Линклар

Шошилинч хабар
17 март 2026, Тошкент вақти: 16:42

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

00:52 21.1.2024

“Чукоткадан – Вашингтонгача”

Урушга бормаслик учун қайиқда Америкага қочган икки йигит ҳикояси

2022 йил сентябрда, Россияда сафарбарликнинг биринчи тўлқини бошланган пайтда Чукоткадаги Эгвекинот посёлкасининг икки турғуни – Максим Теюнаут ва Сергей Нечаев Украинага қарши урушга жўнатишмасин деб мамлакатдан қочиб кетишга қарор қилишади. Улар бор пулларига бензин сотиб олиб, қайиқда Беринг бўғозидан сузиб ўтишади ва Аляскага етиб олгач АҚШ ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрайдилар.

Озодлик рус хизмати журналисти Юлия Вишневецкая “Чукотка – Вашингтон. Қочиш тарихи” фильмида Максим билан Сергейнинг саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилади.

Эгвекинот посёлкаси Анадирдан шимоли-шарқ томонда, Беринг денгизи бўйида жойлашган. Ундан Катта ерга фақат учоқда ёки – навигация мавсумида – денгиз орқали бориш мумкин.

2022 йил сентябрда Россияда бошланган сафарбарлик шамоли узоқ Чукоткадаги посёлкага ҳам етиб келди. Ундан қочиш имкони йўқ эди. Сафарбар қилиниши керак бўлган эркакларга чақирув хабарномаларини уйма-уй юриб тарқатишди, Эгвекинотдан кетишга уринганлар эса аэропортдаёқ ушланиб, қўлларига “повестка” тутқазилди, дея ҳикоя қилишади фильм қаҳрамонлари. Урушга боришни истамайдиганлар учун фақат денгиз йўли қолганди. Балиқчилар қайиғида қочиб бориш мумкин бўлган энг яқин манзил Авлия Лаврентий ороли эди. Беринг денгизидаги бу орол Россияга яқин бўлса-да, АҚШнинг Аляска штатига қарайди.

“АҚШга келиш етти ухлаб тушимга кирмаганди, – дейди Максим Теюнаут. – Урушга борадиган бўлсам одам ўлдиришга мажбур бўлардим, тирик қайтармидим ёки елим халтадами – бу фақат худога аён. Ҳарбий гувоҳномам бор. Уйма-уй повестка тарқата бошлашгач, умидимни узиб қўювдим”.

“Эшик тақиллади: Туйнукдан қарасам, бир хотин билан икки военкомат ходими турибди, – эслайди Максим. – Эшикни очмасликка қарор қилдим. Урашга бормайман, вассалом. Нега боришим керак? Ўлдириш ёки ўлиш учунми? Очсаму повесткани олишдан бош тортсам, қамоққа тиқиб қўйишарди”.

“Қаёққа қочсам экан, деб ўйладим. Серёга (у билан мактабда бирга ўқиганмиз) икковимиз харитани ёйдик. Мактабда бизга Авлия Лаврентий оролида одамлар яшамайди, деб ўргатишганди. Лекин орол ёнгинамизда: об-ҳаво яхши бўлса, етиб олса бўлади”, ҳикоясида давом этади Максим Теюнаут.

“Мен уч кун қайиқни тайёрладим. Картошка, тухум қайнатдик, пиёз, пиширилган товуқ, сигарет, чой, қаҳва олдик. Барча зарур нарсаларни ғамладик. Бензинни ҳатто керагидан кўп олибмиз, бир бочкаси ортиб қолди”, дейди у ўша кунларни эслаб.

Максим қочиш режасини қаттиқ сир тутишганини айтади: улар ўйлаган иш Россия чегара ҳудудларида жиддий қонунбузарлик ҳисобланади.

“Бизга тартиб-қоида шундай: денгизга чиқадиган бўлсанг, чегарачиларга олдиндан хабар қилишинг керак. Агар хабар қилмасанг, биринчи мартасида огоҳлантиришади. Иккинчисида эса жарима қилишади”, дейди у.

Қочоқлар дастлаб Чукотканинг Авлиё Лаврентий оролига энг яқин қисмига етиб оладилар:

“Харитадан бухталарни кўздан кечириб, киришга қулайроғини изладик. Эҳтиром кўрфази ортида кичик лагунани топдик, у ерда совет давридан қолган хароба уйча бор экан. Ўша ерда тунадик. Эрталаб барвақт туриб, атрофни айландим, қарасам, ҳаво очиляпти. Дарҳол қайиқни шайлаб қўйдим. Чой дамладим. Серёга ҳам уйғонди. Соат 10 ларда йўлга ҳозирлик кўра бошладик, тахминан 12 ларда оролга жўнаб кетдик”, дейди Максим қандай қочганлари ҳақида сўзлар экан.

