Рамштайн-16 да Украинага берилган ёрдам пакети
Украина Мудофаа вазирлиги чоршанба куни Украина иттифоқчиларининг Рамштайн учрашувида берилган кейинги ҳарбий ёрдам ҳақидаги ваъдаларни қисқача санаб ўтди.
Брюсселдаги учрашувда Украина иттифоқчилари бир мунча вақт олдин ёки учрашув олдидан эълон қилинган ваъда ва мажбуриятларни асосан такрорладилар.
Ушбу мажбуриятларнинг қисқача рўйхати:
АҚШ: 200 миллион долларлик янги ёрдам пакети - биринчи навбатда снарядлар ва ракеталар;
Буюк Британия: қиймати 100 миллион фунт стерлинг бўлган ёрдам пакети, биринчи навбатда миналарни тозалаш ускуналари, муҳим инфратузилмани дронлардан ҳимоя қилиш учун MSI-DS Terrahawk Paladin ўрнатилган зенит қуроллари;
Германия: ўқ-дорилар, Леопард 1 танклари, иккита янги Iris-T ҳаво мудофаа тизимини ва кейинчалик тўлиқ Patriotкомплексини топширишни ваъда қилди;
Финляндия: 95 миллион евролик ҳарбий ёрдам пакети;
Болгария С-300 комплекслари учун компонентларни;
Эстония ва Люксембург Украинанинг "ИТ инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш бўйича коалиция" га раҳбарлик қилади;
Литва миналардан тозалаш масалаларида ёрдам беради, шунингдек, иккита NASAMS ҳаво мудофаа тизимини, 155 мм ўқ-дорилар беради, электр генератор сотиб олади ва Украина ҳарбийларини реабилитация қилишни давом эттиради;
Канада: 25 миллион долларлик қишки кийим-кечак ва оз миқдорда ўқ-дори;
Белгия 1,7 миллиард евро музлатилган маблағларни Украинага ўтказади (бу Белгияда музлатилган Россия активларига солиқ). Келгуси йил бу маблағ Украина хавфсизлиги ва тикланишига сарфланади;
Норвегия Украинага миналардан тозалаш учун тахминан 17 миллион евро ажратмоқда;
Испания: Hawk ҳаво мудофаа тизимлари, қишки кийим-кечак, генераторлар;
Дания ва Белгия украиналик учувчиларни тайёрлаш ва Ф-16 учоқларини топшириш бўйича узоқ вақтдан бери эълон қилинган режаларини тасдиқлади.
Washington Post: Ғарбда музлатиб қўйилган Россия активлари Украинага берилади
АҚШ маъмурияти Россия марказий банкининг Ғарбда музлатиб қўйилган активларидан Украинага ёрдам кўрсатиш учун фойдаланишга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтирди.
Washington Post нашрига кўра, Киевни қўллаб-қувватлаётган АҚШ ва Европа Иттифоқининг кўплаб давлатлари сўнгги пайтларда Украинага ёрдам бериш учун янги маблағ ажратишда тобора жиддий тўсиқларга дуч келмоқда. Мутахассислар фикрича, Россия Марказий банкининг ўтган йилнинг феврал ойидан буён музлатилган маблағларининг мусодара қилиниши ушбу муаммони ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин.
Кремл ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқиндан кейин Ғарб давлатларининг турли банк ҳисобларида Россиянинг қарийб 300 миллиард доллар маблағлари музлатиб қўйилган. Шу билан бирга, АҚШдаги ҳисобварақларда русларнинг атиги 5 миллиардга яқин маблағи борлиги тахмин қилинмоқда. Россия захираларининг асосий қисми Европада ва дунёнинг бошқа мамлакатларида музлатилган.
Горловка ва Донецк ўртасидаги автомобил йўли портлатилди
Бу кадрларда эса Украина қуролли кучлари Горловка ва Донецк ўртасидаги автомобил йўлидаги кўприкни вайрон қилгани акс этгани айтилмоқда.
Украина тарафига кўра, бу Авдиивка бўйлаб ҳаракатланаётган рус қўшинларининг моддий-техник таъминотини мураккаблаштиради.
Россия президенти Владимир Путин 12 октябрда расмий сафар билан Бишкекка борди
Путин ҳамкасби Садир Жапаров билан музокаралар ўтказади ва 13 октябрда Бишкекда ўтадиган ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашадиган МДҲ президентлари саммитида иштирок этади.
Бу Ҳаагадаги халқаро жиноят суди Путинни ҳибсга олишга ордер берганидан буён унинг хорижга илк сафаридир.