Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:24

Гулнора Каримова қамоқхонанинг “бош оғриғига айланган"


Гулнора Каримова Миландаги модалар ҳафталигида, 2009 йил
Гулнора Каримова Миландаги модалар ҳафталигида, 2009 йил

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги аёллар қамоқхонасида сақланаётган Гулнора Каримова муассаса маъмурияти учун бош оғриғига айланган.

Номини сир сақлаб Озодлик билан гаплашган муассаса мулозими буни, ВИП маҳкума Гулнора Каримованинг қамоқда бунт кўтарганига оид ОАВ хабарларига муносабат билдираркан таъкидлади.

8 июль куни блогер Кирилл Альтман аёллар колониясида жазо ўтаган собиқ маҳкума билан интервью эълон қилди. Бу суҳбат 2013 йилдан бери панжара ортида қолаётган 52 яшар Гулнора Каримованинг туғилган куни - 8 июль санасида берилди, аммо бу ҳақда умуман гапирилмади.

Зангиота туманидаги 21-сонли колония - Ўзбекистондаги ягона аёллар қамоқхонаси мулозимига кўра, Гулнора Каримова “хулқи, ўзини тутиши ва бошқа маҳкумаларни провокация қилиши юзасидан муассаса бошлиғи бир неча марта юқоридагиларга мурожаат қилган”.

Гулнора Каримова 2015 йилнинг 18 декабрида Тошкент шаҳар судининг ҳукми билан 10 йилга, 2020 йилнинг 18 мартида эса янги очилган жиноят иши доирасида 13 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

----------------------------------------
8 июль куни блогер Кирилл Альтман билан суҳбатлашган собиқ маҳкума Ўзбекистоннинг марҳум биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова қамоқда “бунт кўтарди” дея ҳикоя қилиб берди.

“У ишга чиқарди. Бир марта у бунт кўтарди. Кейин ҳамма 2 ярим соат тик оёқда турди, эшитишдик. Балки уни қоралашгандир, судлашгандир. Балки қамамасликлари керак эди. Бунисини мен аниқ билмайман. Лекин, қамоққа тушдингми, демак у ердаги тартибга амал қилишинг керак. Лекин, у тартибга амал қилмайди”, деди маҳкума.

Аёллар қамоқхонасида жазо муддатини ўтаб қайтган собиқ маҳкума, Альтман билан интервьюсида, Гулнора Каримованинг норозилик акцияси қачон бўлгани ва унинг вақтига ойдинлик киритмади.

Собиқ маҳкума блогернинг саволларига жавоб бераркан, Гулнора Каримова учун қамоқхонада VIP шароитлар яратилмагани, аксинча, унинг ўзи оддий отрядда жазо муддатини ўтаётгани ва 4 та жойни банд қилганини урғулади:

“У тўртта кароватни банд қилган ва ўзига чойшаблардан иборат девор ясаб олган. Кўп ҳолларда умумий ошхонадан овқатланмайди. Уни яқинлари озиқ-овқат билан таъминлайди. Бошқа маҳкумаларга қараганда унга кўпроқ миқдорда передача олишга рухсат берилган. У истаган нарсасига етиша олади. Кимни хоҳласа, ўша билан кўриша олади. Кўп ҳолларда у жазавага тушади. Хуллас, у ўзини ёмон ҳис қилаётгани йўқ”.

Озодлик сўзлашган бошқа собиқ маҳкумалар ҳам вазиятга шунга ўхшаш таъриф берди. Таҳририятнинг бу борадаги сўровини 21-сонли муассаса бошлиғи Гулрух Каримова жавобсиз қолдирди.

2021 йилнинг 14 апрелида яна ҳуқуқ фаоли, ҳукумат комиссияси таркибида аёллар колониясига кириб, Гулнора Каримовани шахсан кўрган Аъзам Фармонов ҳам маҳкуманинг аҳволи ҳақида Озодликка маълумот берган эди.

Аммо, оиласи узоқ муддат Каримова яқинларига кўрсатилмаётганидан шикоят қилиб келди.

Жумладан, қизи Имоннинг туғилган куни - 2023 йилнинг 16 июнь куни Гулнора Каримова билан учраштирилмагани ҳақида онаси Татъяна Каримова Facebookда пост қолдирганди:

“Неварам Имонни 25 ёшни қарши олгани билан табриклайман. Бахт, фароғат, меҳр-муҳаббат тилайман. Лекин, афсуски, бугунги гўзал кун қувончи тўкис эмас... КИН-21 аёллар колониясидаги қизим Гулнорани кўришга рухсат берилмади”.

Ижтимоий тармоқ фаоллари эса бу шикоятомуз постга ҳамдардлик билан эмас, аксинча, “Нима эксанг, шуни ўрасан” қабилидаги ғазабнок айбловлар билан муносабат билдирди.

Натижада, Ислом Каримовнинг беваси бу постни ўчириб ташлади.

Бу йилги туғилган кунига эса қизи Имон онаси Гулноранинг видеоларидан иборат бир пост қолдирди. Постига “С днём рождения” (Туғилган кунингиз билан) деган бир жумлани илова қилди, холос.

2023 йилнинг кузида Гулнора Каримова уй қамоғига чиқарилгани ҳақида норасмий маълумотлар тарқалганди. Хусусан, қизи Имоннинг Буюк Британиядан Ўзбекистонга тез-тез қатнай бошлагани шу норасмий хабар билан боғланган эди.

Озодлик манбалари, Гулнора асосий вақтини уйида кечирмоқда, фақат зарурат бўлгандагина қамоқхонага боради, деб иддао қилган. Аммо, кейинчалик ва ҳозирга қадар ҳам бу хабар расман тасдиқланмаган.

21-сонли аёллар колонияси маъмуриятининг номи сир тутиш шарти билан Озодликка ходимига кўра, Гулнора Каримова масаласи маъмурият учун ҳақиқий бош оғриғига айланган. Қамоқхона мутасаддиси Гулноранинг уй қамоғига чиқарилганига оид хабарларга ҳеч бир шаклда муносабат билдирмади.

Муассаса ходимига кўра, яқинлари билан кўришишга унга алоҳида имтиёзлар мавжуд эмас. Айрим ҳолларда унга кўришиш учун қонуний рухсат берилган пайтларда унинг ортидан ҳеч ким келмайди:

“Гулнора Исломовнанинг хулқи, ўзини тутиши ва бошқа маҳкумаларни провокация қилиши юзасидан муассаса бошлиғи бир неча марта юқоридагиларга мурожаат қилди. Бир томондан, тезкор ходимлар унга муомала қилишда эҳтиёт бўлишимиз тайинланган. Иккинчи томонидан, унга алоҳида мулозаматда бўлманглар, ҳам дейишган”.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи жазо муддатини ўтаётган чоғида тез-тез бундай норозилик уюштириб туриши, унинг жанжаллари ортидан қамоқхона маъмурияти Жазони ижро этиш Департаменти ва махсус прокуратурага бир неча марта мурожаат қилганини Озодликнинг бошқа манбалари ҳам тасдиқлади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят ижроия Кодекси талабларига кўра, ҳозирга келиб Гулнора Каримовани манзил колонияга ўтказиш ёки муддатидан аввал шартли озод қилиш муддатлари ўтиб бўлган.

Гулнора Каримова 2021 йилнинг мартида мактуб чиқариб, ўзининг “мунтазам қийноққа тутилгани"ни шеърий мисраларда баëн қилганди. Хат Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова ўз Telegram каналида эълон қилган.

Ўшанда Озодлик мурожаатига жавоб берган 21-сонли аёллар колонияси бошлиғи Гулрух Каримова маҳкумалар¸ хусусан, Гулнора Каримовага нисбатан қонунда белгиланмаган ҳеч бир ҳаракат қилинмаган, деб таъкидлаганди:

“Албатта, Гулнора Каримова ҳақида ëзиш журналист ўлароқ сизнинг ҳуқуқингиз. У қийноққа тутилмагани ва жазони ўташ шароити қонунда белгилангандай, деган гапимга ишонмасангиз, менинг бевосита раҳбарларим - Жазони ижро этиш Бош бошқармасидан қайта сўрашингиз мумкин”.

Ўзбекистон расмийлари қамоқда унга нисбатан босим ўтказилаётгани, ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида фарзандлари ҳамда адвокатининг иддаоларини рад этиб келади.

Гулнора Каримова 2015 йилнинг 18 декабрида Тошкент шаҳар судининг ҳукми билан 10 йилга, 2020 йилнинг 18 мартида эса янги очилган жиноят иши доирасида 13 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Каримова жиноий уюшма тузиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.

Бош прокуратура Каримованинг давлат ва одамларга келтирган зарари 1 трлн. 270 млрд 200 млн сўм, 1 млрд 651,8 млн АҚШ доллари, 26,1 млн евро деб баҳолаган.

У 2019 йил баҳоридан бери Зангиотадаги 21-сонли аёллар колониясида жазо муддатини ўтамоқда. Унга нисбатан чиқарилган жазо муддатларининг тегишли тартибда қўшилиб, неча йил қилиш белгиланганига оид маълумотлар мавжуд эмас.

АҚШ Адлия вазирлиги ҳузуридаги прокуратура идорасининг Нью-Йорк жанубий ҳудуди бўйича прокурори 2019 йилнинг 7 март куни Гулнора Каримовага нисбатан расмий айбловларни эълон қилган эди.

Каримова қарийб 10 йил давомида турли молиявий схемалар орқали акциялари АҚШ биржасида сотувга қўйилган уч йирик халқаро телеком ширкати – TeliaSonera, VimpelCom ва МTCдан жами 865 миллион доллар пора олганликда айбланади.

Адлия вазирлиги баëнотида таъкидланишича¸ Каримова АҚШнинг хориждаги коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунига кўра, ҳозирга қадар энг катта пора олганликда айбланган шахсдир.

Хориждаги суриштирувлар ортидан Гулнора Каримованинг Швейцария банкларидаги бир миллиард долларга яқин маблағи музлатилган эди.

2022 йилнинг февралида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Каримова ўзлаштирган мулкни мамлакатга қайтариш доирасида Франциядан 10 миллион АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтарилгани, яна 131 миллион АҚШ доллари қийматидаги активлар "Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр".

Аммо, Ўзбекистон ичи ва хориждаги жамоатчилик фаоллари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва таҳлилчиларда, қайтарилаётган бу пулларнинг халққа етиб боришига жиддий шубҳа бор.

Айниқса, ўтган йил октябрь ойида, ўз вақтида Гулнора Каримованинг жиноий шериги сифатида айбланган, қамалган ва сўнра ими-жимида қамоқдан чиқарилган Рустам Мадумаровнинг Ҳон Конгда ҳибсга олиниши бу шубҳаларни жуда кучайтирди.

Воқеа тафсилотларидан яхши хабардор манбалари, 2023 йилнинг октябрь ойида пул ювишда гумон қилиниб, Ҳонг Конгда қамоққа олинган Мадумаров бу давлатга ўз хоҳиши билан эмас¸ балки Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматидаги юқори лавозимли расмийлар буйруғи билан борган, деб даъво қилишганди.

Унга айнан Гулнора Каримовага алоқадор банк ҳисобидаги пулларни бошқа хусусий ҳисобларга ўтказиш миссияси юклатилганди.

2016 йилда ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев аввалига омма ўнгида ўзини Ислом Каримовнинг шогирди ва у бошлаган ишларнинг давомчиси сифатида тақдим этган бўлса-да, амалда унинг сиёсий меросидан масофаланишга қаратилган қатор ишларни амалга оширган.

Жумладан, мамлакат қамоқхоналаридаги ўнлаб сиёсий маҳкумларни озод қилган, минглаб одамларни қора рўйхатлардан чиқарган.

Татьяна Каримованинг ўзи ҳақида эса Мирзиёев “Фарғоналик келинлар” бир вақтлар водийни ғорат қилгани" ҳақида гапирганди.

Ижтимоий тармоқ фаоллари ва оддий ўзбекистонликлар кўпинча Мирзиёев қизларининг отаси администрацияси ва ҳукуматда юқори лавозимларга тайинланиши ҳамда куёвларининг бизнес манфаатлари билан Гулнора Каримованинг бошига тушганлар ўртасида мунтазам параллел ўтказишади.

Форум

XS
SM
MD
LG