“Қўлга тушиб қолиш ваҳимаси ёмон бўлди, бошқа нимадан ҳам қўрқардик? Лекин, бахтимизга, чегарачилар бизни сезишмади, балки қуёш кўзларини шафақлантиргандир, чунки офтоб денгиз тарафдан чарақлаб турганди”, дея қўшиб қўяди у.

Улар бир неча соатда 70 километрдан зиёд сузиб, Америка ҳудудига етиб келишади. Айтишларича, АҚШда уларда жиддий муаммо бўлмаган:

“Оролга сузиб борганимиздан сўнг квадроцикл минган кишилар келишди. Улар булдозер ёрдамида қайиғимизни қирғоққа тортиб чиқаришди. Сўнгра полиция идорасига олиб бориб, олдимизга бир дунё овқат қўйишди, – ҳикоя қилади Максим. – Шунча овқатни нима қиламиз, дейман. Пицца, ҳар хил шарбатлар бор эди столда. Биз ўзимизнинг егуликларни ҳам чиқардик. Лимонли чойимиз уларга ёқиб қолди. Бир америкалик резина қайиғимизни сўради, олақол, сенга совға шу, дедик. Улар ҳам чукчалар каби туб аҳоли ҳисобланади, фарқи – америкалик эканлиги”.

Максим билан Сергейни Алясканинг энг йирик шаҳри бўлмиш Анкорижга жўнатишади. Улар ўша ерда икки ой иммиграция қамоқхонасида бўладилар.

“Бизга шундай дейишди: “Кафил топинглар, қўйиб юборамиз”. Қанақа кафил, деб ҳайрон бўлдик. Тушунтиришди. Менга уч минг, Сергейга эса 10 минг доллар гаров пули белгиланган экан. Очиғи, ғирт бегона юртда бегона одам бизга кафил бўлишини тасаввур ҳам қила олмасдик”, дейди Теюнаут.

Аммо кафил бўлувчилар топилади. Максим Теюнаут учун Сиэтл яқинида жойлашган Такома шаҳарчасидаги баптистлар черкови руҳонийси Роман Митин гаров пули тўлайди. У СССРда эътиқоди учун қувғин қилинган украин баптистлари оиласидан бўлиб, 90-йилларда АҚШга муҳожир бўлиб келган экан.

Роман Митин қочоқлардан қандай хабар топгани ҳақида шундай ҳикоя қилади:

“Қўнғироқ бўлди, гўшакни кўтардим. “Сиз Романмисиз?” деб сўради бир овоз. Сўнгра ўзини таништириб, мақсадга ўтди: Мен “Политико” газетаси мухбириман. Икки йигит Чукоткадан Аляскага қочиб келибди, ҳозир улар қамоқда. Уларга ҳомийлик қилиб, қамоқдан чиқариб олмайсизми?” деди. “Нимадан қочишибди?” деб сўрадим. “Сафарбарликдан”, деди. “Ундай бўлса ёрдам бераман”, дедим”.

“Бир америкалик аёл Сергейга кафил бўлди, мен эса Максимни қарамоғимга олишга розилик бердим. Биз гаров пулини тўладик. Аввал Сергейни, кейин Максимни озод қилишди. Уларни олиб кетдик, бошпана бердик. Улар шу ерда яшашди. Максим ҳалигача яшаяпти”, дейди руҳоний.

Митин 2014 йили Россия у таваллуд топган Донецк вилоятида ҳарбий ҳаракатларни бошлагач собиқ ватандошларига бир неча марта ёрдам берганини айтади. Россия Украинага қарши тўлақонли босқин бошлаганидан сўнг эса унинг черкови жамоаси, айниқса украин диаспораси вакиллари Украина учун пул йиғишга киришадилар, айни чоғда сафарбарликдан қочган россияликларга ҳам кўмаклашадилар.

“Черковимиз жамоати деярли тенг миқдордаги руслар, белоруслар ва украинлардан ташкил топган, – ҳикоя қилади Роман. – Бобом пастор бўлган, Луганск ва Донецк вилоятлари бўйича пресвитер эди у. Уйимизда ҳар ой тинтув ўтказишарди, КГБ ходимлари ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб чиқиб кетишарди. 90-йилларда ўқитувчимиз мен билан тоғаваччам Петренко баптистлар оиласидан эканимизни билиб қолгач “Мендан яхшилик кутманглар, сенларга “3” баҳони ҳам раво кўрмайман!” деб очиқ айтган”.

“Онам бир куни албатта Америкага кетамиз, дердилар. Бу гапни 10 йилча, деярли ҳар куни эшитардик ундан. Кулардик, хомхаёл деб ўйлардик. Лекин элчихонадан ҳужжатларимиз келганида ҳаммамиз йиғладик, – дейди руҳоний ўтмиш хотираларидан сўзлар экан. – 1999 йил ноябрда АҚШга келдик. Мен тилни ўрганиш учун мактабга қатнай бошладим. 2003 йилда мени дўконга ишга олишди. Ишдан ташқари икки йил диний мактабда ўқидим. 2006 йилда Калифорниядан Вашингтон штатига қайтиб, черков очдим”.

“Украинада тўлақонли уруш бошлангач турли миллат вакиллари йиғилган ташкилотларда низолар чиқди, – дейди пастор. – Бизда бунақа бўлгани йўқ, мен уруш хабарини эшитишим билан жамоатни йиғиб, шундай дедим: “Биродарлар, уруш бошланди. Ҳақиқий насроний бўлсак, ҳазрати Исо каби иш тутишимиз лозим. Исо фақат мазлумлар ва муҳтожлар тарафида бўлган”. Шундан сўнг пул тўплаб Украинага жўнатдик, одамларга генераторлар сотиб олиб бердик”.

“Менинг чўқинтирган онам Макеевкада давлат нотариуси бўлиб ишларди. Россия тарафига ўтган маҳаллий одамлар шаҳардаги уйларни, корхоналарни ўз номларига ўтказиб олиш учун унинг пешонасига автомат тираб давлат муҳрини талаб қилганлар. Уруш вақтида илгари Бучада яшаган бир неча кишини қабул қилдик, улар Россия армияси аскарлари қанақанги ваҳшийликлар қилганини сўзлаб беришди. Разолатнинг чек-чегараси йўқ”, дейди Роман Митин.

Максим, депортация қамоқхонасидан чиқариб олгани учун Романдан миннатдор, аммо унинг черковига сира бормас экан.

“Россияда ҳам черковга қатнамасдим, энди бу ерда қатнашим керакми? Умуман, мен мажусийман, биз чукчалар ҳамиша мажусий бўлганмиз. Минг олдин қандай бўлсак, шундаймиз. Ота-боболаримиз “Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам оқибати бор. Бошингга бирон мусибат етса, шў феълу амалингдан бўлади”, деб ўргатишган. Мен бунга ишонаман”, дейди россиялик қочоқ.

01:00 21.1.2024

Бахмут ва Авдеевка учун жанглар

Украинанинг Бахмут шаҳри ва урушнинг шарқий фронти яқинида қаттиқ қиш.

Украин ҳарбийси Михаило Рейтер агентлигига уларнинг яна бир душмани совуқ хаво эканини айтади.

“Ёмон об-ҳаво ишимизга ҳалал беряпти. Дронларнинг учиши қийин бўлада совуқда. Разведка фаолияти ҳам секин бўлади”.

Украина ҳарбийларининг айтишича, бу муаммолар, ўқ-дорилар ва қурол-яроғ захираларининг камайиши ва аскар етишмаслиги билан бирга уларнинг ҳужум қилиш қобилиятини тўхтатмоқда.

Уларнинг Ғарб қуроллари оғир об-ҳаво шароитида ҳам курашади, дейди улар.

Ўтган йили Украинанинг қарши ҳужуми босиб олинган жануб ва шарқда қаттиқ ҳимояланган Россия чизиғини бузиб ўта олмади.

Россия босқинининг икки йиллиги яқинлашар экан. . . Украина ўз тарафдорларини артиллерия захираларини ошириш учун кўпроқ ҳаракат қилишга ундамоқда.

Украиналик ҳарбий Павлонинг айтишича, улар ҳозирча душманнинг олдинга силжишини тўхтатмоқдалар.

“Олға силжиш учун бизга ўқ-дорилар керак, бизга кўпроқ аскар, қурол лозим. Агар биз буни ҳозир олмасак, олға юролмаймиз. Ўқ -дори йўқлигидан кўп ўт очмаяпмиз. Кунига бешта холос. Илгари кунига 10та, 20та отардик.”, дейди Павло.

Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқидаги сиёсий қарама-қаршиликлар бир неча ой давомида иккита йирик ҳарбий ва молиявий ёрдам пакетини ушлаб турди, аммо Киев ёрдам охир-оқибат амалга ошишига умид билдирган.

Украина қуруқликдаги кучлари қўмондони Рейтер агентлигига унинг қўшинлари кичикроқ қарши ҳужумлар уюштираётганини ва ўқ-дорилар ва одамларни тежаш мақсадида ҳар икки томоннинг жанглари кичикроқ миқёсда эканини айтди.

01:04 21.1.2024

ЕИ Украина учун кўпроқ артиллерия снарядлари ишлаб чиқармоқчи

Европа Иттифоқи бош ижрочи органи барча 27 аъзо давлат биргаликда Украинага кўпроқ молиявий ёрдам кўрсатишга келишиб олишига ишонч билдирди.

