Вильнюсда Навалний сафдошига ҳужум қилишди
12 март куни оқшом вақти номаълум одамлар Алексей Навалнийнинг яқин сафдоши, Коррупцияга қарши кураш фонди собиқ директори Леонид Волковга болға билан ҳамла қилишган.
Воқеа мухолифатчи яшайдиган уй ёнида содир бўлган. Навалний жамоаси телеграм-каналида жабрланган Волковнинг сурати эълон қилинди. Тасвирда унинг боши шикастлангани ва оёқлари қонагани кўринади.
Кейинроқ Волков касалхонадан қайтганини билдирди. Кадрларда унинг бир қўли боғлангани акс этган.
“Бу Путиннинг бандитларга хос ва уларнинг услубида йўллаган саломи эди”, дея изоҳ берди Навальний сафдоши.
Воқеага Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис муносабат билдирди.
“Леонидга ҳужум қилингани ҳақидаги хабарлар кўпчилик учун шок бўлди. Тегишли идоралар ишга киришган. Айбдорлар ўз жиноятлари учун жавоб беришади”, деб ёзди Литва ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари.
ЕИ аъзолари Украинага қўшимча 5 млрд евро ажратишга келишиб олди
“Европа иттифоқи Украинага узоқ муддатли ёрдам кўрсатиш, шунингдек мамлакатнинг ўзини мудофаа қилиши учун зарур ҳарбий техникаларни олишини кафолатлашда собитқадамлик билан давом этмоқда”, дейилади ЕИ Кенгашидаги Бельгия ваколатхонаси баёнотида.
Молдова ва Украина ташқи ишлар вазирлари Киевда учрашди
Кеча Молдова ташқи ишлар вазири Михай Попсой Киевга ташриф буюрди ва украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулеба билан учрашди. Томонлар минтақадаги хавфсизлик ҳолати ва икки мамлакатнинг Европа Иттифоқига интеграциясини муҳокама қилган.
Попсой Молдова Россия босқинига қарши курашда Украинани тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Молдова ташқи ишлар вазири, шунингдек, Швейцарияда бўлиб ўтиши кутилаётган Глобал тинчлик саммитида муҳокама қилинадиган Владимир Зеленскийнинг ўн бандлик тинчлик формуласини қўллаб-қувватлашини ҳам билдирди:
“Биз Молдова Республикаси бўйлаб, шу жумладан Днестря ва минтақада вазиятни барқарор сақлаш тарафдоримиз. Россия Молдовадаги сиёсий таянчлари ёрдамида барқарорликни бузишга уринаётганини кўриб билиб турибмиз. Мамлакат ташқарисидаги қочқин олигархлар сайловчиларни, намойишчиларни сотиб олиш учун мамлакатга нақд пул олиб киришга ҳаракат қилмоқда".
Молдова расмийлари Россияни ҳукуматга қарши намойишларни молиялаштириш, маҳаллий сайловларга аралашиш ва ҳукуматни ағдариш ҳамда Молдовани Европа Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиш йўлидан қайтариш учун кенг кўламли дезинформацион кампанияни тарқатишда айблаб келади. Россия барча айбловларни рад этган.
Попсой Молдова урушдан қочган 115 минг Украина фуқаросини қўллаб-қувватлашда давом этишини ҳам қўшимча қилди.
"Запороже АЭС" ўққа тутилди
Россия назоратидаги Украина атом электр станцияси расмийлари Украина иншоотга қарашли муҳим инфратузилма объектини ўққа тутганини билдирди.
Атом станцияси раҳбарияти, дизель ёнилғиси сақланадиган ҳудудга портловчи мослама ташлаб кетилганини билдирди. Раҳбарият воқеа ҳақида станциядаги Халқаро атом энергияси агентлиги мутахассисларини огоҳлантирган.
Мазкур хабарни мустақил равишда тасдиқлаб бўлмади. Объект 2022 йил мартидан бери Москва назорати остида.
Уруш давомида Украина ва Россия бир-бирини станцияда ядровий фалокат юзага келтиришга уринишда айблаб келади.