Херсоннинг ўққа тутилиши натижасида икки киши ҳалок бўлди
Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермакнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлардан бири коммунал хизмат ходими бўлган. Херсон шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Роман Мрочко икки ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади: тахминан 50-55 ёшли эркак ва аёл.
Сўнгги 24 соат ичида рус қўшинлари Херсон вилоятини тўрт юздан кўпроқ марта ҳужумга тутган.
Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудин "Душман 78 та ҳужум уюштирди, миномётлар, артиллерия, “Град”лар, танклар, авиация, дронлардан 445 та снаряд отди, улардан иккитаси ракеталар эди. Икки киши яраланди", деб ёзди.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги малумотларига кўра, Россия Украина бўйлаб 29 та дрон учирди – улардан 24 таси Кировоград, Николаев ва Одесса вилоятлари узра уриб туширилган.
Украин десанти Қримга тушди
Украина Разведка бош бошқармаси (РББ) ўтган кечаси аннексия қилинган Қрим соҳилига десантчилар гуруҳини муваффақиятли туширганини эълон қилди.
РББ ёйинлаган видеода қирғоққа бир қанча гидроскутерлар сузиб келгани ва улардан ҳарбийлар тушгани акс этган.
“Мудофаа вазирлиги РББ Қримга навбатдаги десантни ташлади, Қрим Украинаники бўлади ва кимсасиз жой бўлиб қолади”, дейди видеода ҳарбийлардан бири. Украина разведкаси гуруҳ Россия ҳарбийларига “ўт очиб зарба берган”ини таъкидламоқда.
Айни чоғда Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг Тарханкут бурни яқинига десант ташлашга уриниши барбод бўлганини иддао қилаётир. Вазирлик дастлаб десант ташлашга уриниш ҳаракатлари авиация ёрдамида даф қилинганини билдирди, кейинроқ эса гуруҳдан 13 киши ўлдирилиб, бир киши асирга олинганидан баҳс этди. Россия Мудофаа вазирлиги гўё десантчилар гуруҳи аъзоси бўлган асир сўроқ қилингани акс этган видеони ҳам эълон қилган.
Оқ уй мусодара қилинган Эрон ўқ-дорилари Украинага юборилганини тасдиқлади
Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пернинг айтишича, 7,62 мм калибрли ўқлар ҳозир Украинага юборилган.
"АҚШ ҳукумати Украина пиёда қўшинлари учун 1,1 миллион долларлик ўқ-дорилар юборганини эълон қилди. АҚШ Марказий қўмондонлиги, денгиз кучлари бу ўқ-дориларни Эрон Инқилобий Гвардияси томонидан халқаро ҳуқуқ ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2216-резолюциясини бузаётган Ямандаги жангариларга юборилаётган вақтда қўлга олди. Биз Украинани озодлик учун курашида қўллаб-қувватлаш ва Эроннинг минтақада ва ундан ташқарида беқарорлаштирувчи фаолиятини чеклаш учун ҳаракат қилишда давом этамиз. Бу бизнинг мажбуриятимиз ва биз уни бажаришда давом этамиз,- деди Карин Жан-Пер, Оқ уй матбуот котиби.
7,62 мм калибрли ўқ-дорилар Совет давридаги Калашников автоматлари ва унинг кўплаб муқобиллари учун стандарт ҳисобланади.
АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Яқин Шарқдаги 5-флоти ва унинг иттифоқчилари Эрон томонидан Ямандаги ҳусий жангариларига юборилган ўқ-дориларни олиб кетаётган кўплаб кемаларни тутиб олди.
Украина ЕИга кирган тақдирда 186 млрд евро олиши мумкин
Евроиттифоққа аъзо бўлиш Украинага унинг бюджетидан кейинги 7 йил мобайнида қарийб 186 миллиард евро олиш ҳуқуқини беради. Европа иттифоқи ички тадқиқотида шу ҳақда сўз боради, деб ёзмоқда ҳужжат билан танишиб чиққан Financial Times нашри.
Шу тариқа Украина ЕИ бюджетидан энг кўп маблағ олган мамлакат бўлиши мумкин. Сабаби, Украина Евроиттифоққа қўшилгач унинг энг камбағал аъзоси ва ЕИ таркибидаги энг йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлат бўлади.
Амалдаги қоидаларда энг камбағал аъзоларга Ҳамжиҳатлик фонди (ҲФ)дан тўловлар тўлаш ва мамлакатларга Ягона қишлоқ хўжалиги сиёсати (ЯҚХС) доирасида маблағлар ажратиш кўзда тутилган бўлиб, бу пулларнинг катта қисми тўғридан-тўғри фермерларга берилади. Натижада Украина ҲФдан 61 млрд евро ҳамда ЯҚХС бўйича 96,5 млрд евро – фақат шу икки банд бўйича жами 157,5 миллиард евро олиши мумкин. Бундай тақсимот баъзи мамлакатлар бюджет реципиентларидан бюджет донорларига ёки “нетто-тўловчилар”га, яъни бюджетга кўп пул қўйиб, кам олувчи мамлакатларга айланишига олиб келади.