Линклар

Шошилинч хабар
19 май 2024, Тошкент вақти: 04:06

Хитой Яқин Шарқдаги беқарорликдан манфаатдорми? ТАҲЛИЛ


Хитой ташқи ишлар вазири Ван Йи ўтган йилнинг 20 ноябрида Пекинда араб ва мусулмон давлатлари вазирларини қабул қилди.
Хитой ташқи ишлар вазири Ван Йи ўтган йилнинг 20 ноябрида Пекинда араб ва мусулмон давлатлари вазирларини қабул қилди.

Ҳизбуллоҳ Исроил шимолидаги стратегик ҳаво базасига ракета зарбасини берганидан кейин Яқин Шарқда зиддият янада кескинлашди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бу Хитойнинг минтақадаги нуфузи ва таъсирини ошириши учун қўл келиши мумкин.

Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ямандаги ҳусийларнинг Қизил денгиз тижорат кемаларига ҳужумлари, Теҳронга алоқадор гуруҳларнинг Ироқдаги АҚШ базасига зарба бериши, ИШИД зиммасига олган Эрон жанубидаги қонли портлаш ҳамда Ғазода давом этаётган уруш - Қўшма Штатлар ва иттифоқчиларининг Яқин Шарқда минтақавий кескинлашувни олдини олиш ҳаракатларига путур етказиши мумкин.

Бу вазият Хитой манфаатларига мос келади. Биринчидан, можаро АҚШ эътиборини Ҳинд-Тинч океанидан узоқлаштиради ҳамда Чин юртига Яқин Шарқда ўз таъсирини янада кучайтириб, дипломатик етакчилик қилиш имкониятини беради.

Хитой БМТ йиғилишларида Яқин Шарқдаги можарода Вашингтонни айблади.

Аммо Пекин Яқин Шарқда қанчалик таъсир кучига эга ва Хитой можародан минтақа ва ундан ташқарида ўз мақсадларига эришиш учун фойдалана оладими?

Хитой Исроил-Ҳамас урушига нисбатан эҳтиёткор муносабатда. Пекин можарода ташқи аралашувларга қарши ва бетараф бўлишга ҳаракат қилди.

Хитой ҲАМАСни очиқдан-очиқ қораламади, аммо Ғазода уруш кампаниясини кучайтирган Исроилни танқид қилди.

20 ноябрь куни Хитой Ташқи ишлар вазири Ван Йи араб ва мусулмон давлатлари вазирлари билан Пекинда учрашди ҳамда Ғазодаги урушни тўхтатишга қаратилган дипломатик ҳаракатларни муҳокама қилди.

«Хитой араб ва ислом давлатларининг яхши дўсти ва биродаридир. Биз араб ва ислом давлатларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар доим қатъий ҳимоя қилганмиз ҳамда Фаластин халқининг адолатли истагини доим қўллаб-қувватлаб келганмиз», деди Ван Йи.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги 3 январь куни Эронда ўнлаб одам ҳаётига зомин бўлган портлашни қоралади, аммо Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган жангари гуруҳларнинг Ироқдаги АҚШ базасига ҳужумини изоҳсиз қолдирди.

Эроннинг Кирмон шаҳрида 3 январь куни содир этилган теракт оқибатлари.
Эроннинг Кирмон шаҳрида 3 январь куни содир этилган теракт оқибатлари.

Баъзи хитойлик таҳлилчилар Қизил денгиздаги хавфсизлик муаммоси энергия нархи ошиши ва глобал савдони чеклаш орқали Хитой манфаатларига зарар етказишидан огоҳлантирган бўлса, бошқа экспертлар ҳужумларни имконият сифатида баҳоламоқда.

Қизил денгизда юк ташиш йўлларини тўсиб қўйилиши Хитой ва Европани боғловчи темир йўллардан кўпроқ фойдаланилишига сабаб бўлади.