Венгрия ёрдам пакети бўйича келишувга қаршилик кўрсатиб, қолган 26 давлат Киев билан алоҳида икки томонлама битимлар доирасида Украинага маблағ бериш имкониятини оширди.

Аммо Европа Иттифоқи парламентидаги мунозаралар чоғида Ёврокомиссия ижрочи раҳбари Урсула фон дер Лейен қонунчиларга қарата: “Ишончим комилки, биз 27 йилгача ечим топамиз”, деди.

Шундан сўнг кўплаб қонунчилар сўзга чиқиб, Европа Иттифоқи етакчиларини ўтган декабрдаги саммитда Украинага 2027 йилгача 50 миллиард евро (54 миллиард доллар) ёрдам беришга вето қўйган Венгрияга нисбатан қаттиқроқ позицияни эгаллашга ундашди.

Европа Иттифоқининг ички бозор бўйича комиссари Тиерри Бретон Европа Иттифоқи мамлакатлари корхоналари жорий йилда камида 1, 3 миллион артиллерия снарядларини ишлаб чиқаришга қодирлигини айтди.

Бретон Таллинда Эстония бош вазири Кажа Каллас билан қўшма матбуот анжуманида бу ҳақда гапирди. Унинг сўзларига кўра, Еврокомиссия ишлаб чиқариш қувватларини ошириш устида ишлашда давом этади – 2024 йил охирига келиб эса 1, 3 миллиондан 1, 4 миллион донагача снаряд ишлаб чиқариши мумкин. Бретон келаси йилда қобиқ ишлаб чиқариш кўпайтирилишини айтди.

.

3230

Оқ уй миллий хавфсизлик вакили Жон Кирби Украинага хавфсизлик бўйича ёрдам оқимини давом эттириш муҳим ва шошилинч зарурлигини таъкидлади.

Кирби, жанг майдонидаги талаблар ва Россиянинг ҳаракатлари туфайли баъзи ўқ-дорилар этишмаётганини тан олиб, баъзи қурол тизимларига бўлган кескин эҳтиёжни таъкидлади.

Журналистларнинг Президент Байденнинг чоршанба куни тушдан кейин Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон ва бошқа республикачилар конгресси етакчилари билан учрашуви ҳақида сўрашганида, Кирби муҳокаманинг асосий мавзуси Украина ҳақида бўлганини таъкидлади.

Байден Украинани қурол-яроғ билан таъминлаш ва АҚШ захираларини тўлдириш учун 61, 4 миллиард доллар қўшимча маблағ сўради. Бу Исроил учун 14, 3 миллиард доллар ва чегарани ҳимоя қилиш учун 13, 6 миллиард долларни ўз ичига олган "қўшимча" сўровнинг бир қисмидир.

01:15 21.1.2024

Ермак: Украина Россия билан урушда стратегик мудофаага ўтиш ҳақидаги ғояни рад этади

Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак Украинанинг Россия билан урушда стратегик мудофаага ўтиши ҳақидаги ғояни рад этди.

Бу ҳақда у Францияда чиқадиган Le Figaro нашрига берган интервюсида айтиб ўтди.

Ермакнинг сўзларига кўра, Украина мудофаа урушини олиб бора олмайди, чунки бу "можаронинг музлашига" олиб келиши мумкин. "Биз ҳеч қачон Путин билан музлатилган можарога рози бўлмаймиз", деди Ермак.

Украина президенти Владимир Зеленский бир неча бор Украина расмийлари ҳозирги фронт чизиғи бўйлаб можарони музлатиш деб аталмиш нарсага рози эмаслигини, шу жумладан, улар буни Россия учун фойдали деб билганлари учун – “музлатиш” унга қайта тўпланиш, қурол ғамлашга имкон беришини бир неча бор таъкидлади.

Шу билан бирга, Ермак фронтдаги ҳозирги вазият оғир эканини тан олди - унинг сўзларига кўра, украиналик ҳарбийлар етарли аскар ва ресурсларга эга эмас ва улар "энди олдинга силжий олмасликлари" ҳақида шикоят қилмоқдалар. 2023 йил ёзида Украинанинг ҳужуми фақат чекланган муваффақиятга эришди ва сўнгги ҳафталарда фронтни асосан рус қўшинлари бошқармоқда, гарчи уларнинг ютуқлари ҳам кичик бўлса да.

Ермакнинг сўзларига кўра, Украина ҳозир "ўтиш даври"да - янги сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси, шунингдек, янги ҳарбий стратегия муҳокама қилинмоқда.

Украина раҳбарияти Ғарб давлатларини Киевни қўллаб-қувватлашни, хусусан, қурол-яроғ етказиб беришни кучайтиришга чақирмоқда. Киев ҳамон қўшинлар зарур жиҳозлар, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва узоқ масофага учувчи қуроллар билан таъминланса, Россияни мағлуб этишлари мумкинлигини таъкидламоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG