Байден келаси ҳафта Оқ уйда Зеленский билан учрашади
АҚШ президенти Жо Байден Украина президенти Владимир Зеленскийни 21 сентабр пайшанба куни Оқ уйда қабул қилади. АҚШ келгуси ҳафтада Украинага қўшимча ёрдам берилишини ҳам эълон қилиши кутилмоқда, деди Оқ уй миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жек Салливан.
"Президент Байден пайшанба куни Украина президенти Зеленскийни Оқ уйда қабул қилиш учун Вашингтонга қайтади. Ва бу уларнинг Оқ уйда учинчи учрашуви бўлади”, деди Салливан.
Америкадаги баъзи нашрлар ташриф чоғида Қўшма Штатлар Украинага 300 километргача учадиган АТАCМS ракеталари етказиб берилишини эълон қилиши ҳақида хабар қилган эди.
Аммо, манбаларга кўра, Зеленскийнинг Вашингтонга бўлажак ташрифи чоғида АҚШ Украинага узоқ масофали ракеталарини топширишни эълон қилишни режалаштирмаяпти.
Аввалроқ, Америкадаги бир қанча нашрлар Байден маъмурияти уларни етказиб бериш бўйича қарор қабул қилишга яқин экани ҳақда ёзган эди.
Зеленский ЕИнинг Украинадан дон экспортига қўйилган тақиқни узайтирмаслик қарорини олқишлади
Украина президенти Владимир Зеленский Европа Иттифоқининг Украинадан дон экспортига қўйилган тақиқни узайтирмаслик қарорини олқишлади ва буни ҳақиқий бирдамлик ва ишонч намунаси деб атади.
15 сентабр, жума куни Полша, Словакия ва Венгрия Европа Иттифоқи қарорини бекор қилгандан кейин ўз тақиқларини ўрнатишини билдирар экан, Зеленский қўшни давлатлар Европа Иттифоқи қонунларини бузса, “Украина маданиятли тарзда жавоб қайтаради”, деди.
Май ойида Европа Иттифоқи томонидан киритилган чекловлар Полша, Болгария, Венгрия, Руминия ва Словакияга Украина буғдойи, маккажўхори, колза ва кунгабоқар уруғларини ички бозорда сотишни тақиқлаш, шу билан бирга бошқа мамлакатларга экспорт қилиш учун бундай юкларни транзит қилиш имконини берди.
Европа Иттифоқининг савдо комиссари Валдис Домбровскис жума куни мамлакатлар Украина донининг импортига қарши бир томонлама чоралардан воз кечишлари кераклигини айтди.
Полша қуролли кучлари ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда
Полша армияси 16-сентабр, шанба куни танклар, вертолётлар ва қуруқликдаги қўшинлар иштирокида ҳарбий машғулот ўтказди.
Полша армиясининг таъкидлашича, "Кузги олов 23" машғулотининг мақсади қўшинларнинг ўзаро мувофиқлиги ва жанг майдонидаги ҳамкорликни намойиш этишдир.
Бу машқлар армиянинг якшанба (17-сентябр) куни омма учун очиқ бўлган йиллик артиллерия намойиши олдидан ташкил этилган.
Кўргазмада Полшанинг сўнгги ҳарбий техникалари, жумладан, жами 70га яқин Абрамс ва К2 танклари, ҲИМАРС ракеталари, намойиш этилади.
«Бундай қилма, Владимир»: Трамп Украинага босқиндан олдин Путинга нима дегани ҳақида гапирди
Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путинни Украина билан можародан огоҳлантирганини айтди.
Трамп «Америка ҳақида қайғурган аёллар» консерватив гуруҳи билан учрашувда агар у ҳокимиятда қолганида Россиянинг Украинага босқини содир бўлмасди, дея таъкидлади:
«Президентлик сайловида ғалаба қозониб, кабинетга келишимдан олдин Россия ва Украина ўртасидаги даҳшатли урушни ҳал қиламан. Агар ўшанда мен Оқ уйда бўлганимда бу уруш ҳеч қачон содир бўлмаган бўларди. Мен бу ҳақда Путин билан гаплашиб, унга очиқ айтгандим. «Бундай қилма, Владимир, хатога йўл қўйма» деб огоҳлантиргандим. Яна бир-икки нарсаларни айтдим. У менга ўн фоиз бўлсада ишонди. Бизга кераги ҳам шу эди. Лекин мен кетишим билан Россия қўшинларини шакллантира бошлади» .