Сочининг Адлер туманида дизел ёқилғиси солинган цистерна портлади
20 сентябрь куни тонгда Сочининг Адлер туманидаги аэропортдан унча узоқ бўлмаган жойда дизел ёқилғиси солинган цистерна портлади.
“Любимий Сочи” Телеграм-каналида чўзинчоқ жисмнинг ёқилғи цистернасига урилаётгани акс этган видео чоп этилди. Ёнғин майдони деярли юз квадрат метрга етди. Ҳозирда ёнғин ўчирилган, қурбонлар йўқ, аэропорт нормал режимда ишламоқда, деб хабар берди Сочи мери Алексей Копайгородский.
РБК нашри ҳисоб-китобларига кўра, Украина билан урушнинг бир ярим йил давомида Россия ҳукумати Россия ҳудудларига дрон ҳужумлари ҳақида 500 мартадан кўпроқ маротаба хабар берган. Киев Россия томонининг ушбу хабарларга қарши ҳужумлар ҳақидаги айбловларига изоҳ бермаяпти.
Россия дрони Кременчуг нефтни қайта ишлаш заводига урилди
20 сентябрга ўтар кечаси Россия қўшинлари камикадзе дронлари билан Украина ҳудудига ҳужум қилди. Дронлардан бири Полтава вилоятидаги Кременчуг нефтни қайта ишлаш заводига урилган. Нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин содир бўлиб, ишлаб чиқариш вақтинча тўхтатилган.
Маҳаллий маъмурият раҳбари Дмитро Луниннинг сўзларига кўра, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари “яхши ишлаган”. Украина Қуролли кучлари Бош штаби эрталабки ҳисоботида сўнгги 24 соат ичида Россия қўшинлари томонидан учирилган 24 та дрондан 17 таси уриб туширилганини маълум қилди.
Украина президенти Владимир Зеленский маълумотича, тўлиқ миқёсли босқин бошланганидан бери Россия Украинага 6,5 мингдан ортиқ ракета ва 3,5 минг камикадзе дронни учирган. Унинг сўзларига кўра, зарбаларнинг асосий қисми тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга тўғри келган.
Дания Украинага яна 45 та танк беради
Дания Украинага яна 45 та танк беради, деб хабар берди Ритзау ахборот агентлиги 19 сентябр, сешанба куни мамлакат мудофаа вазири Троелс Лунд Поулсенга таяниб.
Хайрияга Германияда ишлаб чиқарилган 30та “Леопард-1” танки ва 15 та Т-72 танки киради. Совет давридаги Т-72 танклари Украина аскарлари учун қўшимча тайёргарликни талаб қилмайди -улар дарҳол Украина армияси хизматига киритилиши мумкин.
НАТОнинг "Леопард"лари украин танкчиларидан махсус тайёргарликни талаб қилади.
Воронеж вилоятида 36 млн АҚШ долларига баҳоланган Су-34 қирувчиси ҳалокатга учради
Россия пропаганда ОАВлари Воронеж вилоятида Су-34 қирувчиси ҳалокатга учрагани ҳақида хабар бермоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, икки учувчи катапулта қилиб жон сақлаб қолган. Ҳалокат машғулот парвози вақтида содир бўлган. Айрим телеграм каналларда ҳодиса жойида видеолар пайдо бўлди.
Ҳозирда Су-34 нинг нархи тахминан 36 млн АҚШ долларини ташкил этади (экспорт қиймати эса 50 миллион доллар). Россия Аэрокосмик кучлари 104 га яқин Су-34 билан қуроллангани маълум.