Дронлар Ленинград вилояти портига ҳужум қилди
Якшанбага ўтар кечаси Ленинград вилоятидаги Уст-Луг денгиз портида кучли ёнғин чиқди. “Новатэк” ширкатига қарашли терминаллардан бирига ўт кетди. Йирик газ омбори шикастлангани айтилмоқда.
Вилоят губернатори Александр Дрозденкога кўра, жабрланганлар йўқ, персонал эвакуация қилинган.
Расмийлар ёнғин сабабини очиқлашганича йўқ. Бироқ, “Фонтанка” маълумотига кўра, ҳодиса дронлар ҳужуми оқибатида содир бўлган.
47.News нашри ёнғин видеосини ёйинлар экан, дронлар иккита бўлганини маълум қилмоқда.
Улар Россия Мудофаа вазирлиги ҲҲМ кучлари томонидан маҳаллий вақт билан соат 00:30 ларда Ленинград вилоятининг Кингисепп тумани устида қайд этилган, соат чамаси 03:20 ларда эса портга ҳужум қилган.
Эрталаб 9 ларга яқин ёнғин локаллаштирилди, дея маълум қилган туман ягона диспетчерлик хизмати. Айни пайтда ўт ўчирувчилар 100 куб метр сиғимли цистернани ўчиришда давом этишмоқда.
Уст-Лугда “Новатэк” нефт-кимё заводи жойлашган. У газ конденсатини қайта ишлаб, нафта, керосин, дизел фракцияси ва мазут олади. Ширкат маҳсулотларини ўша ердан ўз терминали орқали кемаларга юклаб, экспортга жўнатади.
“Фонтанка” ёзишича, якшанбага ўтар кечаси “Новатэк” бандаргоҳида Бельгия, Уммон ва Ливиядан келган учта кема бўлган.
Кеча тунда Тула, Смоленск ва Орлов вилоятлари ҳам дронлар ҳужумига учраган. Барча дронлар уриб туширилгани айтилмоқда.
Аммо Тулада ерлик аҳоли телеграм-каналларда битта дрон “Шчегловский вал” заводига урилиб портлаганини хабар қилишган.
Мазкур завод ҳарбий техника ва жиҳозлар, хусусан “Панцирь” ҲҲМ тизимларини ишлаб чиқаради.
Тула маъмурияти маълумотни тасдиқламади. Кейинроқ Брянск вилояти губернатори Александр Богомаз вилоятнинг Клинци тумани устида битта дрон уриб туширилганини билдирди.
Россия Мудофаа вазирлиги дронлар ҳамласини “Киев режимининг террорчилик ҳужумлари” деб атайди. Украина томони эса одатда бунақа ҳужумларга изоҳ бермайди.
Белгород вилоятида Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатга учради
Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди. Хабарда айтилишича, бортда Украина Қуролли Кучларининг асирга олинган ва Белгород вилоятига алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар ҳарбий хизматчиси, олти нафар экипаж аъзоси ва уч нафар ҳамроҳ бўлган.
Воқеа ҳақида биринчи бўлиб "112" телеграм-каналининг манбаси хабар берди. Белгород телеграм каналларида ҳалокат акс этган кадрлар эълон қилинди. Тармоқларда юқори тезликда тушаётгани ва портлагани акс эктган учоқ видеоси тарқалди.
Учоқ Яблонное қишлоғи яқинида қулаган, деб тасдиқлади Медиазона. Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков тафсилотларни айтмасдан, "ҳодиса жойига" борганини айтди. Ҳозир воқеа жойида тергов гуруҳи ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ишламоқда, деб ёзди у ўзининг Телеграм-каналида. Россия Мудофаа вазирлиги минтақада дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди.
“Украинская правда” ва “РБК-Украина” манбаларига таяниб, Ил-76 Украина Қуролли кучлари томонидан уриб туширилганини хабар қилди. Нашрларга кўра, учоқ Харков вилоятини ўққа тутиш учун С-300 зенит-ракета тизимлари учун ракеталарни олиб кетаётган бўлган. Кейинроқ иккала нашр ҳам Украина Қуролли кучларининг самолёт ҳалокатига алоқадорлиги ҳақидаги хабарни олиб ташлади.