«Хусийлар юк ташишнинг денгиздан қуруқликка силжишига билвосита ҳисса қўшди, бу АҚШнинг денгиздаги устунлигига путур етказди ва Пекиннинг глобал кўп қутбли халқаро стратегиясини илгари суради», дейди хитойлик таҳлилчилардан бири.

Хитойнинг таъсири ўсиб боряптими?

Хитой Яқин Шарқда ўзини нейтрал геосиёсий иштирокчи сифатида кўрсатди ва сўнгги йилларда Эрон ва Саудия Арабистони каби минтақавий етакчилар билан бирга ўз нуфузини оширди.

"Кеплер" агентлиги маълумотларига кўра, Хитой Саудия Арабистонидан энг кўп нефть сотиб олувчи давлат ҳисобланади.

Нефть ишлаб чиқариш бўйича эса АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради.

Хитой нефть импортининг ярми ва Хитойда ёқиладиган нефтнинг учдан бир қисмидан кўпи Форс кўрфази нефти ҳиссасига келади.

Хитой сўнгги икки йилда Эрондан нефть импортини уч баравар оширган.

Хитой, шунингдек, 2021 йилда нефть ва ёқилғи етказиб бериш эвазига Эронга 400 миллиард доллар сармоя киритишга ваъда берган эди, бироқ Ғарбнинг Теҳронга қарши санкциялари бу келишув шартларини амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Пекин дипломатияда ҳам фаол. 2023 йил июнь ойида Хитой Фаластин маъмурияти билан муносабатларини «стратегик шериклик» даражасига кўтарди. Хитой раиси Си Цзинпин Исроил-Фаластин можароси бўйича уч бандлик тинчлик режасини таклиф қилди.

2023 йил март ойида Пекин Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларни тиклашда ҳам воситачилик қилди. Бу эса Хитойнинг минтақада тинчликпарвар сифатидаги нуфузини оширишга ёрдам берди.

Расм- Хитойнинг БМТдаги элчиси Чжан Жун БМТ Хавфсизлик кенгашида
Расм- Хитойнинг БМТдаги элчиси Чжан Жун БМТ Хавфсизлик кенгашида

Ғазо секторида кўпроқ гуманитар коридорлар ташкил этишга чақирувчи резолюция ҳақида гапирди.

Ғазодаги уруш Пекиннинг илгари Яқин Шарқдаги яқин ҳамкори бўлган Исроил билан муносабатларига катта путур етказди.

«Агар Яқин Шарқдаги вазият ёмонлашишда давом этса, Яқин Шарқ раҳбарлари Хитой ва Яқин Шарқ ҳамкорлигининг асосий йўналиши бўлмаган хавфсизликка кўпроқ эътибор қаратиши муқаррар», деб ёзади бошқа бир таҳлилчи.

Ван Йи АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан Яқин Шарқда вазиятни барқарорлаштириш масаласини муҳокама қилганига қарамай, АҚШ Яқин Шарқ бўйлаб мулоқот қилиш учун етарли дипломатик кучга эга бўлган ягона куч сифатидаги ролини сақлаб қолди.

Фаластинликлар Хон Юнисдаги Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида вайрон бўлган бино вайроналари остида.
Фаластинликлар Хон Юнисдаги Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида вайрон бўлган бино вайроналари остида.

Агар беқарорлик давом этса, бу вазият охир-оқибат Хитойга акс таъсир кўрсатиши мумкин, деб ёзади Пекинда жойлашган Хитой халқаро муносабатлар институтининг Яқин Шарқ тадқиқотлари директори Ниу Синчун.

«Агар Яқин Шарқ тўлиқ миқёсдаги хаосга келса, минтақанинг энг йирик савдо шериги ва Яқин Шарқ нефтининг йирик харидори сифатида Хитой урушнинг энг катта қурбонга айланади», деб ёзади эксперт.

Ниунинг қўшимча қилишича, Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Яқин Шарқда ҳарбий базаси ёки қўшинлари бўлмаган ягона доимий аъзоси ва гап хавфсизлик масалалари ҳақида кетганда Пекиннинг таъсири заиф.

Форум

XS
SM
MD
LG