Япония ташқи ишлар вазирининг Украинага илк ташрифи
Украина президенти Владимир Зеленский 7 январ, якшанба куни Киевга илк ташрифи билан келган Япония ташқи ишлар вазири Ёко Камикава билан учрашди.
Камикава Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда берди.
Япония Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Япония 19-феврал куни Япония-Украина конференциясига мезбонлик қилиш орқали Украинани қайта тиклашга содиқлигини қатъий намойиш этади.
Япония ташқи ишлар вазири Ёко Камикава Киевда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан ҳам учрашди. Япония Украинани дронларни аниқлаш тизимлари ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш учун НАТО Трacт жамғармасига 37 миллион доллар ажратади, дея маълум қилди дипломат.
"Қаҳратон қишдан азият чекаётган украин халқини ҳимоя қилиш учун бешта мобил газ турбинали генераторни совға қиламиз, еттита трансформаторни олиб келишда ёрдам берамиз. Бугун хайрия маросимида иштирок этамиз. ... Узоқ вақт давомида Россия агрессиясига қарши бирдам турган украин халқининг жасорати ва матонати олдида яна бир бор самимий ҳурматимни изҳор этмоқчиман. Япония Украинани тинчлик ўрнатиш ва ўз заминини озод қилиш йўлида қўллаб-қувватлашда давом этади", деди Япония ташқи ишлар вазири.
Камикава ва Кулеба ҳаво ҳужуми хавфи сабабли матбуот анжуманини бункерда ўтказишга мажбур бўлди.
Владимир Зеленский: Украинадаги урушда Россияни мағлуб этиш мумкин
Зеленский Швецияда ўтаётган конференцияда онлайн иштирок этиб, нутқ сўзлар экан, ҳозирда жанг майдонидаги вазият ўзгаришсиз қолаётганини таъкидлади.
“Россияни халқаро ҳуқуқ доирасида тўхтатиш, рус агрессиясига барҳам бериш мумкин. Бунинг учун Европа ягона қурол саноатини яратиши керак. Биз етарли куч бўлса, Россияни мағлуб этиш мумкинлигини кўряпмиз ва бу кучга фақат биргаликда эришамиз", деди Владимир Зеленский.
Украинадаги уруш Европа юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай глобал вазиятда «ўзини сақлаб қолиши» учун биргаликда қурол ишлаб чиқаришни ривожлантириши кераклигини кўрсатди, дея урғулади Украина президенти.
Ўша анжуманда сўзга чиққан Швеция Ташқи ишлар вазири Тобиас Билл келгуси йилларда ташқи сиёсатдаги асосий вазифа Украинани қўллаб-қувватлаш эканини билдирди.
АҚШ Конгресси 1,6 триллион долларлик федерал бюджетни келишиб олди
АҚШ Конгресси 2024-йил учун 1 триллион 6 млрд долларлик федерал бюджетни келишиб олди. Бу ҳақда президент Жо Байденнинг Оқ уй сайтида чоп этилган баёнотида айтилади.
Унинг сўзларига кўра, бу мамлакатни ёпилишнинг олдини олиш ва миллий устуворликларни ҳимоя қилишга яқинлаштиради.
"Келишув иккала томон билан мен музокаралар олиб борган молиялаштириш даражасини акс эттиради", деди Жой Байден.
Келишувни Вакиллар палатаси спикерлари, республикачи Майк Жонсон ва Сенатдаги кўпчилик етакчиси, демократ Чак Шумер ҳам тасдиқлади.
Битим 2024 молия йилида умумий харажатлар даражасини 1 триллион 590 млрд доллар қилиб белгилаб беради. Бунга 886 миллиард доллар мудофаа ва 704 миллиард доллар номудофаа харажатлари киради.
2023 йил ноябр ойида Қўшма Штатлар федерал ҳукумат фаолиятини вақтинча молиялаштириш учун қонун қабул қилганди. Бу ҳужжатда Исроил ва Украинага Байден сўраган 75 миллиард доллар киритилмаган эди.
Ходорковский “фейк”ларга доир иш бўйича яна қидирувга берилди
Россиялик мухолифатчи Михаил Ходорковский яна қидирувга берилди – бу сафар армия ҳақида фейк хабарлар тарқатишга оид жиноят иши бўйича. ИИВ базасида бу тўғридаги маълумотларни биринчи бўлиб “Вёрстка” журналистлари кўришган.
Аввалроқ Ходорковский Нефтюганск мэри Владимир Петуховнинг ўлдирилиши муносабати билан 2015 йилда очилган жиноят иши бўйича қидирувда бўлган. Аммо ҳозирда ИИВ бу қидирувни бекор қилган, дея қайд этади нашр.
“Вёрстка” ёзишича, 2023 йил сентябрда Ходорковский устидан Россия армияси ҳақида ёлғон хабарлар тарқатишга доир модда бўйича жиноят иши қўзғатилган. Кремл ушбу моддадан урушга қарши фаоллар ва мухолифатчиларни таъқиб этишда фойдаланиб келади.
Жиноят иши очилишига Ходорковский Х ижтимоий тармоғидаги инглиз тилида юритиладиган ва ҳозирда блокланган аккаунтидаги пост сабаб бўлган. Постга Россия молия вазири ўринбосари Ирина Окландникова бош вазир ўринбосари Дмитрий Григоренкога йўллаган хат нусхаси илова қилинган бўлиб, ҳужжатда 2022 йил август ойи ўрталарига қадар Украинага қарши урушда 48 479 нафар россиялик аскар ҳалок бўлгани ҳақида гап боради.
“Россия Молия вазирлигининг сиздирилган хатида айтилишича, 28.08 ҳолатига ўлган ҳарбийларнинг оилаларига 361,4 млрд рубл тўланган. Ҳар бир аскар учун 7,4 млн рублдан. Бу маълумот жами ўлганлар сони 48 759 нафар эканини тасдиқлайди. Аммо бу ерда бедарак кетганлар ҳамда ДХР ва ЛХРнинг талафотлари ҳисобга олинмаган”, дея изоҳ берган Ходорковский. Ҳужжатнинг ҳақиқийлиги мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган.
Декабрда Ходорковский ижтимоий тармоқлардаги хабарларида ўзининг “хорижий агент”лигини кўрсатмагани учун 50 минг рубл жаримага тортилган. Сиёсатчи бир неча йилдан бери чет элда яшайди.