Айрим рус телеграм каналлари Россия самолёти Украина Қуролли кучлари томонидан Патриот ракета тизимидан уриб туширилганини даъво қилмоқда. Телеграм-каналга кўра, бу учоқ илгари ҳам маҳбусларниташишда ишлатилган.
Украина расмийлари воқеа юзасидан изоҳ берганича йўқ.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам ҳозирча бир нима деёлмаслигини билдирди. "Бу жуда янги маълумот. Биз у билан энди шуғулланамиз", деди у.
Давлат Думаси депутати Андрей Картаполовнинг айтишича, бортида 80 га яқин украиналик ҳарбий асир бўлган яна бир Ил-76 ортга қайтарилган. Унинг сўзларига кўра, Украина расмийлари яқинлашиб келаётган алмашинув ва маҳбуслар ҳақида билишган. Картаполов "самолёт Германияда ишлаб чиқарилган Патриот ёки Ирис-Т зенит-ракета тизимидан учта ракета билан уриб туширилган", деб тахмин қилди.
Давлат думаси раҳбари Вячеслав Володин Давлат думасига Ил-76 ҳалокати муносабати билан АҚШ Конгресси ва Германия Бундестаги олдида чиқиш қилишни топширди.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.
Россия Украина шарқидаги Харков шаҳрига навбатдаги ракета зарбаларини берди
Ҳужум оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, дея хабар қилди Харков маъмурияти.
Россиянинг 24 соат ичидаги учинчи ракета ҳужумида камида тўққиз киши жароҳатланган. Улар орасида болалар ҳам бор.
Қутқарувчилар бино вайроналарини кўздан кечирмоқда. Украина Миллий Юридик фанлар академияси биносига ҳам жиддий зарар етган.
Харковдаги газ қувури ҳам шикастлангани ҳақида хабар қилинди. Энергетика вазирлигига кўра, электр инфратузилмасига зарар етгани сабабли минглаб аҳоли электрсиз қолган.
Рейтерс агентлиги видео ҳаққонийлигини, унда ҳақиқатан Харков акс этганини тасдиқлашга муваффақ бўлди.
Россия 2022 йил февралидан бери фронтдан ортидаги шаҳарларга ва фуқаролик инфратузилмаларига мунтазам ҳаво ҳужумлари уюштириб келади.
В.Зеленский: Россия ҳужуми оқибатида 18 киши ўлган, 130 киши яраланган
Россия қўшинлари 23 январ куни Украина бўйлаб ялпи ракета зарбалари бериши натижасида 18 киши ўлган, 130 киши яраланган. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский ўз видеомурожаатида маълум қилди.
“Ҳужум натижасида 200 дан зиёд объект, жумладан 139 та турар-жой бинолари шикастланди. Оддий кўпқаватли уй, у ерда оддий одамлар яшарди. Оддийгина тинч ҳаёт – мана, бугунги Россия нималарни ўзи учун таҳдид деб билади”, деди Владимир Зеленский.
Унинг айтишича, қурбонлар сони ортиши мумкин.
Украина ҳарбийларига кўра, 23 январда Россия қўшинлари қанотли, баллистик, авиация ва зенит ракеталарини қўллаган ҳолда аралаш ракета зарбалари йўллаган. Жами 41 та ракета учирилган, шундан 21 таси Украина ҲҲМ воситалари ёрдамида уриб туширилган.
Ракета зарбалари ортидан Киевнинг бир неча жойида ёнғин чиқди.
Харковда ракеталар икки кўпқават уйга теккан. Харков вилояти маъмурияти раҳбари Олег Синегубов 23 январ оқшомида тўққиз яшар қизалоқ дохил саккиз киши ўлгани ҳақида ёзди.
24 январ кечаси Россия ҳарбийлари Харковга С-300 ракеталари билан яна зарба берди.
Бундан ташқари, Днепропетровскдаги Павлоград ҳамда Суми вилоятининг Шостка шаҳарларига ҳам ҳужумлар бўлгани маълум қилинган.