи гуруҳ мамлакатдаги минтақавий сайловлар «ҳаққоний» эмаслигини билдирди
«Голос» мониторинг гуруҳи раҳбари Станислав Андрейчук овоз беришда «сохталаштириш» кенг авж олганлигини маълум қилди:
"Давлатнинг ҳокимият ресурсларидан очиқчасига фойдаланаётгани ва айрим ҳудудлардаги сайлов комиссиялари аъзолари томонидан йўл қўйилаётган очиқдан-очиқ қонун бузилишлари 2023 йилги сайловлар ҳаққоний ўтмаётганининг асосий белгиларидан. Жума куни, кутилганидек, одамларни овоз беришга, сайловчиларни оммавий равишда мажбурлашганига гувоҳ бўлдик. Бу кампанияда онлайн овоз бериш ва уч кунлик овоз бериш катта ёрдам бермоқда. Жума иш куни эрта тонгдан сайлов бошланди. Овоз бериш бўйича энг юқори кўрсаткичлар пайдо бўлди, биринчи кунда онлайн овоз бериш 60 баъзан эса 70 фоиздан ошади, кейин эса кескин пасайиш кузатилади”.
Россиялик сайловчилар уч кунлик қаттиқ назорат остида бўлиб ўтган минтақавий ва маҳаллий сайловларда қатнашди.
Аннексия қилинган Украинанинг Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларида ҳам сайлов ўтказилди. Киев ва унинг иттифоқчилари бу сайловларни қоралади.
Буюк Британия Россияни Қора денгиз портида 24 август куни тижорий кемани нишонга олганликда айблади
Аввалроқ тасдиқланмаган ракета ҳужуми Украина мудофааси томонидан муваффақиятли бартараф этилгани айтилган эди.
“Россиянинг Қора денгиз ғалла ташаббусидан чиқиши улар дунёга янада кўпроқ зарар келирмоқчи эканлигини кўрсатади. Путин номақбул талаблар қўйиб, Украина портлари ва дон омборларини вайрон қилмоқда. Ўтган бир ойдан кўпроқ вақт ичида Россия 270 000 тонна донни йўқ қилди. Бу бир миллион одамни бир йил боқиш учун етарли ғалла дегани. Разведка маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари 24 август куни Қора денгиздаги тижорий юк кемасини кўплаб ракеталар билан нишонга олган. Бу Путиннинг нақадар умидсиз эканлигини кўрсатади," деди Буюк Британия бош вазири Риши Сунак.
Британия парламентида Бош вазир Риши Сунак томонидан айтилган бу айблов, Украина йўлга қўйган коридор бошланганидан бери Қора денгиздаги портда кема нишонга олингани ҳақида илк расмий муносабат бўлди.
Британия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, ракеталар портга олиб келинган Либерия байроғи остидаги юк кемасини нишонга олган ва муваффақиятли уриб туширилган. Ракеталар Қора денгиз флотидан учирилган иккита «Калибр» ракеталари эканлиги айтилган.