Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:02

ТИВ: Ўзбекистон Тоғли Қорабоғдаги сайловларни тан олмайди


Тан олинмаган "Тоғли Қорабоғ республикаси" (ТҚР) парламенти биноси. 9 сентябрь, 2023
Тан олинмаган "Тоғли Қорабоғ республикаси" (ТҚР) парламенти биноси. 9 сентябрь, 2023

Ўзбекистон Тоғли Қорабоғда ўтказилган президент сайловларини тан олмайди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик расмий вебсайтида эълон қилинган баёнотда айтилишича, "Ўзбекистон Республикаси дўст Озарбайжон Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлайди, унинг ички ишларига ҳар қандай аралашувни қоралайди ва 2023 йил 9 сентябрь куни Қорабоғда ўтказилган қўштирноқ ичидаги президент сайловларини тан олмайди".

Ўтган ой Озарбайжонга сафар қилган президент Шавкат Мирзиёев Тоғли Қорабоғнинг Фузулий шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган 950 ўринли мактаб очилишида иштирок этган эди.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Тоғли Қорабоғдаги сайловларни тан олмаслигини айтган эди.

Тан олинмаган "Тоғли Қорабоғ республикаси" (ТҚР) парламенти 9 сентябрь куни ўтган махсус йиғилишида 45 ёшли Самвел Шахраманянни ТҚРнинг янги президенти этиб сайлаган. Шахраманян президентликка ягона номзод бўлган.

Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро уруш ҳолатидадир. Халқаро ҳамжамият томонидан Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинади. Бу ҳудуд учун 1988-1994 йиллардаги урушда 30 минг киши ҳалок бўлган. Ўшанда минтақанинг асосий ҳудуди арманлар назорати остига ўтган ва юз минглаб озарбайжонлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.

2020 йилнинг кузида давом этган 40 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғни ўзига қайтарди.

Ўтган ҳафта ҳар икки давлат мудофаа вазирликлари чегарадаги янги тўқнашувлар ҳақида хабар берган.

XS
SM
MD
LG