Линклар

Шошилинч хабар
18 март 2026, Тошкент вақти: 06:09

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

18:11 4.2.2024

Полша президенти Украинанинг Қримни қайтариб олишига шубҳа билдиргани учун танқидга учради

Полша президенти Киевнинг Россия томонидан босиб олинган Қрим устидан назоратни қайта тиклай олишига ишончи комил эмаслигини айтгани учун қаттиқ танқидларга учради. Шундан сўнг, у Украинани доим қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Полша Россия Украинага бостириб кирганидан буён Киевнинг доимий тарафдорларидан бири бўлиб келади ва Москванинг кейинги тажовузларини олдини олиш учун Украина ўз ҳудуди устидан назоратни қайтариб олиши керак деган позицияни билдирган.

Полша президенти Анжей Дуда икки кун олдин берган интервьюсида бу позицияни яна бир бор такрорлади.

Украина ҳақиқатан ҳам Қримни қайтариб олишига ишонасизми, деган саволга Анжей Дуда бу саволга жавоб бериш қийинлигини айтди:

«Бу саволга жавоб бериш мен учун қийин. Мен учун қийин. Украина Қримни қайтариб оладими йўқ, билмайман. Лекин мен Украина Донетск ва Луганскни қайтариб олишига ишонаман. Қрим бошқа масала. Бу тарихий сабабларга кўра ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Тарихга назар ташласак, Қрим узоқ вақт Россия таркибида бўлган».

Полша етакчисининг бу гаплари Полшадаги ҳукмрон коалиция депутатлари томонидан кескин танқид остига олинди.

«Жаноб Дудага эслатиб ўтмоқчиманки, бизнинг мамлакатимизда ҳам Полшадан кўра узоқроқ вақт бошқа давлатга тегишли бўлган шаҳарларимиз бор», деб ёзди ҳукмрон партия депутати Роман Гиертих ўзининг фейсбук тармоғидаги саҳифасида.

Украинанинг Полшадаги элчиси Васил Зварич ҳам фейсбукда «Қрим - Украинаники, шундай бўлган ва шундай бўлиб қолади» дея пост қолдирди.

18:13 4.2.2024

Бошқирдистонда норозилик акциялари ортидан камида 34 киши ҳибс қилинди

Бошқирдистонда 34 киши суд қилинган экофаол Фаил Алсиновни қўллаб-қувватлаб норозилик акцияларида иштирок этиш айблови билан ҳибсга олинди. Бу ҳақда ОВД-Инфо хабар бермоқда.

Маҳбусларнинг барчаси оммавий тартибсизликларда иштирок этишга доир модда билан айбланяпти. Улардан тўрт нафари оммавий тартибсизликлар уюштиришда, 13 нафари ҳокимият вакилига нисбатан куч ишлатишда ҳам айбланди.

15 нафар маҳбуснинг тахминий ёши маълум: бештаси – 18 дан 30 ёшгача, саккиз нафари – 31 дан 50 ёшгача ва икки нафари – 51 дан 70 ёшгача.

ОВД-Инфо хабарига кўра, айблов мазмунига доир маълумот деярли йўқ. Фигурантлардан бирини ҳимоя қилаётган адвокат маҳбусларнинг аксари “полициячиларни қорбўрон қилиш”да айбланаётганини айтган.

Бошқирдистонда оммавий норозилик январ ойи ўрталарида – Алсинов устидан ҳукм ўқилиши манзарасида бошланган эди.

Россияда тақиқланган “Бошқурт” ташкилоти собиқ раҳбари бўлмиш Фаил Алсинов “нафрат ёки адоват қўзғатиш” айблови билан тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди.

Алсинов – Бошқирдистонда машҳур фаол бўлиб, фойдали қазилма конларининг очилишига қарши курашган. Кўпчилик унга қарши қўзғатилган жиноят ишини Бошқирдистон раҳбари Радий Хабировнинг буюртмаси деб ҳисоблайди.

18:16 4.2.2024

Украина Эстониядан навбатдаги ҳарбий ёрдам олди

Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Эстониядан янги ҳарбий ёрдам пакети, жумладан танкка қарши Жавелин тизимлари, пулемётлар, ўқ-дорилар, турли жиҳозлар ва ғаввослар жиҳозлари олинган.

Эстония мудофаа вазири Ханно Певкур 3 январ куни “бу ёрдам пакети Украина Қуролли кучлари томонидан қўлланила бошлаганини” айтди.

“Европада содир бўлган сўнгги воқеалар шуни кўрсатадики, Украинага зарур бўлган ракеталар ва бошқа ҳарбий ёрдамлар етказиб бериш кенг миқёсда давом этади ва бу билан биз иттифоқчиларимиз билан биргаликда Кремлга Украина ғалабасини қўллаб-қувватлашимиз ҳақида аниқ сигнал юборамиз, - деди Певкур.

13:07 10.2.2024

Украинанинг Харков шаҳри яна дрон ҳужумига тутилди

10 феврал эрталаб Россия Украинанинг Харков шаҳрига уюштирган дрон ҳужумида етти киши, жумладан, уч нафар ёш бола ҳалок бўлган.

Шаҳар маъмурияти расмийларига кўра, бир қанча жойда ёнғин, инфратузилма ва турар-жойларга зарар етган.

Харков прокуратураси раҳбари Олександр Филчаков Телеграм каналида жойлаштирган видеода учта дрон Немишлианский туманидаги “инфратузилма объектига” урилганини кўриш мумкин.

Харков мери Игор Тереховнинг айтишича, ҳужумда 14та хусусий уй вайрон бўлган, 50 нафар аҳоли эвакуация қилинган.

Россия шанбага ўтар кечаси Украинага жами “Шаҳед” русумидаги 31 та ҳужумчи дрон билан ҳужум қилди, улардан 23 таси уриб туширилди, дея хабар беради Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари.

Асосий зарба Одесса ва Харков вилоятларига тушди.

“Ҳаво ҳужумини қайтариш учун зенит-ракета қўшинлари бўлинмалари, Украина Ҳарбий ҳаво кучлари ва мудофаа кучларининг мобил ўт ўчириш гуруҳлари ҳамда электрон уруш техникаси жалб этилди. Жанговар ҳаракатлар натижасида Одесса ва Харков вилоятларида 23та “Шаҳед” йўқ қилинди”, — дейилади ҳарбий ҳисоботда.

Кўплаб далилларга қарамай Россия тинч аҳоли манзилларини атайлаб нишонга олмаганини айтиб келади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG