Якшанбага ўтар кечаси Россия вилоятларига Украина дронлари ҳужум қилди
Россия Мудофаа вазирлиги Москва, Белгород, Калуга, Орлов, Ростов, Ярославл ва Курск вилоятлари осмонида 35 та ўзиучар қурилма уриб туширилганини билдирди. Дронларнинг энг кўпи – 17 таси – Краснодар ўлкасида уриб туширилган.
Дрон келиб урилиши ортидан Славянск-Кубандаги нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиққан ва бир киши ўлган.
Россия қўшинлари тунда Украинанинг Харков, Донецк ва Чернигов вилоятларини бошқариладиган зенит ракеталари билан ўққа тутди.
Бундан ташқари, Украина ҳаво кучлари Одесса вилояти устида “Шаҳид” русумли 14 та дрон уриб туширилганини маълум қилди – ҳужум чоғида икки агрокорхонага зарар етган.
Россия Украинани ҳар куни ўққа тутмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги гўё фақат ҳарбий объектларга зарба бераётганини иддао қилади.
Айни чоғда Россия ҳудудига дронлар ҳужуми ҳам сўнгги пайтларда деярли ҳар куни содир бўлмоқда.
Россия бунда Украина Қуролли кучларини айблайди. Украина қўмондонлиги эса одатда ҳужумлар юзасидан изоҳ бермайди.
Сўнгги 24 соат ичида Россия қўшинлари Украинанинг ҳарбий позициялари ва аҳоли пунктларига 6 та ракета ва 62 та ҳаво зарбаси берди, кўплаб ракета тизимларидан 125 та ҳужумни амалга оширди.
Бу ҳақда мамлакат Қуролли кучлари Бош штаби ҳисоботида маълум қилинган.
Чернигов, Суми, Харков, Луганск, Донецк, Запороже, Днепропетровск, Херсон ва Николаев вилоятларидаги 140 дан ортиқ аҳоли пункти артиллериядан ўққа тутилди.
Россия ҳужумлари натижасида тинч аҳоли орасида яраланганлар бор, хусусий ва кўп хонадонли турар-жой бинолари ва бошқа фуқаролик инфратузилмаси вайрон бўлган ва зарар кўрган, дейилади хабарда.
Украина президентлик сайловларининг иккинчи кунида Россияга зарба берди
Шанба куни Украина ракетаси Россия билан чегарадош Белгород шаҳрига зарба берди.
Россиянинг Осторожно Новости нашри чоп этган видеода турар-жой биносидан тутун чиқаётганини кўриш мумкин.
Шунингдек, Россиянинг Самара вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводидаги ёнғинга ҳам дрон зарбаси сабаб бўлди.
Украинанинг бу ҳужумлари Россия президенти сайловларининг иккинчи кунида содир бўлди.
Россия президенти Владимир Путин Киевни вазиятни бузишга уринаётганликда айблади.
Шу ҳафтада Украина Россия ҳудудига, хусусан, нефтни қайта ишлаш заводларига бир неча бор зарбалар берди.
Кремл мамлакат Путин ортида бирлашганини намойиш қилиш учун сайловда юқори иштирок этишига умид қилмоқда.
Бу сайлов деярли Путинга яна олти йил вақт беради.
Путиннинг етакчи танқидчилари қамоқда ёки хорижга қочиб кетган, бу эса мухолифатга сайлов сохта ўтяпти дейишига асос бўлади.
Баъзи энг юқори кўрсаткичлар - тахминан 70% - Украинанинг Белгород вилояти ва Россия назоратидаги вилоятларида қайд этилган, Киев эса ўз ҳудудида Россия сайловлари бўлишини ноқонуний деб ҳисоблайди.
Украинанинг дрон ҳужумидан кейин Краснодар нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиққан
Воқеа гувоҳлари Краснодар ўлкасидаги Славянск нефтни қайта ишлаш заводида катта ёнғин чиққани акс этган видеотасвирларни тармоқларга жойлади. Маҳаллий ҳокимият Украина заводга бир нечта дрон билан ҳужум қилганини тасдиқлади.
Минтақа оператив штаби дронлар зарарсизлантирилгани бироқ дронлардан бири қулаб тушиб, ёнғинга сабаб бўлганини маълум қилди. ТАСС давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, ҳужум оқибатида нефтни қайта ишлаш заводининг бир ишчиси жароҳатланган.
Россия Украинани мамлакатда ўтаётган президентлик сайловларини бузиш учун «террордан» фойдаланганликда айблади
Рейтерс гувоҳларнинг видеоларидаги жойлашувни тасдиқлашга муваффақ бўлди, бироқ видео санасини аниқлай олмади.
Санкт-Петербургдаги сайлов участкасига молотов коктейли улоқтирилди
Россиянинг иккинчи шаҳри Санкт-Петербургдаги сайлов участкасига жума куни “Молотов коктейли” улоқтирилди, деб хабар берди маҳаллий “Фонтанка” ахборот сайти.
Рейтерс қўлга киритган кузатув камераларида аёлнинг сайлов участкасига киравериш томон югуриб, сўнг шиша идишни бино ташқарисига улоқтирганини кўриш мумкин. Шундан сўнг, аёл кириш зинапояси ёнаётган пайтда қўлга олинган.
Ҳодисадан сўнг воқеа жойига полиция етиб келган ва бинога киравериш жойи ўраб олинган.
Жума куни эрталаб Москвада овоз бериш кабинасини ёқиб юборган аёл қўлга олинган эди.