Линклар

Шошилинч хабар
18 июн 2024, Тошкент вақти: 18:24

Навальнийнинг ўлими: одамлар Борисов қабристонига гул олиб келишда давом этмоқда

1 март куни Москвада мухолифатчи, президент Владимир Путиннинг асосий рақибларидан Алексей Навальнийни дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Навальнийнинг Россия шимолидаги қамоқхонада вафот этгани ҳақида расмийлар 16 февраль куни хабар қилишган.

Навальний сафдошлари унинг ўлдирилганини айтишади.

Видолашув маросими Москванинг Навальний яшаган "Мариньо" туманидаги "Утоли моя печали" черковида бўлиб ўтди.

Қаттиқ хавфсизлик чораларига қарамасдан Навальний билан видолашиш учун минглаб одамлар келишди.

Навальний оиласига аввалига жасадни беришмаган, кейин эса у билан хайрлашишга рухсат берилмаган.

Алексей Навальний қарийб 10 йил – Борис Немцов ўлимидан буён – Россиянинг бош мухолифатчиси эди. Унга қарши таъқиблар, заҳарлаш, мамлакатдан чиқариб юборишга уринишларга қарамасдан Навальний Владимир Путин режими коррупциясини фош қилишда давом этди.

Алексей Навальний сўнгги уч йил қамоқда эканига қарамай, Россиядаги бош мухолиф сиёсатчи бўлиб қолди.

Ғарб раҳбарлари Навальнийнинг ўлими учун Путин масъул эканини айтишган.

АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Навальнийнинг ўлими муносабати билан Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий қилди.

Қабристон ёнида полиция навбатчилик қилмоқда

Москвадаги Борисов қабристонида полиция ходимлари навбатчилик қилмоқда, дея хабар беради “Можем объяснить” нашри. Бугун бу ерда мухолифатчи Алексей Навалний дафн этилиши керак.

Қабристон дарвозаси яқинида ЙПХ автомобили, Москва шаҳар хизматлари машиналари ҳамда автозак тургани айтилмоқда. Нашр мухбири фуқаро кийимидаги уч нафар Экстремизмга қарши кураш маркази ходимини кўрган, Борисов метро бекати ёнида эса полиция наряди кучайтирилган.

Полиция ходимлари қабристонга кирмоқчи бўлганларнинг паспортларини ва бу ерга келиш сабабини айтишни талаб қилмоқда, шунингдек шахсий буюмларини кўздан кечирмоқда.

RusNews ёзишича, қабристон атрофидаги ҳар бир симёғочга видеокузатув камераси ўрнатилган, дарвоза олдига тўсиқ қўйилган. Дафн маросими бўладиган черков ичида аудиоёзув ва видео тасвирга олиш тақиқланади, деб ёзилган плакатлар осилган.

Сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш дафн қилиш хизматлари Навалний жасадини етказиб беришдан бош тортаётганини билдирди.

“Дастлаб Алексей билан видолашиш учун маросимлар залини ижарага олишимизга йўл қўйишмади. Энди бўлса, черковда жаноза ўқиладиган пайтда дафн қилиш ташкилотлари агентлари биронта ҳам катафалк жасадни етказиб беришга рози бўлмаётганини айтишмоқда. Барча бригадаларга номаълум одамлар қўнғироқ қилиб, Алексейнинг жасадини олиб бориб берманглар, дея таҳдид қилишган”, деб ёзди Ярмиш.

Юлия Навальная: Маросим тинч ўтишига ишончим комил эмас

Алексей Навальнийнинг дафн маросими 1 март куни Москва вақти билан соат 14:00 да Марьинодаги "Утоли моя печали" Биби Марьям иконаси черковида ўтказилади, сўнгра сиёсатчи Борисов қабристонига дафн этилади. Мухолифатчи жамоаси жаноза ва дафн маросимини унинг YouTube каналида жонли ёйин қилишини маълум қилди. Шунингдек, Телеграм-бот очилиб, унда юрист ва консультантлар видолашув маросими билан боғлиқ барча саволларга жавоб берадилар.

Навальнийнинг беваси Юлия аввалроқ, оиласи жасадни олиш ва дафн маросимини ташкиллаштириш учун бир ҳафта курашганини таъкидлаган эди. “Маросим тинч ўтишига, эрим билан видолашиш учун келганлар ортидан полиция келмаслигига ишончим комил эмас”, деган эди у.

Юлия Навальная
Юлия Навальная

Россия Жазони ижро этиш федерал хизматининг Ямал-Ненец автоном округи бўйича бошқармаси Навалний ўлганини 16 феврал куни маълум қилган эди. Идора иддаосича, сиёсатчи “сайрдан сўнг ўзини ёмон ҳис қилган ва бир зумда ҳушидан кетган”. Жонлантириш чоралари натижа бермаган.

Навальний сафдошлари унинг ўлимини кейинроқ тасдиқлашди. “Алексей Навалний ўлдирилди. У онасига берилган расмий хабарномада ёзилгани каби, 16 феврал куни соат 14:17 да жон берган”, деб ёзди Кира Ярмиш.

Терговчилар Навальний жасадини ўтган шанба, 24 феврал куни онаси Людмила Навальнаяга топширишди. “Коррупцияга қарши кураш фонди” директори Иван Жданов терговчилар Людмила Навальнаядан ўғлини ортиқча овозасиз дафн қилишни сўраганини айтган эди. Бироқ сиёсатчининг онаси рози бўлмаган ва Тергов қўмитаси ходимлари томонидан таҳдидлар бўлаётгани ҳақида видеомурожаат билан чиқишга қарор қилган.

"Настояшчее время" телеканали Навальнийнинг дафн маросимидан жонли трансляция олиб бормоқда.

Кира Ярмиш: Навальний оиласига ҳали ҳам жасадни беришмади

"Яқинлари эрталаб соат 10 да Алексейнинг жасадини олиш учун ўликхонага етиб келишди. Жасадни ҳали ҳам беришгани йўқ. Ҳозирча график ўзгаргани йўқ, аммо афтидан, кечикиш бўлади", деб ёзди X тармоғида Навальнийнинг собиқ матбуот котиби ва ёрдамчиси Кира Ярмиш.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG