Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:58

Блогер Абдуқодир Мўминов ҳибсга олинди. У "фирибгарлик" ва "товламачилик"да гумонланмоқда


Абдуқодир Мўминовнинг "ғойиб бўлиши" Human.uz нашрининг Тошкентдаги идорасига уюштирилган рейд ва қатор журналист ҳамда блогерларга қарши жиноят иши фонида юз бермоқда.
Абдуқодир Мўминовнинг "ғойиб бўлиши" Human.uz нашрининг Тошкентдаги идорасига уюштирилган рейд ва қатор журналист ҳамда блогерларга қарши жиноят иши фонида юз бермоқда.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси блогер Абдуқодир Мўминовнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади. Бошқарма расмий баёнотида айтилишича у "фирибгарлик" ва "товламачилик"да гумон қилинмоқда. 8 февраль куни ижтимоий тармоқларда танқидий чиқишлари билан танилган "Кўзгу" лойиҳаси муаллифи Абдуқодир Мўминовнинг бедарак кетгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Яқинлари Озодликка унинг Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги уйида фуқаро кийимидаги ходимлар тинтув ўтказишганини айтишган.

Блогернинг онаси Сабоҳат Абдуллаева бундай деган:

“Эрталаб соат 6 ларда Абдуқодир машинасига бензин солгани чиқиб кетган, шу бўйи ғойиб бўлган. Қаердалигини билмаймиз. Телефон қўнғироқларга жавоб бермаяпти. У кетганидан сал вақт ўтиб номаълум одамлар уйни эшигини тақиллатишган. Келиним уйда бўлган, қўрқиб эшикни очмаган. Кейин ҳалиги одамлар эшикни калит билан очиб кириб келишган. Мана ордер деб, тинтув ўтказган, компьютерларини олиб кетган. Келиним Абдуқодир қаерда деб сўраса билмаймиз дейишган. Йўқолганига ҳозир 12 соат бўляпти, қаердалигини билмаймиз. Ички ишлар маълумот бермаяпти”, - дейди Сабоҳат Абдуллаева Озодлик билан суҳбатда.

Абдуқодир Мўминовнинг ҳибсга олиниши Human.uz нашрининг Тошкентдаги идорасига уюштирилган рейд ва қатор журналист ҳамда блогерларга қарши жиноят иши фонида юз бермоқда.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси баёнотида айтилишича, Мўминовга нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”), 165-моддаси (“Товламачилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. А.Мўминов процессуал тартибда ушланган.

"Мўминов 2021 йилнинг октябрь ойида танқидий видеолавҳалар тайёрлаш ва ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали фуқаро Э.З.нинг укаси Д.Ю.нинг номига расмийлаштирилган МЧЖ билан боғлиқ ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бўлими иш юритувидаги жиноят ишини ижобий ҳал этишга ИИБ ходимларини гўёки мажбур қила олишини айтиб, шу орқали Э.З.нинг ишончига кириб, ўзининг хизматлари учун жами 10.000 (ўн минг) АҚШ долларини сўраб, шундан 3.800 (уч минг) АҚШ долларини олдиндан олган. Лекин у берган ваъдасини бажармай, олган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг октябрь ойида А.Мўминов Жиззах вилоятида фуқаро А.Т. билан учрашиб, унинг раҳбарлиги остидаги ташкилот тўғрисида салбий йўсинда видеолавҳа тайёрлаганини, ушбу материални ўзининг “Кўзгу” номли ижтимоий тармоқ саҳифаси орқали тарқатадиган бўлса, ташкилот раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинишини айтиб, А.Т.ни ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб, А.Т.дан ушбу маълумотларни сир сақлаши учун 70.000 АҚШ доллари сўраган.

Фуқаро А.Т. ўз кўрсатувларининг тасдиғи сифатида А.Мўминов билан ўртасидаги сўзлашувлар аудио ёзувини тақдим этган ва унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган", - дейилади ИИББ билдирувида.

Журналистга ҳужум

Мўминов ўтган йил 23 декабрь куни Тошкентда номаълум шахслар ҳужумига учраганди. Озодлик билан суҳбатда у “ҳаётига суиқасд қилингани”ни иддао қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари блогерга уюштирилган ҳужум юзасидан жиноят иши очилганини маълум қилган. Бу иш тафсилотлари ҳозирга қадар жамоатчиликка очиқланмаган.

Тошкентда ўзбекистонлик таниқли блогер калтаклаб кетилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:31 0:00

Абдуқодир Мўминовнинг онаси ўғлининг ғойиб бўлиши ва уйида тинтув ўтказилиши унинг блогерлик фаолияти билан боғлиқ эканини айтади.

“Кескин чиқишлар қиларди, баъзида аччиқ гапларни айтарди шунинг учун бўлса керак-да. Ҳаётида ўғрилик қилмаган, ё бировни ҳақини емаган, қалби пок бола”, - дейди блогернинг онаси Сабоҳат Абдуллаева.

27 январь куни Давлат хавфсизлик хизмати, Human.uz сайти директори Хуршид Далиев ва яна бир неча журналистни қўлга олганини маълум қилганди.

Кейинчалик ҳибсга олинганлар орасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ҳам борлиги маълум бўлди.

"Президент куёвлари иши бўйича суриштирув олиб бораётганди"

Абдуқодир Мўминовни яқиндан биладиган ҳамкасби, блогер Аслиддин Камол дўстининг ғойиб бўлишини унинг "президент куёвлари иши бўйича олиб бораётган суриштируви" билан боғлайди.

“Абдуқодир президент куёвларининг бизнеси бўйича журналистик суриштирув ўтказаётганди. Декабрь ойида кетидан одамлар тушиб, уриб кетишди. Лекин ишини тўхтатмади. Ғойиб бўлишидан икки кун олдин яна ўша одамлар таҳдид қилган.

Ҳозир мутлақо қонунсизлик бўляпти. Бир ҳафта олдин Human.uz сайти журналистлари ҳибсга олинганида қўққисдан бостириб кириб, тинтув қилиб, олиб кетишган, ҳозир ҳам шундай бўляпти. "Ваҳший жиноятчи"бўлган тақдирда ҳам оиласига қаерда эканини ҳақида хабар берилиши керак. Абдуқодирни қаердалигини билолмаяпмиз”, - дейди Аслиддин Камол.

Шу кунга қадар, АОКА - Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги - ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни Human.uz интернет-нашри ходимлари билан боғлиқ вазиятда амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга чақирди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳам Human.uz интернет нашри журналистларининг қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятдан хавотир билдирди.

Форум

XS
SM
MD
LG